05.07.2018

ФУҚАРО МУРОЖААТИНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ШУНЧАЛИК ҚИЙИНМИ?

Навбаҳор тумани «Янги обод» маҳалласида яшовчи Яндаш Мавлонов «Боғзор» кўчасидаги ички йўл шу кўчада яшовчи қўшниси Норпўлат Ҳамраев томонидан беркитиб қўйилгани ҳақида жойларга бир неча бор мурожаат қилди. Дастлаб маҳаллага, сўнгра шу маҳалладан сайланган депутатга йўлни очиб бериш бўйича қилган илтимоси жавобсиз қолиб келмоқда. Туман «Халқ қабулхонасига» йўллаган мурожаати ҳам ҳеч қандай наф бермади...

Гап шундаки, мазкур ички йўл Норпўлат Ҳамраевнинг ўзбошимчалик билан қурган иморатлари (молхона, товуқхона) боис берк кўчага айланган.

Мазкур масалада шу ҳудуддан сайланган депутатлардан бири туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Аслиддин Раҳимовга депутат сўрови юборган.

Туман ҳокими ўринбосари эса масалани жойида ўрганиб ҳал қилиш бўйича туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғига кўрсатма беради.

Архитектура ва қурилиш бўлимидан борган ходимлар мурожаат эгаси билан учрашиб, масалага яна бир бор ойдинлик киритади. Маълум бўлишича, мазкур ички йўл чиндан ҳам ноқонуний қурилишлар сабаб берк кўчага айланиб қолган. Бундан ташқари, мазкур кўчада яшовчи бошқа фуқаролар ҳам ноқонуний қурилишлар қилиб йўлни торайтириб юборган.

Архитектура ва қурилиш бўлими ходимлари ҳам, маҳалла раиси ҳам, депутат ҳам Норпўлат Ҳамраев ва унинг оила аъзолари билан мазкур масалада бир неча маротаба гаплашиб, ноқонуний қурилишларни бузиб ташлаб, йўлни очишни сўрайди.

Бир пайтлар туман йўл қурилиш пудрат таъмирлаш корхонасини бошқарган Норпўлат Ҳамраев эса йўлнинг бош режасини кўрсатишни талаб қилади. Табиийки, у 1990 йилларда қурилган ушбу уйларда бош режа йўқлигини яхши билар эди.

2017 йил ёз кунлари. Тун. Соат тахминан 02:40 атрофида мазкур кўчада яшовчи Малоҳат Абдураҳмонованинг хонадонида ёнғин содир бўлади. Қўни-қўшнилар ярим тун бўлишига қарамасдан дарҳол ёрдамга шошилди. Зудлик билан ёнғин хавфсизлиги бўлимига қўнғироқ қилинди. Тезкорликда етиб келган ўт ўчирувчилар эса кўча берк бўлгани сабабли ёнғин ўчоғигача етиб боришолмади. Олов қийинчилик билан бартараф этилди, хонадоннинг катта қисми талафот кўрди.

Яхши инсонларнинг кўмаги, туман ҳокимининг ташаббуси билан бева аёл, уч фарзанднинг онаси Малоҳат Абдураҳмонованинг уйи қайта қурилди.

Норпўлат Ҳамраев эса қўшниларнинг талабини қаноатлантириш, йўлни очиб бериш ўрнига ҳали-ҳануз ўз билганидан қолгани йўқ.

Туман ҳокими ўринбосари билан мазкур масалада бундан уч ой аввал гаплашган эдик. У киши ушбу ҳолат судга оширилгани ва тез кунда ечимини топишини айтган эди. Аммо амалий ишнинг боши кўринмаяпти.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бир пайтлар ўзи йўл қурилиш корхонасига раҳбар бўлган Норпўлат Ҳамраев кўчани обод қилиб, қўни-қўшнилар ўртасида обрў-эътибор орттириш ўрнига, йўлни тўсиб, қўшнилар билан ёвлашиб юрибди.

Тумандаги биринчи сектор раҳбарига қарашли ушбу муаммо, ўйлаймизки, тез кунларда ижобий ҳал этилади.

 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.