Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.08.2018

БЕЛАРУСЬ ҚАЛБИ ЎЗБЕК СЎЗИ УЧУН ОЧИҚДИР

Тарих ўтмишда солинган изларни ҳеч қачон унутмайди, у ҳеч қачон вақтни сокингина қўриқлаб ўтирмайди. Тарих ҳамиша очиқ ва ойдин, ўтган даврлар ҳақида ҳикоя қилиш учунгина эмас, балки қандай ўй ва фикрлар ҳамда тасаввурлар билан эртанги кунни қуришни ўргатиш учун ҳам доимо ўзидан хотиралар қолдиради. Ортга, ўн йилликлар нарига назар солиб, Ўзбекистон ва Беларусни боғлаган кўплаб ришталар бўлганлигини кўриб, одам беихтиёр ҳайратга тушади. Бизнинг миллий адабиётларимизни боғлаб турадиган, уларни бирлаштирадиган кўп жиҳатлар бор.



Александр КАРЛЮКЕВИЧ, Беларусь Республикаси ахборот министри:

Бир нечта лавҳаларда ўзбек-беларусь адабий алоқалари қиёфасини чизиб беришга ҳаракат қиламан.

1930 йиллардаёқ ўзбек китобхонига беларусь халқ ўланчиси Янка Купаланинг номи маълум эди. 1932 йилда Ўзбекистонда меҳмон бўлган ёзувчилар Петро Глебка, Илларион Барашка, Микола Хведорович ўзбекистонликларга Янка Купала ижоди ҳақида сўзлаб беришди. 1942 йилда ўзбек матбуотида унинг асарларидан қилинган дастлабки таржималар босилди. «Қизил Ўзбекистон» («Ўзбекистон овози») газетаси Янка Купаланинг «Беларусь партизанларига» номли машҳур шеърини чоп этди. 1942 йил 7 июлда Янка Купала вафот этгандан кейин Беларусь Фанлар академияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бевосита иштирокида Беларусь халқ ўланчисининг ижодига бағишланган илмий анжуман ташкил қилди. 1943 йил 27 июнда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетида (ЎзМУ) Янка Купала шарафига ўтказилган илмий конференцияда беларусь ва ўзбек адабиётшуноси, шоир ва таржимон Степан Лиходиевский маъруза қилди. Қайд этиш керакки, Степан Лиходиевский кўп йиллар Тошкентда яшаб, ўзбек адабиётини рус ва беларусь тилларига таржима қилиш борасида катта ишлар қилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкент Якуб Колас учун қадрдон шаҳарга айланди. Уруш йилларида Ўзбекистон пойтахтида унинг китоблари босилди.

Тарихга назар ташлаб, 1932 йилда беларусь ёзувчиларининг Тошкентга сафари беларусь адабиётида Ўзбекистон ва ўзбек адабиёти мавзуси туғилишига асос бўлганини таъкидлагим келади. Ўшанда беларуслик ижодкорлар Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Қўқон шаҳарларига сафар қилишган. Микола Хведоровичнинг сафар таассуротларига бағишланган «Ўзбекистонга» номли шеърида ўзбек деҳқонлари, пахтакорларининг меҳнатига тасаннолар айтилган.

1930 йилларда Ўзбекистонда беларусь адабиёти кечалари ўтказилган. Бунда қатнашган беларусь шоири Андрей Александрович кейинчалик шундай деб ёзганди: «Биз ўз асарларимиз қаторида қардош халқлар шеъриятидан қилган таржималаримизни ўқидик. Бу учрашувлар ўзаро ижодий муносабатлар ўрнатилишига кўмак берди, қардошлик туйғулари ва халқлар дўстлигини ривожлантирди».

Тез орада ўзбек шоири Уйғун 1936 йилда Минскда меҳмон бўлиб келди. Орадан йиллар ўтиб, Уйғун: «Мен ўттиз йиллар аввал танишган эдим. Ўшанда мен Минскда ёзувчи ва шоирларнинг катта йиғинида қатнашгандим. Лекин Якуб Коласнинг ижодини бундан ҳам аввалроқ билардим. Мен қатор жаҳон шоирлари ижоди қатори Якуб Колас ижодидан ҳам ўрганганман».

Якуб Колас ва Тошкент бу алоҳида мавзу. Агар шоирнинг Тошкентдаги ҳаёти ҳақида йўл кўрсаткич яратилса, ундан кўплаб газета, журнал ва нашриётларнинг номлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шоир яшаган уй, уруш пайтида дўстлашган ўзбек шоир ва ёзувчиларининг исм-шарифлари ёзилган жуда кўп саҳифалар ўрин олади. Якуб Колас Тошкент, Ўзбекистонга кўплаб шеърлар бағишлагани бежиз эмас.

Беларусь ёзувчилари, таржимонлари ҳам ўзбек адабиётини фаол равишда ўзлаштириб, Шарқ ўлкасининг бой тарихи ва бугунги кунини акс эттирувчи асарларни беларусь ўқувчисига етказишга ҳаракат қилдилар. 1946 йилда «Чырвоная змена» газетасида Ойбекнинг «Навоий» романи ҳақида мақола босилди. 1948 йил 15 майда Беларуснинг бирйўла иккита етакчи газетаси «Звяздза» ва «Советская Белоруссия»да Ойбекнинг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалари чоп этилди.

1966 йилда таниқли беларусь ёзувчиси Алексей Кулаковский «Ўзбек ҳикоялари» номли тўплам тузди. Шу йили ўзбек шоирлари шеърларидан тузилган «Солнце в арыках» номли тўплам беларусь тилида чоп этилди. Бу иккала китобнинг сўзбоши муаллифи — профессор Лазиз Қаюмов эди. 1959 ҳамда 1966 йилларда Минскда ўзбек эртаклари тўплами нашр этилди. 1967 йилда Минскда Зулфиянинг «Лирика» номли шеърий тўплами Эди Огнецвет кириш сўзи билан нашр қилинди. Айтиш керакки, Эди Огнецвет Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентда яшаган. Унинг бир қанча шеърий тўпламлари Тошкентда босилган.

Зулфия беларусь адабиёти тарғиботи учун кўп ишларни амалга оширган. У Янка Купала, Эди Огнецвет, Максим Танк шеърларини ўзбек тилига ўгирди, Янка Купала ижоди ҳақида қатор мақолалар ёзди. 1981 йилда «Гулистон» журналида Янка Купаланинг машҳур «Ким келяпти?» шеъри ўзбек тилида чоп этилди. Бу таржима Минскда ҳам уч марта, жумладан, 2017 йилда Янка Купала шеърларининг 1001 тилга қилинган таржимаси жамланган китобда босилиб чиқди. Ўзбек таржимонларининг бу каби ибратли ишлари талайгина. Масалан, Владимир Корбан масаллари, Кастуся Киреенко, Владимир Короткевич, Ригор Бородулин, Павел Ковалёв шеърлари ўзбек тилида жаранглаган.

1985 йилда Зулфиянинг беларусь тилида нашр этилган шеърий тўплами «Менинг юрагим шундай» деб аталади. Беларусларнинг ҳам худди ўзбеклар каби диллари, юраклари дўстлар учун очиқдир. Бугун ўртадаги масофаларга қарамай, ўзбек-беларусь адабий алоқаларини янада ривожлантиришга барча имкониятлар мавжуд.



DB query error.
Please try later.