Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
24.07.2018

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР КУЧИ АВВАЛО, ЕТАКЧИЛАРИ КИМЛИГИГА БОҒЛИҚ

Сиёсий партиялар ва парламент палаталари вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ўтказилганига яқинда бир йил бўлди. Мамлакатимиздаги қатор оммавий ахборот воситалари бунга алоҳида эътибор қаратди, уларда асосан битта савол қўйилди: Президент мамлакатда катта ўзгариш ва ислоҳотлар бошланаётганини таъкидлаб, парламент аъзолари, сиёсий партиялар етакчиларини сидқидилдан хизмат қилишга, эл ишончини оқлашга, уйғонишга чақирди, парламентнинг том маънодаги таъсир кучини ошириш бўйича таклиф-тавсиялар берилди, шу асосда муҳим вазифалар белгиланди. Бир йил ичида нималар ўзгарди?..

Бу саволга парламент, депутатлар фаолияти мисолида жавоб излайдиган бўлсак, муайян ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлаш керак. Парламент аъзолари ҳар ой 10-12 кун давомида ҳудудларда бўлиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганяпти, қонун лойиҳалари муҳокамаларида ҳарорат оша бошлади, «ҳукумат соати» йўлга қўйиляпти, парламент эшитувларида ўткирроқ мунозаралар кузатиляпти...

Бироқ видеоселектор йиғилиши ва ўтган йил декабрь ойидаги Президент Мурожаатномасидан кейин сиёсий партиялар, депутатлар фаолиятида вазият тубдан ўзгаряпти, деб айта оламизми?.. Бу саволга жавоб бериш қийин.

Сиёсий партияларда муайян сана муносабати билангина уюштирилаётган тадбирлар камайди, аммо мамлакат миқёсида эътиборга тушган ташаббуслар кўриняпти, парламент аъзоларининг аксарияти жонланди, уйғонди, десак, катта кетган бўламиз.

12 июль куни ЎзА расмий сайтида «Депутатлар бир йил ичида ижтимоий тармоқларда нималар деди?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда парламент аъзоларининг ижтимоий тармоқларда қандай масалаларни кўтариб чиқаётгани таҳлил этилди. Ҳамкасбимиз 120 га яқин депутатнинг айримларигина мамлакат ­миқёсидаги муҳим масалаларни кўтариб чиқаётгани, ўткир муносабатлар билдираётгани, таклифлар илгари сураётганини таъкидлайди.

Бу фикрларни асоссиз, дейиш қийин. Парламентимизнинг камдан-кам аъзоларигина ўз фикрлари, қатъий позицияси билан кенг жамоатчиликнинг эътибори ва ҳурматини қозонишга муваффақ бўляпти. Баъзи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар фаоллик кўрсатаётган депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини қидира бошлагани, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётганини эшитяпмиз. Мана шундай фактлар ва ҳолатлар айрим саволлар ҳақида ўйлашга ундайди.

Биринчидан, муаммоли ҳолатлар, халқ манфаатига хизмат қилмайдиган қарорларга қарши чиқаётган, уларни ўзгартириш бўйича аниқ таклиф бераётган дадил депутатларимиз нега жуда кам?..

Иккинчидан, мамлакатдаги ўт­кир масалаларни ижтимоий тармоқлар орқали кўтариб чиқаётган, бу борада кенг жамоатчилик фикри шаклланишига катта ҳисса қўшаётган депутатлар яккаланиб қолмаяптими? Депутатларнинг жамоатчилик катта қизиқиш билдирган таклифларини нега сиёсий партиялар расмий равишда қўллаб-қувватлаётгани сезилмаяпти?..

Учинчидан, нега сиёсий пар­тиялар фракциялари жамиятда оғриқли бўлиб турган, одамларни қийнаётган масалаларни ҳал қилиш юзасидан катта ташаббуслар билан чиқмаяпти? Агар чиқаётган бўлса, улар нега халқ назарига тушмаяпти?..

Масалага ёндашиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, юқоридаги саволларга ҳар ким ҳар хил жавоб бериши табиий, албатта.

Президентнинг видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ва парламентга Мурожаатномасини яхшилаб тингласак, давлат бошқаруви ислоҳ қилинаётган тарихий даврда яшаётганимиз аён бўлади. Ҳозирги пайтдаги сиёсий сусткашлик, лоқайдлик, иродасизлик тараққиётимизга салбий таъсир кўрсатиши табиий. Эҳтимол шунинг учун давлат раҳбари парламент аъзоларига «Уйғонинглар...» «Курашишга тайёрмисизлар?», деб қатъий мурожаат қилгандир.

Бу қандай кураш? Бу — одамларнинг ҳаётини яхшилашга таъсир қилмайдиган қонунлар, қарорлар қабул қилинишига қарши кураш. Бу — давлат бошқаруви тизимида парламентнинг, халқ вакили, деган юксак мақомнинг ҳурматга лойиқ ўрни бўлиши учун кураш.

Бу курашда муаммони, адолатсизликни кўрса, ўзини қўярга жой тополмай юрадиган депутатлар ва етакчилар иштирок этади. Ўзини жамоатчилик олдида қарздор ҳис этмаган етакчи ёки депутатдан ғоя чиқмайди, ташаббус чиқмайди.

Давлат раҳбарининг «Депутатлар уйғонмаса, жамиятимизда мувозанат бўлмайди ҳеч қачон», деган таъкиди замирида катта маъно мужассам. Бу ташаббус қуйидан чиқиши, назорат ҳам қуйидан бўлишини тақозо этади. Лекин нега қуйидан чиқаётган ташаббуслар кам кўриняпти? Ахир партияларнинг ўн минг­лаб фаоллари, уларнинг ичида қанчадан-қанча олимлар, мутахассислар бор...

Балки, сиёсий партия ташкилотларида ғоялар ва таклифларни илгари суриш тажрибаси етишмаётгандир?.. Бу анча мураккаб мавзу, унинг айрим жиҳатлари ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин, холос.

Аввало, партия ташкилотлари раҳбарлигига чинакам сайловлар ўтказиш, ўзининг билими, дунёқарашини намоён эта оладиган ҳақиқий етакчилар сайланишига эришиш вақти келмадимикин?..

Сиёсий партиялар ва сайлов тушунчалари ҳар доим ёнма-ён юради. Сиёсий партия фаолиятининг туб моҳияти сайлов билан боғлиқ. Демак, сиёсий партия ташкилотлари раҳбарлари сайланиш жараё-нининг рисоладагидек йўлга қўйилиши мамлакатдаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Энди тасаввур қилайлик, муайян ҳудуддаги партия ташкилоти аъзолари ўзлари учун етакчини эркин равишда сайлаш имкониятига эга бўлмаса, тайинланган етакчи билан қандай қилиб ҳаммаслак иш тутиши мумкин?..

Партия ташкилотига етакчиликнинг ўзига хос талаблари бор. Бундай одам партиядошлари орасида лидерлик хусусияти билан ҳурмат қозонган, айни пайтда, йўлбошчилиги тан олинган киши бўлиши керак эмасми? Шунда аъзолар, хайрихоҳлар унинг ғоя ва ташаббусларини астойдил қўллаб-қувватламайдими?.. Аксинча, партия фаоллари, қолаверса, депутатлар ҳам ўзлари яхши билмайдиган киши етакчи бўлиб қолса, у билан ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлиб ишлашга қийналмайдими?.. Энг муҳими, уни тан олгиси келадими?

Сафдошлари қўллаб-қувватлашини ҳис этган етакчилар журъатли ва қатъиятли бўлади, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш, партиялар ҳамда парламентнинг таъсирини кучайтириш бўйича янги-янги ташаббусларни олиб чиқа олади.

Минглаб аъзолар, миллионлаб хайрихоҳларнинг мададини сезган, буни ич-ичидан юксак қадрлаган инсонгина ҳа­қиқий етакчига айланади. Нотабиий ҳолатда етакчиликка келганлар эса кўпроқ эҳтиёткорлик ҳақида ўйлаши ва бу бутун партия ташкилоти фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳар ҳолда, бундай эҳтимолни инкор этиш қийин.

Сиёсий партиялар ташкилотлари, депутатлик бирлашмаларида ҳақиқий ташаббускорлик, ғоя ва дастурлар учун жонкуярлик, мақсад йўлида қаттиқ жипс­лашиш хусусияти етишмаслигининг сабабларидан би­ри эҳтимол шу масала билан боғлиқдир?.. Видеоселектор йиғилишида ҳозирги вақтда сиёсий партияларнинг бошқарув аппаратларида ишчанлик муҳити деярли кўзга ташланмаётгани таъкидланган эди. Бундай хулоса ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, албатта.

Партиялар етакчилари қандай фаол бўлишини ривожланган давлатлардаги сиёсий жараёнлар мисолида кўряпмиз. Партиялар етакчиларини сайловчиларку майли, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ҳам яхши танийди, чунки улар оммавий ахборот воситаларида тез-тез баҳс-мунозараларда қатнашади, илгари сураётган ғояси, нимага интилишини юқори ишонч билан тушунтира олади. У ёки бу масалада таҳлилий маълумотга, мустақил фикр­га, аниқ таклифларга эга бўлади.

Ҳар бир партиянинг кучи етакчиларининг сиёсий салоҳияти, ташкилотчилик қобилиятига боғлиқ. Улар жамиятда, аввало, етук шахс сифатида танилган ва тан олинган бўлиши муҳим, бу сифатлар партия етакчилари учун сув билан ҳаводек зарур. Эҳтимол шунинг учун дунёдаги кўплаб машҳур партиялар номи кучли етакчиларнинг исм-шарифи билан бирга айтилар. Партияларнинг лидерлари қанчалик билимли, маърифатли ва ташаббускор бўлса, демократик тараққиёт учун реал интилиш шунча кучаяди, биз учун ўта муҳим ҳолат — жамиятда сиёсий-ҳуқуқий тафаккур юксалади.

Сиёсий партия ташкилотларига етакчи сайланиши сиёсат тарихидаги олтин қоидалардан бири, бунинг замирида катта маъно бор. Ижро ҳокимиятида раҳбар юқоридан тайинланиши бутунлай ўзга масала. Партияларнинг муваффақиятли фаолияти умуман бош­қача тартиб-қоидаларга асосланади. Бу ўринда сайлаш жараёни тан олиш жараёни билан уйғун кечади, десак, хато бўлмаса керак. Хўш, бу тартиб сиёсий партиялар фаолиятида қандай йўлга қўйилган?.. Номзод аввалдан танланса, бу ишга ҳақиқий ваколатли бўлганлар номига қўл кўтариб маъқулласа, бундай ҳолатда ўзимизни ўзимиз алдаб келаётган бўлиб чиқмаймизми?.. Савол кўп, ўйга толдирадиган масала кўп.

Тўғри, тараққиётимизнинг маълум босқичида тартибга солиш, мувофиқлаштириш керак бўлгандир. Аммо демократик жараёнларнинг ҳозирги босқичида, бугун олиб борилаётган ошкоралик шароитида чинакам сайлов сиёсий партияларни кучайтиришга хизмат қилади. Акс ҳолда, сиёсий партия-лар бир жойда узоқ вақт депсиниб қолиши мумкин.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.