26.06.2018

ИЛМ МЎЪЖИЗАСИ ХАЛҚНИ БУЮК МАҚСАДЛАР САРИ БОШЛАЙДИ

Иброҳим ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият  институти ректори, филология фанлари доктори, профессор:

— Илм юксалган юртда фан ютуқлари барча соҳаларга кириб боради. Илмий изланишлар, тадқиқотлар, кашфиётлар мамлакатни, миллатни дунёга танитади. Ислоҳотлар жадаллашади. Бу тамойилларга таянган миллат жаҳон саҳнасида ўзининг мустаҳкам ўрнига, сўзига эга бўлади. Илмнинг ошиши, илмнинг кириб бориши, илм мўъжизаси халқни буюк мақсадлар сари бошлайди.

Ҳеч муболағасиз айтиш ­ке­ракки, Президентимиз ­Шавкат ­Мирзиёевнинг олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш тўғрисидаги қарори олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Қарор матбуотда эълон қи­линганидан сўнг ўтган қисқа вақт ичида олий ўқув юртлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, академиклар томонидан кўплаб муносабатлар билдирилмоқда.

Президентимизнинг ушбу қарори ҳақида «Ўзбекистон овози» газетасида Самарқанд давлат университети ­ректори, техника фанлари ­доктори, профессор Рустам ­Холмуродов, академик Қаландар Абдураҳмонов, профессор Дамин Тўраевларнинг мулоҳазаларини ўқиб, олий таълим соҳасининг таниқли мутахассислари фикрларидан таъсирланиб қўлимга қалам олдим.

Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бугун содир бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар, ислоҳотлар инсоният олдига бир қатор долзарб вазифалар қўймоқда. Муаммоларни бартараф этиш, давр билан бирга қадам ташлаш учун аввало, жамиятда фикрлар хилма-хиллигига эришиш зарур. Дунёга тийран нигоҳ ташлаш, фан ва технологиялар соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлардан доимий хабардор бўлиш, бир сўз билан айтганда, жаҳон фани эри­шаётган ютуқлардан орқада қолмасдан, аксинча, уларга интеграциялашиш керак, деб ўйлайман.

Билим қудрати бугун бутун дун­ёни бошқармоқда. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, қаерда илм-фан ривожланса, ўша давлат тараққий этади. Халқ фаровон яшайди. Шаҳару қишлоқлар обод бўлади. Билим кучи чексиздир.

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар тақдири кимга боғлиқ? Саводли, савияли кадрларга боғлиқ. Бундай мутахассислар қаерда тайёрланади? Олий ўқув юртларида. Бугун олий ўқув юртларимиз ушбу талабларга жавоб берадиган кадрлар етиштиришга қодирми? Бу йўлда қандай муаммолар бор? Минг афсуски, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини Президентимиз қарори бизга яна бир бор англатди. Қарорда муаммолар рўй-рост айтилган, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланган. Олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар масъулиятини янада ошириш, бефарқлик, кўникиш иллатларидан қутулиш кераклиги уқтирилган.

Қарорда профессор-ўқитувчилар фаолиятини, билими ва педагогик кўникмасини баҳолаш тизимининг мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани алоҳида таъкидланган. Ушбу тизимнинг йўлга қўйилмаганлиги сабабли бугун олий таълимда ­фаолият юритаётган педагоглар иш натижасини таҳлил қилиш имкония­ти йўқ. Мазкур ҳолат биринчи нав­батда кадрлар тайёрлаш сифатига путур етказади. Бунинг оқибатида йиллар давомида яхши ишлаган, кўрсаткичи юқори ёки аксинча номига ишлаётган, бирон ютуққа эришмаган профессор-ўқитувчиларга бир хил қараб келинган. Рағбат ва жазо чораларининг етарли даражада қўлланмаслиги туфайли яхши ишлаётганларнинг ишга бўлган муносабати салбий томонга ўзгаради.

Қарорда айтилганидек, ўқи­тишни ташкил қилиш, талабалар билимини баҳолаш борасида ҳам бугунги мавжуд ҳолат мутлақо талабга жавоб бермайди. Шунингдек, олий ўқув юртларига киришдаги тест саволлари абитуриентнинг фикр­лаш қобилиятини аниқлаш имкониятини бермаслиги, иқтидорли ёшларни олий ўқув юрт­ларига қабул қилишда бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат. Мазкур ҳолат йиллар давомида ота-оналар ва жамоатчиликда ҳақли эътироз уйғотиб келаётган эди.

Дунёда қотиб қолган, ислоҳ этилмайдиган жараённинг ўзи йўқ. Барчасини тузатиш, тўғрилаш мумкин, албатта. Тест саволлари на ота-онада, на абитуриентда, на унга мактабда дарс берган ўқитувчида норозилик туғдирмаслиги керак.

Қарорда ўқув жараёни устидан жамоатчилик назоратининг йўқлиги ҳам кескин танқид қилинган. Бунинг натижасида муаммолар пайдо бўлмоқда. Тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Бу олий ўқув юртлари нуфузи тушишига олиб келади.

Президентимиз қарорида олий таълим муассасаларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки, ташаббускорлиги сезилмаётгани кўрсатиб ўтилган. Бу аччиқ ҳақиқатни тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Чунки биз олимлар барча соҳаларда бўлаётган ўзгаришларга ўз вақтида муносабат билдиришимиз, илмимиз билан ёрдам беришимиз, турли лойиҳа ва таклифларни ўртага ташлашимиз керак. Чунки бирор-бир соҳа илм-фансиз тараққий этмайди, ривожланмайди.

Бугун биз XXI асрда яшаяпмиз. Асримиз ахборот асри, технологиялар асри, деб номланган. Дунёнинг ривожланган давлатлари университетларининг расмий веб-сайт­лари талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик билан том маънода фикр алмашиш ва ўзаро мулоқот майдонига айланган. Афсуски, юртимиздаги олий таълим муассасаларининг бу борадаги интилишларини етарли, деб бўлмайди. Бундай вазиятда олимларимиз ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа турли ахборот тарқатувчи манбаларда фаол бўлишлари, фан-техника ютуқларини мунтазам тарғиб этиб боришлари лозим. Мазкур муаммо ҳам Президент қарорида келтирилган. Уни бартараф этиш барчамизнинг вазифамиздир.

Олий таълим муассасалари инновация ва технологик ғоя­лар, фикр ва мулоқотлар марказига айланмагани, халқ хўжалигининг турли соҳаларида мавжуд бўлган ­муаммоларни бартараф этиш юзасидан таҳлил ва таклифнинг йўқлиги, ёш олим ва талабаларда ташаббус етишмаслиги ҳам қарорда кўр­сатиб ўтилган.

Қадим-қадимдан шарқда илмий мулоқотлар, баҳслар, учрашувлар, суҳбатлар мадрасаларда бўлиб ўтган. Бу борада ўша замоннинг забардаст олимлари барчага ўрнак бўлган, йўл кўрсатган. Муаммолар ечимини топган. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз илм аҳлини қадр­лашган, эъзозлашган, давраларнинг тўрига ўтқазишган. Бу шуни кўрсатадики, фан ишлаб чиқаришсиз, ишлаб чиқариш фансиз тараққий этмайди. Бу икки муҳим масала бирлашгандагина юксалади. Инсониятга фойда келтиради.

Бир донишманд айтган экан: «Ёшларга билим беринг, Ватанни севишни ўргатинг». Бугунги кунда олимларимиз ушбу муҳим ҳақиқатни англаб етса, ёшларимизни ушбу ғоя атрофида бирлаштира олсак, қудратимиз ошади, мамлакатимиз юксалади.



DB query error.
Please try later.