12.07.2018

ОДАМЛАР ҚАЛБИДАН АНИҚ АМАЛИЙ ИШЛАР БИЛАН ЖОЙ ОЛИШ КЕРАК

Парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишига бир йил бўлди. Шу вақт ичида нималар ўзгарди? Қатъият ва ташаббускорлик ўсдими? Олдинда яна қандай вазифалар турибди?..

Хабарингиз бор, 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Ўша учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев маърузасида сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракцияларида ташаббус етишмаётгани, жойлардаги партия ташкилотлари фаолияти талаб даражасида эмаслиги, партиялар ва депутатлар сайловчилар ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилмаётгани, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш ҳамда парламент таъсирчанлигини ошириш жараёнларида сусткашликларга йўл қўйилаётгани танқидий таҳлил этилганди.

Орадан бир йил ўтди. Шу давр ичида сиёсий партиялар фаолиятида жонланиш кузатилдими, билдирилган танқидий фикрлардан тегишли хулосалар қилиндими? Умуман, одамлар ишончини оқлаш йўлида қандай амалий ишларга қўл урилди?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўрин­боса­ри, Ўзбекис­тон ХДП фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов қуйи палата расмий сайтидаги чиқишида ана шу масалалар хусусида фикр юритди.

Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан депутатлар фаоллигини янада ошириш, парламент ва парламентдаги фрак­ция­лар ҳамда сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилиш, сайловчилар ишончини қозониш юзасидан аниқ таклифлар билдирилгани ҳар биримизга катта масъулият юклади, дейди қуйи палата Спикери ўринбосари.

Шундан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси сиёсий мафкурасининг устувор йўналишлари ва партиянинг дастурий мақсадлари қайтадан кўриб чиқилди, «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси» билан боғлиқлиги акс эттирилди, партия доимий электорати таркибига кирувчи асосий ижтимоий гуруҳларга аниқликлар киритилиб, партиянинг мафкуравий ғоя ҳамда мақсадлари янада бойитилди.

Ўтган давр мобайнида фракциямиз аъзолари Сайловолди дастуримиздан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид 13 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. Шунингдек, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган 97 та Қонунга фракция томонидан 205 та таклиф тайёрланди.

Қолаверса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, партиянинг фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг тегишли вазирликлар фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.

Депутатлик бирлашмаларимиз томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимларининг ҳисобот ва ахборотлари 51 маротаба партия гуруҳларида, 42 маротаба тегишли доимий комиссияларда ва 29 маротаба сессияларда эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Видеоселектор йиғилишида депутатларнинг қонун ижодкорлиги бўйича фаолияти ҳам таҳлил қилинган, бу борада ташаббускорлик етишмаётгани алоҳида таъкидланган эди. Фракция раҳбари ўз чиқишида бу масалага бир неча бор эътибор қаратган:

Партиямиз томонидан «Иссиқлик таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ло­йиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ва «Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаларида фойдаланиш учун таклифлар киритилди.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари, Ногиронлар ассоциацияси билан тузилган меморандумлар доирасида меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, «Саховат», «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйлари, ногирон болалар учун мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматларни олиш учун шароитлар яратиш ва ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш масалалари тегишли ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда жойлардаги партия гуруҳлари томонидан доимий ўрганиб борилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган 77 муаммо партиянинг ваколатли органлари томонидан ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, кўтарилган масалалар бўйича ишлаб чиқилган 50 дан ортиқ таклифлар умумлаштирилиб, «Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаётган республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Фракция аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давомида фуқароларнинг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш масалаларида ­муаммолар борлиги аниқланган эди. Ушбу муаммолар давлатимиз раҳбарининг «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топиб, соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлди. Шунингдек, 2000 йили қабул қилинган «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича фракция ташаббуси ишлаб чиқилди.

Видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг марказий идоралари билан бирга, ҳудудий ташкилотлари фао­лия­ти ҳам атрофлича таҳлил ­этилиб, улар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор берилган эди. Бу борадаги вазиятни ўзгартириш учун қандай чоралар амалга оширилди?..

Фаолиятимиз самарадорлигини оширишда, партиямизда жорий этилган «марказ — вилоят — туман» тартибида ишлайдиган янги тизим муҳим ўрин тутмоқда, дейди ­Ҳ.Кетмонов. Айнан шу тизим орқали парламент аъзоларининг иш услуби партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашларига етказиляпти. Бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгашларни фракцияда кўриб чиқилаётган масалалардан етарлича хабардор қилиб бориш тизими ишлаётгани натижасида партия ташкилотларидан қонун лойиҳаларига келиб тушган 60 га яқин таклифлар умумлаштирилиб, фракция муҳокамасига киритилди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ҳамда таклифларни қу­йидан — фуқаролардан, сайловчилардан, жойлардаги депутатлардан олиш тартиби жорий этилди. Натижада улардан 70 га яқин яхши таклифлар олиниб, фракция йиғилишларида кўриб чиқилди.

Парламент назорати институтидан фойдаланишда ҳам фракциямиз фаоллиги ошганини эътироф этиш лозим. «Ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни оширишга олиб келадиган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти фракция ташаббуси билан «Ҳукумат соати»га олиб чиқилди. Қолаверса, парламент эшитуви доирасида соғлиқни сақлаш вазирининг «Мамлакатимизда ногиронликни белгилаш амалиёти ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Ўтган давр мобайнида партия­миз ўзининг ҳар бир йўналишларини қайта кўриб чиқиб, «йўл хариталари»ни ишлаб чиқди. Унга кўра, асосий эътибор халқ билан мулоқотга қаратилди. Хонадонма-хонадон юриш, Жамоатчилик қабулхоналари ишини янги замонавий ёндашувлар асосида ташкил қилиш, жойларда режа-график асосида партия раҳбарлари ва депутатларимизнинг сайёр қабулларга чиқишлари биринчи вазифа қилиб белгиланди. Натижада ўтган олти ойлик вақт давомида 18 минг нафар фуқаро билан мулоқот ўтказилди, 16 мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 11360 таси ёки 71 фоизи ижобий ҳал қилинди.

Фракция аъзоларининг тизимли равишда 10 кунлик ­жойларга чиқиши, одамлар билан мулоқотлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши бугунги кунда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. 7112 хонадонга кирилиб, 34 минг 305 нафар аҳоли билан, жумладан, 7 минг 446 нафар тадбиркорлик субъекти вакили билан суҳбатлашилди. Учрашувларда жами 4 минг 391 масала кўтарилиб, уларнинг аксарияти жо­йида ҳал этилди. 81 масала фракциянинг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилиниб, қабул қилинган қарорлар ижроси таъминланди.

Эришилган натижалардан кўнгил тўляптими? Галдаги муҳим вазифалар нималардан иборат?.. Ҳ.Кетмонов ўз чиқишида бу масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган:

...Юқоридаги ишлар партия ўз олдига қўйган вазифаларини тўлақонли амалга оширяпти, дегани эмас. Ҳали олдимизда амалга оширишимиз лозим бўлган тадбирлар, қолаверса, фаолиятимизда ҳам қатор камчиликлар мавжуд.

Тан олиш керак, жойларда аҳоли, хусусан, электоратимизни безовта қилаётган муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш, банд­лик масалалари, пенсионерлар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз қариялар билан олиб бораётган ишларимиз талаб даражасида эмас. Ижтимоий дорихоналар фаолияти ҳам аҳолини қониқтирмаяпти.

Шундай экан, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятимизни янада жонлантиришни замоннинг ўзи тақозо қиляпти. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш баробарида, уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни ҳам чуқур ўрганиш ва олдини олиш муҳим ўрин тутади. Бунинг учун эса барча бўғиндаги депутатлик бирлашмалари ишини янада фаоллаштириш, парламент ҳамда депутатлик назорати, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан самарали фойдаланиш зарур.

Президентимиз таъбири билан айтганда, баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчиларимиз ишончини қозонишимиз, уларнинг қалбидан жой олишимиз керак. Ўзбекис­тон ХДП фракцияси раҳбари ўз фикрини шундай якунлаган.



DB query error.
Please try later.