Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.07.2018

АКЦИЯДАН МАҲРУМ ЭТИЛГАН АКЦИЯДОРЛАР

Ёки тўққиз ярим йилдан сўнг даъвогарлар даъвоси нега қониқтирилди?

Акциядор, яъни эскичасига айтсак, пайчи бўлишдек мулкий ҳуқуқ айнан мустақиллик туфайли қайта юзага келди. Акциядорлик жамиятлари, акциядорлар, уларнинг ҳуқуқлари, мулклари ҳақида ўтган йилларда қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, қабул қилинди.

Афсуски, акциядорларнинг дивиденд олиши у ёқда турсин, ўзининг мулки бўлган акциясини сақлаб қолиш, ҳимоя қилиш учун судма-суд сарсон бўлиб юрган ҳоллар ҳам йўқ эмас.

... 2004 йил 24 март куни «Хонқа дон маҳсулотлари» ОАЖ акциядорларининг умумий йиғилиши бўлиб, кун тартибида 9 масала кўрилади. Ҳисоботдан маълум бўладики, 2003 йилни акциядорлик жамияти 189 миллион 640 минг сўм соф фойда билан якунлаган ва номинал қиймати юз сўмлик бўлган ҳар бир акцияга 57 сўмдан дивиденд тўланган. Бир йил давомида жамиятда янгидан иш ўринлари очилган, бўрдоқичиликка ихтисослашган янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилган. Аммо корхона ишлаб чиқариш жиҳозлари эскирганлиги, цехлар тўла қувват билан ишламаётгани, эски жиҳозларни замонавийларига алмаштириш орқали сон ва сифат ўзгаришига эришиш учун қўшимча маблағ зарурлиги инобатга олиниб, йиғилиш қарори билан янгидан 2 933 418 дона, ҳар бирининг қиймати юз сўмдан бўлган қўшимча акциялар чиқаришга келишилган. Акциядорларнинг ушбу йиғилиши 16 банддан иборат қарор чиқарган. Йиғилишда жамиятнинг йирик акциядори бўлмиш давлат органи — «Ўздонмаҳсулот» ДАКнинг иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Бўрибой Қазибеков иштирок этган ва сўзга чиқиб, бу режа ва қарорларни маъқуллаган.

Чиқарилган акцияларнинг 73 335 500 сўмлик акциялари жамият устав фондидаги давлат улуши сифатида жойлаштирилган. Қолган акцияларни эса эркин савдода сотиш назарда тутилган ва айнан шу акцияларни олиш истагида бўлган 23 нафар фуқаро билан олди-сотди шартномалари тузилган. Улардан 9 нафари олдиндан жамиятнинг акциядори бўлиб, 174153 дона акцияга эга эди.

... Орадан кўп эмас, оз эмас, роса тўққиз йил-у олти ой ўтади. Бу вақтда акциядорлик жамиятлари раҳбарлари алмашади, акциядорларнинг кўпчилиги ўз акцияларини бошқаларга сотадилар ёки ҳадя қиладилар. Ўтган салкам 10 йил муддатда бу 23 нафар фуқаро ўз илкидаги акцияларга қанча миқдорда дивиденд олишди, умуман олишдими? Бу энди бошқа масала. Негаки, улар кейинчалик юқорида эслатганимиздек, акциядорлик жамиятида ишламаганликлари учун четда қолиб кетишади. Жамиятнинг кейинги раҳбарлари уларнинг акциядорлик жамияти акциядорлари умумий йиғилишларига таклиф қилиш у ёқда турсин, жамиятга яқинлаштирмайдилар ҳам.

... 2014 йил 11 январда «Ўздонмаҳсулот» АК собиқ бошқарув раиси Эркин Қудратовнинг буйруғи ­билан Равшанбек Абдуллаев ­«Хонқа дон маҳсулотлари» АЖ бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланади. Ишонасизми, «вақтинча тайинланган раҳбар» жамиятнинг 2004 йил 24 мартдаги умумий йиғилиши қарорини ноқонуний деб топишни сўраб, хўжалик судига даъво аризаси киритади.

Хоразм вилояти хўжалик судининг 2014 йил февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўла қаноатлантирилади. Кассация инс­танцияси судининг 2014 йил 28 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раёсатининг 2014 йил 31 июль №02/17 қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилади. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2014 йил 10 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси талаблари рад этилади.

Қачондир акция сотиб олган фуқаролар судма-суд юрганларида уларнинг акциялари аллақачон сотиб юборилган экан.

«Акция эмас, бош оғриғи сотиб олган эканмиз, — дейди собиқ акция эгаси Дилором Рўзметова. — Қани, ўз вақтида шунча миқдор акциямга беш-ўн сўм дивиденд олган бўлсам. Ахир бундан ўн тўрт йил муқаддам сотиб олганим — илкимдаги акциялар қиймати ўша вақтдаги қийматларда 40 миллион сўм атрофида эди. Қайтангга, судма-суд юриб, яна адвокатлар учун қанча маблағ сарфладим...»

... Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди 2016 йил 24 февралда ҳал қилув қарори чиқариб, унда Равшанбек Абдуллаев 2014 йил 11 январдан 2015 йил 24 августгача бўлган даврда «Хонқа дон маҳсулотлари» АЖ бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимини ноқонуний эгаллаб келганини қайд этади. Чунки акциядорлик жамияти низомига кўра раисни, ҳатто бу вазифани вақтинча бажарувчи шахсни ҳам фақат акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки жамият кузатув кенгаши тайинлаши мумкин. Ваҳоланки, компания раисининг бир имзоси билан раҳбар бўлиб олган Р.Абдуллаев орадан салкам 10(ўн) йил ўтгач, собиқ акциядорлардан акция­ларни тортиб олиш бўйича судга даъво аризаси киритган.

Ўзи лавозимни ноқонуний эгаллаган раҳбардан суд даъво аризасини олиш ва уни ҳеч иккиланмай қаноатлантириши мумкинми? Мумкин экан-да!

2014 йил 22 июлдаги № 13/101-14 сонли назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ­раёсатига протест киритади ва бир қатор асослар билан хўжалик ­судларининг барча босқичлари қарорларини бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўрайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 2015 йил 4 мартдаги қарори билан «Хонқа дон маҳсулотлари» АЖ нинг 2004 йил 24 мартдаги умумий йиғилиши қарори тўла бекор қилиниб, 23 нафар фуқарога, яъни акция олиб, туфли-ю этиклари судларга қатнаб тўзиган одамлардан барча акцияларни «Хонқа дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти эгалигига қайтариш белгиланади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиз деб белгилаб қўйилган.

Яна Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди, дейилган.

Ушбу Қонун кучга кирганидан кейин хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, суд томонидан ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмаслиги ҳам қатъий белгиланган. Сўнгги суд жараёнларида бош даъвогар бўлган «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси «Хонқа дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти устав фондининг 51 фоизини эгаси бўлган акциядор, давлат бошқарув идораси ҳисобланади.

Демак, юқоридаги моддий ҳуқуқ нормалари талабига кўра, давлат органи бўлган «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси низолашилаётган акциялар бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Шундай деймиз, қонунни рўкач қиламиз-у, амалда давлат органи ҳисобланмиш акциядорлик компанияси бош даъвогар бўлиб, судда енгиб чиққанини кўриб таажжубимиз ошиб, ёқамизни ушлаймиз.

Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунида эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини жойлаштириш муддати тугаган пайтдан эътиборан бир йилни ташкил этиши белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-154-моддаларида даъво муддатига оид қоида киритилган бўлиб, унга кўра даъво муддати — бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддат бўлиб, умумий даъво муддати уч йилдир.

Давлат мулк қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси 2012 йил ноябрь ойида фуқаролик ­ишлари бўйича Урганч туманлар­аро судида олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан даъво қўзғатди. Бу иш фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2013 йил 9 июлдаги ажримига асосан иш юритишдан тугатилган.

Собиқ акциядорларга айланган кишиларнинг сабр-бардошига қо­­йил қоласиз. Неча йилки Урганч, Нукус, Навоий ва Тошкент орасида ўз мулкини ҳимоя қилиб сарсон-саргардон юришди.

Яна бир қизиқ ҳолат акциядорлик компанияси манфаатларини ҳимоя қилган суд инстанциясининг ўша 23 акциядорнинг аксари ­«Хон­қа дон маҳсулотлари» АЖнинг ўша вақтдаги раҳбарига қариндош эмиш.

Биринчидан, қариндошлик даражаси ўрганилганми, иккинчидан, ўша вақтда амалиётда бўлган қонунларимиз, меъёрий ҳужжатларда акция­дорлик жамиятларининг Қимматли қоғозлари — акцияларини фуқароларнинг фалон қатлами сотиб олсин, қариндош-уруғларига сотилмасин, деган кўрсатма ёки белгиланган тартиб борми? Қолаверса, акциялар эркин савдога чиқарилганда уни истаган фуқаро сотиб олиши мумкин, бунда қариндошлик асосида сотиб олмаслик, сотмаслик инсон ҳуқуқларини бузиш саналади.

Суд ўз қарорини асослаш учун ўша акциялар учун тўловларнинг бир қисми шартнома тарафдорлари томонидан эмас, балки «Саховат-нон-Темурбек» хусусий корхонаси томонидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилганини таъкидлайди. Бу ҳолат Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 15 апрелда рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида»ги Низомнинг «маблағлар олувчиларнинг розилиги мавжуд бўлганидан қатъи назар, маблағлар олувчиларнинг талаб қилиб олинадиган депозит счётини четлаб ўтган ҳолда мижознинг топшириғи бўйича учинчи шахслар томонидан тўловларни амалга оширишга йўл қўйилмаслиги» тўғрисидаги 4-банди қоидаларига хилоф эканлиги кўрсатилади. Ваҳоланки, «Саховат-нон-Темурбек» хусусий корхонаси томонидан пул ўтказиш йўли билан амалга оширилган тўловлар тўғридан-тўғри маблағ олувчи «Хонқа дон маҳсулотлари» АЖнинг талаб қилиб олинадиган депозит счётига ўтказилган. Яна айнан Адлия вазирлигида рўйхатга олинган, «Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида»ги Низомнинг 102-бандида агарда шундай ҳолатлар рўй берганда банк жавобгар эканлиги белгиланган.

«Саховат-нон-Темурбек» хусусий корхонаси эгаси ким эди, бу тўловларни нима мақсадда амалга оширди, каби саволлар эътибордан четда қолган. Балки, бу хусусий корхона акция сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга тегишли бўлгандир? Бундай ҳолатда ўзининг хусусий корхонаси маблағи акциядорлик жамияти тараққиёти учун ўтказилгани — акцияларни сотиб олгани наҳотки қонун бузилиш саналса. Ахир шу маблағлардан акциядорлик жамияти иш фаолияти учун фойдаланди-ку! Ўтган 10(ўн) йил ­муддатда бу пуллар акциядорлик жамияти ғазнасида «болалаб», унга қанчалик фойда келтирди?

Юқори суд инстанцияси 2004 йил 24 март кунги «Хонқа дон маҳсулотлари» АЖ акциядорлари йиғилиши қарорларини бекор қилиб, эмиссия рисоласини ҳақиқий эмас деб топиш орқали давлат манфаатларига каттагина зиён етказганини келтириш ўринли. Яъни, шу акция рисоласидаги акцияларнинг 73 миллион 335 минг 500 сўмлиги давлат улуши сифатида ўтказилганди. Демак, ўтган ўн йил давомидаги давлат улуши бўлган акциялар учун олинган улушлар ҳам ўз-ўзидан ноқонуний бўлиб чиқади, акциядорлик компанияси буларни қайтариши керак бўлади. Бундай бўлганида эса ўз-ўзидан жамият устав фондидаги давлат улуши кескин кама­йиб кетиши лозим. Бу эса энди давлат улуши эгаси — акциядорлик компанияси жамиятдаги акция­ларнинг 51 фоизлик улуши эгаси бўла олмаслигини англатади.

Шуни ҳам айтиш керакки, ­«Хон­қа дон маҳсулотлари» АЖ 1995-2005 йилларда 6 марта қўшимча акциялар чиқарган. Мазкур 6 эмиссия рисолаларининг бирортасида ҳам олдинги акциядорларнинг имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тартиби белгиланмаган, бирорта акциядор имтиёзли асосда акция сотиб олмаган .

Суд айни шундай, яъни «имтиёзли сотиб олиш» деган важни фақат низоли акция чиқарилишигагина қўллагани ажабланарли.

Суднинг «Ўздонмаҳсулот» акция­дорлик компанияси манфаатларини қандай бўлмасин, ҳимоя қилишга, уларнинг тарозиси палласини босишга уриниши процессуал ҳолат қўпол равишда бузилганини кўрсатмайдими? Олий хўжалик суди иш юритишга қабул қилиш ажрими нусхаси жавобгар ак­циядорлар ҳисобланмиш Д.Рўзметова, З.Рўзметова, Ш.Абдуллаев, ­С.Абдуллаев, Д.Абдуллаева... қисқаси 23 нафар фуқаронинг бирортасига юборилмаган ва иш Олий хўжалик судида ушбу манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз кўриб чиқилган.

«Шу ишни суднинг энг юқори инс­танциясида кўриб чиқишда амалда бўлган қонунларимиз меъёрий ҳужжатларнинг 10(ўн)дан ортиқ нормалари бузилди, — дейди энди айб­дорга айланган Дилором Рўзметова. — Буларни илк босқичларда Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ўз протести билан кўрсатиб берганди. Хўш, нима бўлди? Ҳеч нима ўзгармади, фақат асоссиз қарорлар чиқарилди».

...Бошида акциядорлар арзини масъулият билан эшитиб, холис хулоса чиқарилганида бу қонунсизликларга йўл қўйилмасди. Эҳтимол, бу масала тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қайта кўриб чиқилар. Ёки, «бизнинг қарорга ким қарши чиқаяпти, нима ҳаққи бор?» каби ёндашув устун келадими? Ҳеч ким ҳеч кимга ён босиши мумкин эмас. Ҳар қандай масала, бизга ёқадими, йўқми, қонун доирасида ҳал бўлиши керак. Юқоридаги масалага қонун талабидан келиб чиқиб, фикрлайдиган бўлсак кўриниб турибди, қатор саволлар келиб ­чиқяпти.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.