25.08.2018

ЯХШИ ВА ЯҚИН ҚЎШНИЧИЛИК ЭНГ АВВАЛО ОДДИЙ ХАЛҚ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Хабарингиз бор, яқинда Тожикистон Президентининг юртимизга расмий давлат ташрифи ўзбек-тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Яхши ва яқин қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида келишувлар имзоланди. Ўзаро муносабатларда юксак ижобий ўзгаришлар кутилмоқда.

Айтиш керакки, халқимиз бундан жуда хурсанд. Турли соҳа вакиллари, парламент аъзолари, партия фаоллари мазкур ташриф хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.



Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Биз ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттирамиз», деб таъкидлаган эди. Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи бу қарор изчил равишда амалга оширилаётганига яна бир яққол мисолдир.

Икки қардош давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. 2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди. Бунда транспорт воситалари ва хизматлари, тўқимачилик ва пластмасса маҳсулотлари, маиший техника воситалари асосий ўринни эгаллади.

2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2017 йилнинг шу давридагига нисбатан 35 фоиз ўсган. Ўзбекистонда тожик бизнеси вакиллари иштирокидаги 24 корхона фаолият кўрсатмоқда. Тожикистонда эса юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган 9 корхона бор. Ўтган йили Тожикистонда мамлакатимизнинг 6 «Савдо уйи» очилди. Жорий йил февраль ойидан эса Тошкентда Тожикистоннинг «Савдо уйи» иш бошлади.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан биринчи навбатда, оддий халқ манфаат кўрмоқда. Чегаралардаги бир қатор назорат постларининг қайта очилгани жамоатчилик, хусусан, чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Расмий давлат ташрифлари Ўзбекистон — Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Томонлар энг мураккаб масалаларни ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ҳар икки мамлакатнинг манфаатларини бирдек ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар. Учрашувлар давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб берди.

Тожикистон Президентининг юртимизга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Айтиш керакки, имзоланган шартнома ва келишувлар салмоғи жуда юқори.

Тожикистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди. Ҳар иккала давлат Парламентида тузилган парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолияти билан боғлиқ масалаларда фикр алмашилди. Икки давлат Парламентлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари келишиб олинди.



Меҳрожиддин ДАРХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

Ўзбек ва тожик халқларига шундай таъриф беришади: «икки тилда сўзлашувчи бир халқ». Дарҳақиқат, халқларимиз географик жойлашуви, турмуш тарзи, маданияти, урф-одати бир-бирига жуда яқин. Асрлар давомида қавму қариндош бўлиб яшаб келишмоқда.

Давлатимиз раҳбари сайловолди дастурида мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни санаб ўтар экан, Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан фақат дўст бўлишига алоҳида урғу берган эди. Орадан кўп вақт ўтгани йўқ, қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида чегаралар очилиб, темир деворлар, сим тўсиқлар ўрнини дўстлик дарвозалари, меҳр-оқибат ришталари эгаллади.

2016 йилнинг сентябридан ҳозирги кунга қадар давлатимиз раҳбари ва Тожикистон Президенти ўртасида тўрт марта учрашув, бир қатор телефон мулоқотлари ўтказилди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларни қардош мамлакатлар халқлари манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтариш учун биргаликда ишлашга тайёр эканликларини бир неча маротаба қайд этишди. Икки халқ дўстлигининг равнақ топиши учун қулай муҳит яратилиб, энг яхши анъаналаримиз қайта тикланаётгани қувончли воқеа, албатта.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри Тожикистон билан чегара ҳудудида жойлашган. «Бунёдкор» маҳалласига кириш учун Тожикистон чегараси орқали ўтиш керак. У ерда 892 нафар аҳоли 142 хонадон, 174 оилада истиқомат қилади. Партиянинг тарғибот тадбирлари, фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш турли қийинчиликларни туғдирарди. Кўпинча одамларнинг саволларига жавоб тополмасдик. Маҳалла аҳли шаҳар марказига бориш учун чегарадан паспорт режими асосида қийинчилик билан ўтарди. Маҳаллада болаларнинг таълим олиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, ичимлик сув, ички йўллар аҳволи танглашган, одамларда умидсизлик кучайганди. Айниқса, қуда-анда бўлган оилалар тақдирига ҳеч ким эътибор қилмас эди.

Президентларнинг давлат ташрифлари чоғида икки мамлакат раҳбарлари дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича келишувларни имзолади. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон — Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, Бекобод шаҳар «Бунёдкор» маҳалласи аҳолиси бундан жуда хурсанд бўлди. Уларнинг ҳаётида ўзига хос ўзгаришлар юзага келди. Ҳадик ва хавотир ўрнини эмин-эркин яшаш завқи эгаллади.



«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.