05.07.2018

ХАЛҚ ХИЗМАТИДАГИ ТУЗИЛМА

Карим Каримов, Олмазор туманидаги 2-ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник:

— Давлатимиз раҳбари туманимизга ташрифи доирасида бўлимимиз фаолияти билан яқиндан танишиб, керакли топшириқ ва тавсиялар берганлиги биз учун ҳам шараф, ҳам катта масъулиятдир. Аслида биз хизмат қилаётган бўлим ҳам айнан Президентимиз фармони билан ташкил этилган. Жамоамиз аъзолари туманимизда жойлашган олтита маҳаллада истиқомат қилувчи 30280 нафардан зиёд турли миллат вакиллари тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга масъулдир. ИИБда профилактика инспектори, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспектори, навбатчи, суриштирувчи, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари, шунингдек, тергов, жиноят-қидирув бўлинмаси тезкор вакиллари фаолият юритиб келмоқда. Яна муҳим бир гап. Бўлимимиз замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги содир этилиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, ҳудудни туну кун назорат қилиш, фуқароларимиз хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда жуда муҳим омил бўлмоқда.

 «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида бугунгача 64 та кўп қаватли уй ва 1884 хусусий ҳовлиларга 500 га яқин видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Бу ўз навбатида ҳудуддаги вазиятдан доимий хабардор бўлиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини қисқа муддатда фош этиш имконини бермоқда. Фуқаролар ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга нисбатан жазо муқаррар эканлигини тушунмоқда. Шу ўринда профилактика инспекторларининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида бир қатор қулайликлар яратилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Жумладан, улар хизмат уйлари ва шахсий автомашиналар билан таъминланаяпти. Бундай қулайликлар профилактика инспекторларимиз зиммасига катта масъулият юклаяпти, албатта.

Бўлим фаолияти ҳақида сўз кетар экан, содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинаётганлиги ҳам ўз самарасини бермоқда. Муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турган шахслар билан якка тартибдаги суҳбатлар, уларнинг оилавий аҳволи, турмуш тарзини уйларига бориб ўрганиш ва ёрдам кўрсатиш жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Осойишталик посбонлари жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фаоллари билан доимий мулоқот ўрнатишга эътибор қаратяпти.

Ҳудудларда ички ишлар бўлими фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолига кўплаб қулайликлар яратди. Фуқароларимиз қонунчиликка оид саволлар, миграция ва фуқароликни расмийлаштиришга оид ҳужжатлар ёки оилавий, қўшничилик муносабатларига доир масалалар юзасидан бу ерга мурожаат қилишяпти. Ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли билан хушмуомалалиги, фуқаролардан ёрдамини аямаслиги, ўртадаги ўзаро ишонч ва ҳурмат маҳаллаларда тинчлик-фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.