05.07.2018

ТУНГИ ВЕЛОСИПЕДЧИЛАР: Уларнинг аксарияти ёшлар, ўсмир болалар ва қизлар

Тунги соат 2-3 гача бу болалар, ёшлар шаҳарнинг турли майдонларида, кўчаларида кезиб нима ҳақда суҳбатлашишади? Тарбиясига путур етмайдими?...

Бу мавзуни таҳририятимиз ижодий йиғилишида икки-уч марта муҳокама этдик. Ҳар хил фикрлар билдирилди. Бугунги замонавий ёшлар хоҳиш-истаклари, инсон ҳуқуқ-эркинликлари мезонларидан келиб чиқиб фикрлашдик. Охири бу масала ўсмир болалар, ёшлар тарбияси, керак бўлса, тақдирига дахлдор, деган хулосага келдик.

Газета таҳририяти ходимларининг иш вақти ҳар куни эрталаб соат 9 да бошланиб, ярим тунда тугайди. Ҳатто тунги соат икки-учдан ошганда ишимиз ниҳоясига етади. Пойтахтимизнинг сукунатга чўмган, осойишта тунларида кўчаларда велосипед ҳайдаб кетаётган ёшларни кўрамиз. Аввалига замон ўзгардида, ёшлар бўш вақтини ўтказиши учун ҳар хил янгиликлар яратиляпти, деб ўйладик. Уларни ҳар тунда кўравергач, «Тавба, бу болалар ва қизларнинг ота-онаси бормикин? Бор бўлса, нега индамайди? Фарзанди ярим тундан ошганда қаерда, ким билан юргани билан нега қизиқмайди, ташвишланмайди?» деган саволлар кўнгилга келди. Янада чуқурроқ ўйлаб кўрилса, кишини хавотир босади:

Айни ухлаб, дам оладиган пайтда кўчада дайдиб, велосипед ҳайдаб юриш уларнинг саломатлигига, тарбиясига, руҳиятига салбий таъсир қилмайдими?

 

Гулбаҳор ПЎЛАТОВА, Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бошқармаси бош мутахассиси:

— Врач сифатида айтишим керакки, уйқу гигиенасининг меъёрлари мавжуд ва у ҳар бир инсон учун алоҳида кўринишда бўлади. Яъни болалар, ўсмирлар ва катталар учун алоҳида меъёрлар белгиланган. Ўртача ҳисобда инсон суткасига 8 соатдан кам бўлмаган миқдорда ухлаши тавсия этилади. Лекин айрим шахслар борки, улар соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда, меҳнатга лаёқати баланд ва фаол бўлишади. Мана шундай тоифа кишилар учун 4-5 соатлик уйқу меъёрий бўлиб, бу уларнинг асаб тизими тўлиқ тикланишига етарли ҳисобланади.

Агар инсон тўйиб ухламаса, сурункали чарчоқни келтириб чиқаради. Натижада асаб тизими бузилиши, диққатни жамлай олмаслик каби салбий оқибатларга олиб келади. Тартибсиз уйқу мия фаоллигини пасайтиради, кун давомида ланжлик ва асабийлашиш ҳолатига сабаб бўлади. Шунинг учун мутахассислар ухлаш гигиенасига амал қилишни тавсия этади. Чунки фақатгина меъёрий уйқу инсон организмини тўлиқ тикланиши ва янги кунга соғлом тарзда етиб келишини таъминлайди.

Шунингдек, тунда велосипедда юриш тавсия қилинмайди. Ушбу спорт туридан оқилона фойдаланишни истаганлар кундуз куни велосипедда сайр қилишлари керак. Шунда ҳам оддий инсонлар учун меъёр талаб этилади. Масалан, велоспортчилардан фарқли равишда улар кунига 1-1,5 соат велосипедда юришлари лозим. Акс ҳолда, бу соғлиқ учун турли салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Бу шифокор фикри.

Энди масаланинг тарбиявий томонига эътибор қаратайлик.

Тунги 2-3 гача бу болалар, ёшлар шаҳарнинг турли майдонларида, кўчаларида кезиб нима ҳақда суҳбатлашишади? Тарбияси бузилмайдими?

Ёшлар кечаси сайр қилиши, велосипед ҳайдаб завқланишини тақиқлаш тарафдори эмасмиз. Аммо ҳамма нарса шифокор айтганидек, вақтида, меъёрида бўлгани яхши эмасми? Биз масалани ўрганишга, велосипед ижараси билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолияти, тартиби, низоми билан қизиқиб кўрдик.

Аввало, велосипедни ижарага беришнинг тартиби қандай? Ана шу саволга жавоб излаб, велосипедни ижарага берувчилар билан суҳбатлашдик. Сайлгоҳ кўчасида ўзини Сардор деб таништирган 20-25 ёшлардаги йигит ижара нархи соатига 12 минг сўм экани, исталган вақтгача олиш мумкинлигини айтди. Фақат гаров эвазига паспорт ёки телефонни бериб кетиш керак экан.

Сардорнинг сўзларига қараганда, велосипедда сайр қилиш вақти чегараланмаган, эрталабгача ишлар экан. Қаергача борсак бўлади, деган саволимизга «шаҳарнинг исталган жойигача, хоҳласангиз уйингизга ҳам бориб келаверасиз», деди. Билмаганларга велосипед ҳайдашни ўргатишини, ўзи бизга ҳамроҳ бўлишини айтди.

Чилонзор ҳудудидаги «Миллий» стадион олдида ҳам ана шундай жой ташкил этилган. У ерга борганда, 14 ёшли мактаб ўқувчисини учратдик. Исмини айтишни истамаган болакай велосипедларни ижарага берувчи экан. «Бироз одамлар камайганда кечроқ келсак бўладими?», деб сўрадим. У эса «Тунги соат 12:30-1:00 гача ишлайман, келаверинг», деди.

Бундан хулоса шуки, эндигина 14 ёшга тўлган болакайга ижара ҳақини тўласангиз, тун ярмигача ухламай, сизни кутиб ўтираверади.

Велосипедчи ёшлар билан суҳбатлашмоқчи бўлдик, аксарияти сўзимизни тинглашни ҳам истамади. Бундан кўра уйда китоб ўқиш, санъат ёки спорт билан шуғулланиш яхши эмасми, деган саволимизга истеҳзоли жилмайиш билан жавоб қайтаришди. Айримларидан эса «уйда зерикаман», «шунчаки, велик учишни хоҳлайман» каби жавоб олдик.

Биз суҳбатлашган мутахассислар фикрича, тунда велосипедда сайр қилишнинг фойдасидан кўра зиёни кўпроқ. Уйқусизлик, толиқиш, вақтни беҳуда ўтказиш, тарбия масалалари... Ҳеч бир ота-она эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Бунинг устига тунги велосипедчилар катта йўлларга чиқиб, пойга ҳам уюштиришар экан. Бу ҳолатлар автомобиль қатновига халақит беради, албатта. Йўлларда фалокат рўй бермаслигига ким кафолат беради?

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.