10.07.2018

ШАҲАР БЕДАРВОЗА ЭМАС: Тошкент шаҳар ҳокимлиги диққатига!

Газетамизниг 5 июль сонида «Тунги велосипедчилар» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда пойтахтимизнинг турли ҳудудларида велосипедни сайр этиш учун ижарага берадиган шохобчалар пайдо бўлгани, кўплаб ўсмир-ёшларнинг тун ярмигача, ҳатто соат 2-3 ларгача майдон ва кўчаларда велосипедда сайр қилиши одат тусига киргани, бу ҳолатнинг ёшлар тарбиясига салбий таъсири, йўл ҳаракати хавфсизлигига халақит бериши тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган эди.

Бу мавзу бўйича бошқаларнинг фикри қандай?

 

Акмал ЮНУСОВ, Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ матбуот хизмати бошлиғи, майор:

— «Ўзбекистон овози» газетасида чоп этилган «Тунги велосипедчилар» сарлавҳали мақолада долзарб масала кўтарилган. Ҳақиқатан, велосипедчилар хатти-ҳаракати автомобиль бошқарувида турли ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. Натижада кўплаб кўн­гил­сизликлар, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда. Ўғил-қизлар кўплаб даражадаги тан жароҳатлари олиб, айрим ҳолда ҳаётдан кўз юммоқда.

Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида республикамиз ҳудудида велосипедчини уриб юбориш билан боғлиқ жами 239 та ҳодиса содир этилган. Унда 53 нафар фуқаро ҳалок бўлган, қолганлари турли даражада жароҳат олган.

Масалан, 2018 йил 25 июнь куни соат 22:00 ларда Яшнобод туманида яшовчи 16 ёшли велосипедчи қизни юк машинаси уриб юборган. Оғир тан жароҳати олган қиз 28 июнь куни шифохонада вафот этган.

Бундай ҳодисалар оз эмас. Инсон ҳаётига зомин бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг сабаблари ҳа­қида ўйлашимиз керак. Автомобиль йўллари велосипед ҳайдовчилари учун эмас, балки автотранспорт воситаларига мўлжалланганини унутмайлик. Авто­йўлларда велосипедда ҳа­ракатланиш асло мумкин эмас.

Биз велосипедда сайр этишга қарши эмасмиз. Аммо йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш лозим. Биринчидан, велосипедда катта йўлга чиқиб, пойга ўйнаётган ўсмирлар, ёшлар йўл ҳаракати қоидаларини билишадими? Велосипедни ижарага берувчилар учун чегара, мезон белгиланиши керак эмасми? Серқатнов автойўлларда, пиёдалар йў­лак­чаларида аҳолига халақит қилиб, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳаракатлар тақиқланиши зарур, деб ҳисоблайман.

 

Одинахон ЮЛДАШЕВА, уй бекаси (Чилонзор тумани):

— Аввало, бир нарсани таъкидламоқчиман. Бола тарбияси ҳар бир ота-она учун энг муҳим вазифа саналади. Инсон ким бўлишидан қатъи ­назар, фарзандининг ­тақдири, тарбияси учун масъул ҳисобланади. Ун­га тўғри йўл кўрсатиш, яхши ва ёмонни фарқлашни ўргатиш, назоратсиз қолдирмаслик эса бурчимиз, деб биламан.

Мақолани ўқиб, бир нарсага ҳайрон қолдим. Ўғли ёки қизи ярим тунгача велосипедда сайр қилиб юргани нега ота-онани ташвишлантирмайди? Ёки болалар тақдири ота-оналарини қизиқтирмайдими? Масалан, ўғ­лим бир соат кўзимдан нарида бўлса, дарров хавотирга тушаман. Қаердалиги, кимлар билан нима қилаётгани ҳақида билсам ҳам, яна бир бор ишонч ҳосил қилгим келади. Қоронғи тушгач, нафақат қизларимни, ҳатто ўғлимни ҳам назоратсиз кўчага чиқишига рухсат берилмайди. Айрим пайт­ларда улар билан бирга кечки сайрга чиқамиз.

Бугун тунги соат ўн иккида, бир-иккида фарзанди, қизи қаерда юргани билан қизиқмайдиган, тинчи бузилмайдиган оналарга қойил қолмайман. Ахир, бола ота-онанинг жон парчаси-ку! Яхшиси ҳам, ёмони ҳам уларнинг бошига келади. Фарзандига бирор кор-хол бўлса, ота-онадан кўпроқ жабр кўрадиган инсон йўқ. Наҳот, айрим «замонавий» ота-оналарга бу туйғулар бегона бўлса? Менимча, бундай ота-оналарга нисбатан мажбуриятни кучайтириш керак. Болани назоратсиз қолдириш қан­дай оқибатларга олиб келишини тушунтириш талаб этилади. Агар ҳар бир нарсада меъёр бўл­мас экан, албатта кўн­гилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Гавҳар ЗУҲУРОВА, 243-мактаб директори, Олмазор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Велосипед ижараси билан шуғулланувчи тадбиркорликка ҳам, ундан фойдаланётган ёшларга ҳам қаршилигим йўқ. Аммо ҳар бир ишда тартиб-қоида, ҳуқуқий асос бўлиши лозим.

Шаҳар бедарвоза эмас, ҳар ким билганини қиладиган. Масалан, велосипедни ижарага бериш бўйича шаҳар ҳокимлигининг низоми ишлаб чиқилиши керак, деб ўйлайман. Унда велосипедда сайр этиладиган ҳудуд, масофа ва вақт белгиланади. Ижарага берувчининг бурчи, хавфсизлик меъёрлари ўз ифодасини топмоғи зарур.

Депутат бўлиш билан бирга, мен ҳам онаман. Шунинг учун бола тарбияси, унинг одоб-ахлоқи билан боғлиқ ҳар қандай масалага бефарқ бўлолмайман. Мазкур масала ҳа­қида ҳам чуқур ўйлаб кўриш кераклигини ҳис қилиб турибман. Балоғат ёшига етмаган ўғил-қизларимизнинг велосипедда қўл ушлашиб юриши, тун ярмида шаҳарнинг қай бир ҳудудларида бўлиши урф-одатларимизга ҳам тўғри келмайди.

Умуман олганда, ота-она ва болалар муносабати бўйича муаммолар оз эмас. Биз ўқитувчи ва депутатлар бу борада қиладиган ишларимизни чуқур ўйлаб, белгилаб олишимиз керак бўлади. Бола болада, ўйин-кулгини, шўхликни ёқтиради. Вақти беҳуда кетаётганини билмайди, эртага адашиб қолиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмайди. Болага қараш, уни тергаш, назорат қилиш ота-онанинг бурчи.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.