12.07.2018

НОМИГА ИШЛАЁТГАН ШИФОХОНА КИМГА ВА НИМАГА КЕРАК?..

Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббий амалиётни ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, ушбу соҳани ривожлантиришга, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган Президентимизнинг 4 фармони, 24 қарори ва 9 фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 37 қарори ҳамда 32 та фармойиши қабул қилинган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини сақлаб туриш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2018 йилда Давлат бюджетидан 9,6 триллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, 2017 йилга нисбатан бу рақам 1,4 баробарга кўпдир.

Тўғриси, бундай эътибор кўнгилни кўтаради, тиббиётимизнинг келажагига ишонч пайдо қилади. Аммо давлат томонидан шунча эътибор бўлаётганига қарамай, жойларда дилни хира қиладиган ҳолатлар учрамоқда.

Тошкент шаҳридан бир қадам нарида жойлашган Тошкент туманида бугунги кунда 206 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шунча аҳолиси бор туманда битта «Қизғалдоқ» ҚФЙ шифокорлар кўчаси, 1-уйда жойлашган шифохона мавжуд. Шифохона ўрни аҳоли сонига нисбатан жуда кам, бунинг устига етиб бориш ноқулай ҳудудда жойлашган. Фуқаролар бу ҳақда эътироз билдириб, таҳририятга оғзаки мурожаат қилишганди.

Ҳақиқий ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Эътирозларда жон бор экан, ­шифохона туманнинг чекка, яъни аҳоли етиб бориши ноқулай бўлган ҳудудда жойлашган. Муассасада шошилинч тиббий ёрдам, жонлантириш, даволаш, неврология, травматология, болалар бўлимлари мавжуд бўлса-да, уларда беморлар учун нафақат жой масаласи, балки мебель жиҳозлари, тиббий асбоб-ускуналар етишмас экан. Бунинг устига уч қаватли тиббиёт масканидаги лифт умуман ишламайди. Аҳволи оғирроқ беморлар учун юқори қаватга кўтарилиш осон эмас, албатта.

Шошилинч тиббий ёрдам бўлимини кўздан кечирганимизда беморлар учун энг зарур бўлган кислород етказиб бериш ускунаси йўқлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатни изоҳлаш учун жонлантириш бўлими мудири Руфат Насимовга мурожаат қилдик.

— Шифохонамизда шароитимиз йўқ деб, беморларнинг ҳаётини хавф остига қўя олмаймиз, — дейди у. — Қўлдан келганча, бор имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Тўғри, ҳозир бўлим шифокорлари кислород тармоғини ташқаридан шланг орқали киргизиб, буйруқ билан ўчириб ёқишади. Бу аҳвол хавфсизликка жавоб бермаса-да, шундай ишлашга мажбурмиз. Аслида, қонун-қоидага мувофиқ, бўлимимизнинг ҳар бир хонасида кислород тармоғи бўлиши лозим. Тан олиш керак, ­операция вақтида ишлатиладиган тиббиёт анжомлари ҳам етишмайди (бор-йўғи иккита жамланма). Уни ҳам шифокорларнинг ўзлари уёқ-буёқдан суриштириб топишган. Очиғи, бир вақтнинг ўзида 4-5 нафар операция қилиниши лозим бўлган бемор келиб қолса, анжомларимиз етишмаганлиги сабабли улар кутиб қолишга мажбур бўлмоқда.

Суҳбатимизга жонлантириш бўлими катта ҳамшираси Шоира Одилова қўшилди: — Жонлантириш хонаси 6 беморга мўлжалланган, лекин бу ерда бемор аҳволини кўрсатиб турувчи бор-йўғи битта ускуна бор. У аслида ҳар бир бемор учун битта бўлиши керак. Бундан ташқари, функционал кроватлар етишмаслигидан каталкалардан фойдаланил­япти. ИВЛ (ўпкага сунъий нафас берувчи) ускунаси ҳам бир дона бўлиб, унга муҳтож иккинчи бемор келиб қолса, катта муаммога айланмоқда. Пульсаксметр, кислород концентратор ускунамиз эса умуман мавжуд эмас. Оғир беморлар кунига 10-12 тагача келади, аммо уларга қараш учун мутахассисларимиз етишмайди. Бир сўз билан айтганда, бўлимимизда аслида бўлиши лозим бўлган тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозларнинг кўпчилиги мавжуд эмас.

Бошқа бўлимларни кўздан кечирганимизда ҳам худди шундай муаммоларга дуч келдик. Шу боисдан ­беморлар узоқ муддат навбат кутиб қолмоқда. Ҳатто энг зарур тиббий ускуналардан болалар бўлимида кислород етказиб берувчи ускуна, неврология бўлимида эса эхоэнцефалограф ва электроэнцефалограф мавжуд эмас экан. Шифохонадаги рентген аппаратининг ишлатилаётганига оз эмас, кўп эмас 39 йил бўлибди... Ёзнинг жазирама кунларида муассаса хоналаридаги иссиққа чидаб бўлмайди, палаталарда совутгич йўқ.

Бемор шифохонага даво излаб келса-ю у ерда оддий тиббий асбоб-ускуналар етишмаса, у дардини кимга айтади? Шу каби хавотирли ўйлар билан шифохонадан чиқиб кетдик.

Саволларимизга жавоб олиш мақсадида Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ҳикмат ­Исамуҳаммедов қабулига бордик. У бизга қуйидагиларни гапириб берди:

— Шифохонадаги тиббий асбоб-ускуналар етишмаслиги муаммосини бартараф этиш борасида вазирлик билан биргаликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, — дейди у. — Тўғрисини айтишим керак, бу жойга раҳбар бўлиб келганимга олти ойча бўлиб қолди. Келган кунимдан бошлаб шифохонани тиббий жиҳозлар ва малакали шифокорлар билан таъминлаш йўлларини излаяпмиз. Тошкент тумани Зангиота туманидан ажралиб чиқиб, қайта ташкил этилгани сабаб туман шифохонаси давлат комиссияси томонидан ўрганилди ва аҳоли қатновига қулай, барча коммунал тармоқлар мавжуд ҳудудга кўчирилиши режалаштирилди. Бунинг учун туман марказида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биноси ажратиладиган бўлди. Давлат комиссиясининг тавсиясига асосан белгиланган ҳудудда комплекс шифохона қурилишининг биринчи босқич ишлари бошлаб юборилган. Шифохона қурилиши учун барча ҳужжатларимиз тайёр. Лекин яқинда, 10-15 кун аввал юқоридан коллеж бинолари ўз жойида қолсин, деган буйруқ келган, деб эшитдик. Коллеж маъмурияти шу маълумотга таяниб, шифохона кўчадиган манзил аниқ кўрсатилмаган, дея тўсқинлик қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида шифохона қурилиши керак бўлган кўча номи кўрсатилса-да, уй рақами аниқ белгилаб берилмаган. Шу ноаниқлик масалани бир томонга ечишга тўсқинлик қиляпти.

Вазирлар Маҳкамасига туман аҳолиси эҳтиёжи учун ягона бўлган шифохона қурилиши бўйича таклифимизни киритдик. Аммо бу муаммо қандай ҳал этилиши номаълумлигича қолмоқда.

Агар туман марказидаги коллеж биноси ўрнида шифохона комплекси ташкил этилса, тез тиббий ёрдам, поликлиника, туманда мавжуд бўлмаган юқумли касалликлар шифохонаси бир манзилга жойлаштирилиб, аҳоли ва мутахассисларимиз қатнови учун ҳам қулай бўлар эди.

— Янги шифохона 3 йил ичида ташкил этилиши мўлжалланган дедингиз, унгача беморлар аҳволи нима кечади?

— Биз «Саломатлик-3» дастурига кирдик. Аммо тиббий асбоб-ускуналар ҳануз етказиб берилмаяпти. Юқори ташкилотларга мурожаат қилганимизда аввал янги шифохона қурилиши битсин, дейишди ва бу ­муаммолигича қолмоқда. Биз ҳозирча қўлимиздан келганча биринчи ёрдамни бериб турибмиз. Лекин оғир аҳволдаги беморлар келиб қолса, уларни шаҳар тиббиёт марказларига юборишга тўғри келмоқда...

Биз Тошкент тумани шифохонасида кўзимиз билан кўрганимизни ва қийин шароитда ишлаётган шифокорлар фикрларини қоғозга туширдик, холос. Тўғри, муаммо бор, унинг ечимини топиш керак. Ечим қачон топилади? Мутасаддилар беморларга ачинса, ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб кўришса, тезроқ ҳаракат қилишади, имконият топишади...

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

Ноила МАРУПОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.