13.09.2018

СУРХОНДАРЁЛИК ПАРТИЯДОШЛАРИМИЗ, ДЕПУТАТЛАР ГАЗЕТА ЎҚИМАЙДИМИ?

Глобаллашув жараёнида яшаяпмиз. Бугунги тезкор ва шиддатли замонни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сиёсий партиялар учун эса, албатта, партия матбуоти муҳим аҳамиятга эга. Жойлардаги партия ташкилотлари иш тажрибаси, депутатларимиз фаолияти, таклифлари, партиямизнинг Олий Мажлисдаги фракцияси, ЎзХДП Марказий Кенгаши тадбирлари, қарор ва тавсиялари ҳақида асосан «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари орқали билиш мумкин. Бунинг учун аввало партия нашрларига обуна бўлиш керак, албатта. Партия фаоллари, аъзолари ўз партиялари нашрларига обуна бўлмаслиги эса биринчидан, партия фаолиятидан бехабарликни, ўрганиш, изланишга қизиқиш сустлигини, сиёсий билим етарли эмаслигини билдиради.

 

Бу масалада Сурхондарёдаги аҳвол билан танишишга ҳаракат қилдик.

— Ҳозирги кунда воҳада 13 туман, бир шаҳар Кенгаши фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — 37 минг нафардан ортиқ аъзони бирлаштирган 670 га яқин бошланғич партия ташкилоти бор. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида Ўзбекистон ХДПдан сайланган 19, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 126 нафар депутат иш олиб бормоқда.

Обунани намунали ташкил қилиш учун ўтган йили Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан махсус дастур ишлаб чиқилган эди. Унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари масъуллари «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарига икки нусхадан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари эса бир нусхадан йиллик обуна бўлишлари тавсия қилинганди.

Хўш, натижа қандай бўлди? Тўғрисини айтганда, кўзланган мақсадга эришолмадик. Вилоят бўйича газеталаримизга партия ташкилотларида 1400 нусха «Ўзбекистон овози»га 1000, 400 нусха «Голос Узбекистана»га обуна расмийлаштирилиши кўзда тутилган эди. «Ўзбекистон овози» режаси — 50-55, «Голос Узбекистана» эса 35-40 фоизга уддаланди, холос.

Тўғри, Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон туманлари ҳамда Термиз шаҳрида бу борадаги кўрсаткичлар яхши. Аммо Шеробод, Сариосиё, Музработ, Қизириқ туманларида «Ўзбекистон овози»га 7-13 та, «Голос Узбекистана»га эса бор-йўғи 3-8 нусхадан обуна ташкил қилинди...

Маҳаллий Кенгашлардаги 145 нафар депутатимизнинг кўпчилиги ташаббускор ва фидойи инсонлар ҳисобланади. Халқнинг дарду ташвиши билан яшаётган сафдошларимиздан фахрланамиз, албатта. Лекин Сари­осиё, Шеробод, Музработ ва Қизириқ туманларидаги аксарият депутатлар ярим йилга обуна бўлгани ёки айримлари обуна бўлишни умуман унутиб қўйгани маълум бўлди.

Ҳудудлардаги ҳолатни ўрганиш мақсадида вилоят марказидан қарийб 200 километр олисда жойлашган Сариосиё туманида бўлдик. Ўзбекистон ХДП туман кенгаши партиямиз нашрларига икки нусхадан обуна бўлган экан.

— Халқ депутатлари туман Кенгашида 8 депутатимиз фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Сариосиё туман кенгаши раиси Рустам Рамазонов. — Уларнинг барчаси «Ўзбекистон овози»ни, 5 нафари эса «Голос Узбекистана»ни олаяпти. Мавжуд 41 бошланғич партия ташкилотининг аксариятида обуна ташкил қилинган. Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон овози»га 31 нусха, «Голос Узбекистана»га 7 нусха обуна расмийлаштирилган.

Унинг маълумотлари кишини қувонтиради, албатта. Аммо Сариосиё туман «Матбуот тарқатувчи» шуъба корхонаси ва «Сариосиё почта» алоқа тармоғидан олинган маълумотда эса бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Ҳозирги кунда туман бўйича «Ўзбекистон овози»га ҳаммаси бўлиб 11 нусха, «Голос Узбекистана»га эса 2 нусха обуна борлиги аниқланди. Газеталар туман ҳокимлиги, Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, Узун давлат ўрмон хўжалиги, «Сурхон телеком» Сариосиё туман бўлими, ҳарбий қисм, Мурувват уйи ва Ўзбекистон ХДП Сариосиё туман Кенгашига етказиб берилаётган экан. Бу эса сариосиёлик депутатлар ва фаолларимизнинг кўпи партия нашрларини ўқимаслигидан далолат беради. Депутат газетага обуна бўлиш орқали ўзи аъзо бўлган партия бугунги кунда қандай ишлар билан бандлигини, мамлакатда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишади. Бошқа депутатларнинг намунали ишларидан хабардор бўлиб, ўз фаолиятига баҳо беришни ўрганади.

Ўзбекистон ХДП Шеробод туман Кенгашида эса бу борада аҳвол янада ачинарли. 2018 йил учун туманда барча соҳалар бўйича жами 13 нусха обуна расмийлаштирилган, холос.

— Шу йилнинг июнь ойида иш бошладим, — дейди Ўзбекистон ХДП Шеробод туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Икром Бўронов. — Тўғрисини айтганда, муаммолар тўпланиб қолган экан. Ўрганишлар давомида туман Кенгаши сессияларига долзарб масалалар киритилмагани аниқланди. «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилганини тан олиш керак. Шу билан бир қаторда обунага ҳам панжа ортидан қаралганини инкор қилиб бўлмайди. Туманда 31 бошланғич партия ташкилоти, 2 минг 800 дан ортиқ партиядошимиз бор. Туман Кенгашида 10 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда. Обуна режаси эса 10-21 фоизга бажарилгани ачинарли, албатта. Муаммога ечим топиш учун ҳозирданоқ ишга янгича муносабат ва ўзгача масъулият билан ёндашаяпмиз...

— Тўғри, бепарво фаолларимиз бор, — дейди Ўзбекистон ХДП Жарқўрғон туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Алишер Маматмуродов. — Бир гап бўлар, қабилида иш юритаётган масъуллару лоқайд депутатлар учрайди. Энди кечаги кун билан яшаб бўлмаслигини ҳис қилишимиз керак. Бунинг учун матбуот бизга яқин кўмакчи бўлишига ишонаман. Бизда 14 нафар депутатнинг барчаси обуна бўлган. Туманимизда жами обуна 150 нусхага яқин. Келгуси йилда уларнинг сони 170 тага етиши кўзда тутилган.

— Яқин-яқингача матбуотда танқидий-таҳлилий чиқишлар жуда кам бўлган, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Баҳодир Тоғаев. — Юртдошларимизни қийнаётган масалалар деярли кўтарилмасди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўзбек матбуоти ҳақиқий маънода тўртинчи ҳокимият мақомига эга бўлиш учун курашмоқда. Бугун камчиликлар рўй-рост гапирилмоқда.

«Ўзбекистон овози»да Хоразм, Навоий, Қашқадарё вилоятларидан қатор танқидий-таҳлилий мақолалар берилди. Партиявий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги чиқишларда ҳам давр руҳини сезиш мумкин. Бу қувонарли, албатта. Аммо биз томошабин бўлмасдан бу жараёнларда фаол қатнашишимиз керак.

Жойларда матбуот нашрларини ўқувчиларга етказиб бериш ва сотувини йўлга қўйиш борасида ҳам оғриқли нуқталар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу эса муштарийларнинг кундалик матбуотга бўлган ишончини йўқотмоқда, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.

— Етмиш ёшдаман, — дейди Денов туманининг «Меҳнатобод» маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдусамад Бобоюсупов. — «Ўзбекистон овози»ни кўп йиллардан буён мутолаа қиламан. Ўтган йили обуна бўлолмаганим учун туман марказида жойлашган газета-журнал сотиладиган шохобчага қатнайман. Баъзан сотувчи «Ўзбекистон овози» сотилиб кетганини айтади. Бошқасида эса партия нашрлари йўқ экан. Наҳотки олис ҳудудларда газета-журнал савдосини намунали ташкил қилиш имконияти бўлмаса?!

— Ютуқ бор жойда камчилик бўлиши табиий, — дейди Денов туман «Матбуот тарқатувчи» шуъба корхонаси бошлиғи Нормамат Жумаев. — Ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда муаммоларни бартараф қилаяпмиз. Ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари 40 номдан ортиқ 12 минг нусхага яқин газета-журнал қабул қиламиз. Унинг асосий қисми обуначиларга етказилса, қолгани сотувга чиқарилади. 370 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган туманда 5 дона матбуот шохобчаси камлик қилиши табиий. Шундай экан, яна бир нечта кўчма дўкон фаолияти йўлга қўйилса яхши бўларди.

— Матбуот — ҳаёт кўзгуси, — дейди Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасидаги ЎзХДП бошланғич партия ташкилоти етакчиси Чори Қорақулов. — Ундан нафақат мамлакатимиз, балки, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан ҳам хабардор бўламиз. Қисқаси, ахборот асрида матбуотнинг ўрни ва роли кундан-кунга ошмоқда.

Хўш, биз оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланаяпмизми?! Афсуски, йўқ! Айни кунларда туманда 2 мингдан ортиқ корхона ва ташкилот бор. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишидаги мажмуалар йил сайин кўпаймоқда. Аммо бошланғич партия ташкилотларимиз сони бор-йўғи 41 тани ташкил қилар экан. Бу эса фаолиятимиз тизимли ва тўғри йўлга қўйилмаганидан далолат беради.

Бу каби фикрларни кўпчиликдан эшитдик. Дарҳақиқат, матбуот қадрини билган билади, ундан самарали фойдаланади. Матбуот қандай кучлигини билмаган киши унга обуна бўлиш ёки сотиб олиб ўқиш ҳақида ўйламайди ҳам.

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва аъзоларининг партия нашрларига бундай муносабати кишини ўйга толдиради. Эҳтимол, улар Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан партия газеталарига обуна бўлишлари тавсия этилганидан ҳам бехабар бўлишса керак? Буниси майлия, партияга аъзоликлари эсларидан чиққан бўлмасинда...

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.