Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
24.07.2018

ҚУЁШ НУРИДА «ТОБЛАНАЁТГАН» ЯХНА ИЧИМЛИКЛАР САВДОСИНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?..

Ёз фаслининг жазирамасида кўчага чиқдингизми, албатта, чанқайсиз, лабингиз қуриб, муздайгина сув қидирасиз, дўконларга ошиқасиз. Шукрки, ҳар қадамда яхна ичимликлар сероб... Аммо чанқоғимизни босадиган ўша сувнинг қай аҳволда сақланишига ҳамиша ҳам эътибор қилавермаймиз. Турли сиғимдаги елим идишлар («баклашка»лар) дўконлар ёнида, йўлакларда қуёш тиғида қатор қилиб тахлаб қўйилганини кўравериб, кўникиб кетганмиз, парво қилмаймиз.

 

Дўкон ташқарисида қуёшнинг 40-43 даража иссиғида тахлам-тахлам қилиб, териб қўйилган яхна ичимликларни қолипидан бузиб, музлатгичга териб қўяётган йигитни суҳбатга тортамиз.

— Куннинг жазирамасидан одамнинг силласи қуриб кетаяпти. Қуёш нурида соатлаб турган бу яхна ичимликлар сифати бузилмайдими, соғлиққа зарар етказмайдими?

— Билмадим, ака. Дўконнинг ичида жой йўқ. 40 ёки 43 даража иссиқ бўладими-йўқми, умуман, ундан юқори бўладими менга нима фарқи бор. Мен оддий сотувчи бўлсам. Менга музлатгич ичидаги яхна ичимлик камроқ қолса, ташқарида турганлардан олиб тўлдириб қўйиш айтилган. Улар бирпасда муздай бўлади...

— Дўкон ичкарисида яхна ичимликларни сақлайдиган алоҳида жой йўқми?

— Бор-у жой торроқ. Кун иссиқ бўлганидан кейин кўпроқ сотилади, деб ҳар доимгидан кўра 10 баробар кўпроқ олиб келинган. Барибир, тўрт-беш кунда сотилиб кетади. Кўрмаяпсизми, иссиқ одамни ёндираман, дейди. Бундай иссиқда яхна ичимликлар савдоси чаққон бўлади...

Аслида, шу ерда ҳақли бир савол туғилади: яхна ичимликлар ёрлиқларида +18-25 даражагача иссиқликда тоза, салқин ҳамда қуруқ жойларда сақлаш кераклиги ёзиб қўйилган. Аммо сотувчиларнинг бу талаб билан иши йўқ. Унинг мақсади — кўпроқ даромад кўриш.

Биз фақат биргина дўкон сотувчиси билан суҳбатлашдик. Энди ўйлаб кўрайлик, республикамиз бўйича бундай дўконларнинг қанчаси худди шундай ҳолатда фаолият кўрсатмоқда?!

 

Камола САФАРОВА, харидор:

— Қуёш тиғи остида турган ҳар қандай ичимлик ўз таркибини ўзгартиришини кўпчилик билмайди. Таркиби бузилганини музлатгичга қўйган билан асл ҳолига қайтариб бўлмайди-ку.

Ишонасизми, ҳар куни турли хил сувларни истеъмол қиламан. Лекин гоҳида айрим идишлардан ёқимсиз ҳид келиб туради ва оғизда ранги қолиб кетганлари ҳам учраб туради. Шундай бўлса-да, ичишга мажбурман. Нима қилай чанқоқни қондириш керак-ку!

Хўш, ҳар хил ранг ва концен­тратлар ҳамда кимёвий моддалар аралашмасидан тайёрланадиган бундай ичимликлар белгиланган меъёрий иссиқликдан юқори ҳароратда туриб қолса, ўз таркибини ўзгартирмайдими? Уни ичиш соғ­лиқ учун зарарли эмасми? Қуёш нури темирни ҳам қиздираётган бир пайтда елим идишдаги сувлар қайнаб кетмасмикан? Бундай ҳолатда уларнинг сифати бузилмайдими?

Шу каби саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдик.

 

Бахтиёр ОМАРҚУЛОВ, «Family Group» масъулияти чекланган жамият бош директори:

— Бундай муаммолар бизни, яъни яхна ичимликлар ишлаб чиқараётган кўплаб компанияларни бирдай қийнаб келаётганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Биздан маҳсулот харид қилаётган тадбиркорлар уларни ўзлари хоҳлаган шароитда дўконларига жойлаштириб сотишади. Маҳсулотни юклаётганда ёрлиқларда кўрсатилган қоидаларга қатъий риоя қилишлари хусусида доим эслатамиз. Бундан ташқари, республика миқёсида 5 мингдан ортиқ музлатгич жамиятимиз томонидан тадбиркорларга етказиб берилган. Афсуски, фақат пул топиш илинжида юрган айрим ишбилармонлар харидор манфаатини умуман ўйламайди. Шу боис ҳам бизга харидорлардан маҳсулотингиз сифатсиз экан, деган мазмунда эътирозлар ҳам бўлиб туради. Шу заҳоти махсус ходимларимизни ўша жойга юборамиз. Ва маҳсулотимизни харид қилган фирма ва тадбиркорлар томонидан бу борада қоидалар қўпол тарзда бузилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Албатта, биз ҳам бундай ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўриш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қиламиз.

Аслида, бизда ишлаб чиқарилаётган яхна ичимликлар 120 метр чуқурликдан олинадиган сувдан тайёрланади. Уларни яна олти хил кўринишда махсус ускуналардан фойдаланган ҳолда тозалаб, ­Америка Қўшма Штатлари ва Германиядан келтирилган концентратлар билан уйғунлаштирамиз. Шунингдек, ўзимиздаги махсус лабораторияларда тайёр ҳолга келтирилганларини қайта-қайта текширувдан ўтказгач, қадоқлашга рухсат берилади. Қолаверса, ҳар ойда Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология марказига ўз маҳсулотларимизни текширувдан ўтказиш учун юбориб турамиз.

 

Улуғбек МУҲИДДИНОВ, «Ўзстандарт» агентлиги стандартлаштириш ва давлат назоратини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси:

— Сақлаш шароитининг бузилиши яхна ичимликлар ва умуман бош­қа озиқ-овқат маҳсулотларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, бу ҳолат ПЭТ (поливинил хлорид яхна ичимликлар идиши)га қуйилган яхна ичимликларга тегишлидир. Чунки ПЭТ идишлари иссиқ ҳавога умуман тўғри келмайди. Қуёш нури остида сақланган сал­қин ичимлик 0 даражадан паст ва +25 даражадан юқори бўлмаган ҳавонинг нисбий намлиги 75 даражадан ошмаган шароитда сақланиши керак. Шундагина одам организми учун у хавфсиз бўлиши мумкин.

 

Нуриддин ТОШБОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология назорат маркази Бош врачи ўринбосари:

— Кунлар исиши билан ошқозон-ичак касаллигига чалинган беморларнинг сони ортади. Сабаби, гигиенага риоя қилмасдан мева-чева ҳамда муддати ўтган ёки иссиқда қолган яхна ичимликларни истеъмол қилинганлигидир. Аслида, яхна ичимликлар қадоқланаётган идишлар иссиқ ҳаво шароитига умуман тўғри келмайди. Чунки у поливинил хлорид бирлашмасидан ташкил топгани боис, белгиланган иссиқликдан юқори даражада маълум бир миқдорда эриб, ичимлик таркибига қўшилади. Оқибатда канцероген, аллергия, гастрит, токсик гепатитлар, панкреатит ва саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Яна бир жиҳати шуки, ичимлик ҳар хил кимёвий концентратлар бирикмасидан иборат бўлганлиги учун таркибидаги «аспартам», яъни (шакардан 300 баробар ширин модда) СО2 билан биргаликда қонга тез сўрилиб, ошқозон ости бези фаолиятига жуда тез салбий таъсир кўрсатади. Бу эса қандли диабет касаллигига олиб келади. Шунинг учун поливинил хлорид идишидаги яхна ичимлик ичида аспартам, кофеин ва бошқа ранг ҳамда таъм берувчи сунъий қўшилмалари борлиги боис ҳамда қуёш нури тик тушадиган жойларда узоқ муддат туриб қолган яхна ичимликларни ичишни тавсия этмаймиз.

...Яхна ичимлик йўл ёқаси, дўкон атрофи ёки бозорларда қуёш тиғи остида ётган ҳолатларни ҳар қадамда учратамиз. Лекин ҳар бир маҳсулотнинг, хусусан, сал­қин ичимликларнинг ҳам сақлаш қоидалари бор. Унга амал қилиш нафақат савдо қоидаларини жо­йига қўйиш, балки соғлиқни сақлаш учун ҳам хизмат қилади. Зеро, истеъмолчига сифатли маҳсулотлар етказиб беришни мақсад қилган ҳар бир тадбиркор бунга амал қилиши керак. Йўқса, унинг маҳсулоти чанқоқ босувчи эмас, соғ­лиққа путур етказувчи ичимликка айланади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.