12.06.2018

КОСОНСОЙ СУҲБАТЛАРИ

Буюк алломалар юрти

Кейинги икки йилда мамлакатимизда ғайрат ва матонат билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизнинг армонлари, муаммолари камайиб бораяпти. Аҳоли билан мулоқотлар давлат ва халқни якдил қилмоқда. Туман, шаҳарлардаги идора, ташкилотлар раҳбарлари халққа содиқ хизмат қилишдан бошқа ҳақ йўл йўқлигини чуқурроқ англаб бормоқда.

 

Президентимиз 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташриф чоғида Наманган — кўплаб буюк алломаларнинг бешиги бўлганига алоҳида тўхталди. Бу кўҳна юртда Махдуми Аъзам ­Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварларга эҳтиром билдирди. Шу жумладан, Косонсой тумани маънавияти тарихидан кўп мисоллар келтириб, бу бойликнинг қадрига етишга чақирди.

Дарҳақиқат, Наманган маърифат ўчоғи бўлса, Косонсой шу ўчоқни оловлатган оташининг энг йирик бўлакларидан бири. Республика маънавият ва маърифат марказининг ишчи гуруҳи Косонсой туманида ижтимоий-маънавий муҳитни, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш йўлларини ўрганиш, ишлатилмаётган ресурсларни ишга солиш, янги йўналишларни жорий қилишнинг «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида туманга келди.

...Косонсойни яёв кезсангиз, ажойиб манзараларни кўрасиз. Саҳардан эшиклар олди супурилган. Аксарият одамлар кунни тонгги соат 3 дан бошлайди. Эрталаб соат 8:30 да икки тоифа одамларни кўрасиз. Бири — давлат ишига бораётган кишилар, иккинчиси — ишини битириб, даладан қайтаётган мамнун деҳ­қонлар.

«Қозон-товоқ ювуқсиз уйдан барака қочади», деган қоида амалда. Мана шу эмасми, биз оммалаштиришни истаётган, аждодлардан қолган, «ишлаётган маънавият», турмуш, меҳнат маданияти?!

Биз Косонсойни кезиб, кўп яхши одамларни, кишини қувонтирадиган янгиликларни кўрдик. Асосий мақсадимиз жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрлаш эди.

 

МУАММОЛАР ВА ТАКЛИФЛАР

Туман мактабларидан бирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Нодир Ёқубов билан суҳбат қурдик. У «Маҳаллаларда ёшлар билан ишловчи етакчи штати ташкил этилса, яхши бўларди», деди. Бу таклиф туман ёшлар иттифоқи бўлими, туман меҳнат бўлими томонидан бажонидил қабул қилинди.

Мактаб, коллежларда тарбиявий ишларни ташкил қилишда услубий муаммоларга дуч келдик. Бир ёш директор ўринбосари ота-оналардан шикоят қилди: «Ўқувчилар тарбиясига баъзи оналар нотўғри муносабатда бўлишаяпти. Яқинда бир оилага бориб, «Ўғлингиз яна формасини киймай келди. Назорат қилсангиз бўлмайдими?», десам, «Ҳой укам. Намунча дўқ қиласиз? Сиз аввал икки-уч болани туғиб, тарбиялаб қўйинг, кейин менга ўргатинг, дейди», деб нолиди.

Унга: «Ука. Ўқувчининг ўзи билан қандай гаплашган эдингиз? Синф раҳбари, ота-оналар кенгаши йўқми? Агар сиз раҳбар бўлиб, уларнинг ишини тўғри ташкил қилсангиз, улар ўз вазифаларини тўғри бажаришарди. Сиз бундай гапирмаган ва изза бўлмаган бўлардингиз. Тарбияни тизимли йўлга қўйиб олинг, уйма-уй сарсон бўлиб, бесамар юрмайсиз. Тизим ишлайди», деб услубий ёрдам берилди.

Имом хатиб Аҳмадхон Солиҳов: «Мен бундан 10 йил муқаддам Макка, Мадинага зиёратга борганимда кутубхоналарда «Косоний» тахаллуси билан ёзилган 200 номдаги китобни кўрдим.

Дунёнинг энг нуфузли ал Азҳар университети ректори билан суҳбатлашдим. Гап орасида Ўзбекистоннинг Косонсойидан эканлигимни, у ердан кўп алломалар чиққанини айтдим. Шунда у «Косоний» сўзини эшитгач, «Сиз абу Бакр Косоний ҳазратларининг юртиданмисиз?», деб, менга алоҳида ҳурмат кўрсатди.

— Косоний ҳазратларининг «Ал Бадоий Саноий» китоби оламга машҳур. Бу китоб ҳадисдан кейинги энг мўътабар манба деб ҳисобланади. Ер юзининг имомлари ҳозир ҳам Косонийнинг шу китобидан ҳукм чиқаради, — деди у.

— Ҳа, айтгандай. У зот туғилган жойда бир серсув сой бўлган. Шу сой ҳозир ҳам оқаяптими?, деб сўради мендан.

— Ҳа, оқаяпти, дедим.

Ал Азҳар раҳбари Косоний бобомиз руҳларига дуолар қилди. Мен у кишининг бобомиз, Косонсой ҳақида завқ билан сўзлашига қараб, ҳам қувондим, ҳам ул зот ҳақида билимларимиз йўқлигидан рости, уялдим.

Президентимиз Наманганда қилган маърузаларида бобомиз ҳақида алоҳида тўхталдилар. Шулардан келиб чиқиб, Косоний бобомиз ҳаёти, ижодини ёш авлодларимизга ибрат қилиб, бир мажмуа бино қилинса, кўп савобли иш бўларди...

Ёшлар иттифоқи фаоли М.Қосимова шундай таклифни билдирди: Юртимиз тарихий хазиналар ўлкаси. Мана, «Самарқанд, Бухоро, Хива, қайдасан?», деб ер юзидан сайёҳлар оқиб келаяпти. Косонсойда ҳам шундай обидалар бўлган. Уларнинг бўлаклари сақланиб қолган. Мана, ёнгинамизда Кушон давлатидан қолган 2300 йиллик ёдгорлик — «Муғ қалъаси» турибди. Бир вақтлар бу ерда археологик қазишмалар бошланган эди. Негадир тўхтаб қолди. Бунақа очиқ осмон остида сақланиб қолган иншоот, обидаларни кўриш ҳар бир туристнинг орзуси. «Муғ қалъаси» туристик масканга айлантирилса, ҳам даромад келади, ҳам юртимиз яна бир тарихий-маданий қадриятга бойийди. Қўшимча иш ўринлари яратилади.

 Туман марказидаги 2-мактаб жамоасидан ҳам бир таклиф тушди: Косонсой туманида Саъдий Шерозий шоҳкўчасидан, Янгиқўрғон трассасидан ҳар куни минглаб автомашиналар ўтади. Серҳаракат кўчадан 2-мактаб ўқувчилари ҳар куни икки марта кесиб ўтишади. Фалокатлар ҳам бўлган. Шунинг учун ота-оналар болалари мактабдан соғ-саломат қайтгунча юрак ҳовучлаб туришади. Ҳозир барака топгур информатика ўқитувчимиз ҳар куни эрталаб, қўнғироқ чалингунича қўлида видеокамера тутиб, йўл ёқасида туради. Камерани келаётган автомобилларига қаратиб, гўё уларни суратга олаётгандек, ҳайдовчиларни секинроқ юришга чорлаб туради. Бир илтимосимиз бор. 2-мактабга кириш жойида кўчага светофор ўрнатилса. Бу таклиф ҳам «Йўл харитаси»га киритилди.

Маълумки, Ватан туйғуси, ўзликни анг­лаш ўз-ўзидан амалга ошмайди. Оширилади. Бунинг учун ўқувчилар дунёқарашини яқиндан-узоққа, танишдан-нотанишга қараб кенгайтириб бориш керак. Косонсойда туғилиб-ўсган, шу ерда яшаётган ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фан, адабиёт, санъат, спорт ва бош­қа соҳаларда ютуқларга эришиб, ҳурмат қозонган киши кўп. Улар билан йиллик жадвал асосида жонли учрашувлар ўтказилса айни муддао бўларди, деган таклифлар олинди. Бу таклифларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

Яна бир гап. Мактаб раҳбарларидан бири «Мактабларда фан тўгараклари самара бермаяпти. Фан ўқитувчиларимиз тўгаракни номига ўтказишаяпти. Тўгаракларни пулли қилсак, яхши бўларди», деди.

Унга фан тўгараклари машғулотлари ўрнатилган юклама доирасида, жамоатчилик асосида ўтказилиши қонуний асосга эгалиги тушунтирилди. Ижро назорати сифатини ошириш йўллари кўрсатилди. Туман ташкилотлари, туман таълим тизими, мактабларни бошқарув тизими масъуллари малакаси ва масъулиятини ошириш бўйича мутасаддиларга тавсия­лар берилди.

Косонсой туманида 5та клуб бор, лекин ишламаяпти. Фаоллар ана шу клубларни таъмирлаб, ишга туширишни сўрашди. Бу — халқ маънавий эҳтиёжларининг овози эди. У эшитилди, дастурда ўз ўрнини топди. Аввало мана шу талабнинг ўзи одамни қувонтиради. Америкалик олим Абраҳам ­Маслоу ўзининг дунё тан олган «Эҳтиёжлар назарияси (need theory)»ни ишлаб чиққан. Булардан 2 таси — физиологик, хавф­сизлик эҳтиёжлари. Қолган 3 таси маънавий, яъни ижтимоий (мулоқат, ҳамкорлик), эътибор (ҳурмат-иззат, обрў, эътироф) ва маънавий (билиш, ўзини намоён қилиш, ўзлигини англаш)дир. Бугун халқимизнинг ана шу иккинчи — маънавий эҳтиёжлари ошаётгани кузатилмоқда. Бу ўзгариш янгиланиш мамлакатимизда бугун олиб борилаётган янги сиёсат қанчалик ҳаётийлигини ёрқин тасдиғидир.

 

АЖРАЛИШЛАРНИНГ САБАБИ

Кўтарилган масалалар ичида оилавий ажримлар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Икки ёшнинг ёстиғи нега икки бўлакка бўлинаяпти? Ким бўлаяпти? Нима бўлаяпти? «Фалончининг турмуши бузилибди», деган гапни халқимиз фожиали шум хабар деб билган. Чунки «ажралиш» сўзида мунг, азоб, армон бор. «Ажрашган», деган сўз собиқ эр-хотинга, уларнинг ота-оналарига қора тамға босади. Одамлар энди уларга бечора, бахтсиз одамлар, деб қарашади. Биз «характерлари тўғри келмай қолибди», деган хабарни «ҳмм.... », деб лоқайд қабул қила олмаймиз. Ташвиш ва ҳамдардлик билан қабул қиламиз. Негаки, эр-хотинни фақат ўлим ажратиши мумкин, деб биламиз.

Бугунги ажралишларнинг «дояси» — иқтисодий етишмовчиликлар эмас. Очлик ҳам, тўқлик ҳам эмас. Кеча тўғри келиб, бугун «тўғри келмай қолган», туфлига ўхшаган характерлар ҳам эмас. Сабаб — берилмаган тарбия. Йигит-қизни балоғат йилларидан бошлаб келин-куёвликка, эр-хотинликка, ота-оналикка, қайната-қайноналикка ҳар куни, оз-оздан, тайёрлаб борилмаганида.

Индамасангиз, ҳамма нарсани бойликка боғлашга уринишади. «Бой келин», «бой куёв» деган бузғунчи, ялтироқ иллат — ана шундан. Аслида шундайми? Йўқ. Эътибор беринг: «бой» деган сифат «келин»дан ҳам, «куёв»дан ҳам олдинга ўтиб олган. Демак, биринчи ўринда инсон эмас, матоҳ — бой(лик)ни кўраяпсиз. Инсон — «келин-куёв» эса, иккинчи ўринда турибди. Одам матоҳга илова бўлиши мумкинми? Асло! Унда нега ИНСОНЛАР (куёв/келин) бойликка илова қилинмоқда(!?).

Ёш йигит-қиз болаликдан ота-она ҳисобидан боқимандаликка ўргатилган бўлса, бу аввало икки ёшнинг шўри. Ундан сўнг, тарбия ўрнига пул тутган қуда(ота-она)ларнинг шўри. Келин-куёв — эр-хотин бойликни «қўш ҳўкиз» бўлиб, меҳнат қилиб топиши керак. Бойликни бирга яратишнинг завқу заҳмати ёш эр-хотинни бир тан-бир жон, қадрдон дўст қилади. Бир-бирини авайлашга, қадрлашга ўргатади. Бир-бирини нафасидан, қарашидан, сўзсиз тушунадиган, жони бир икки одамга айлантиради.

Сўзга чиққанлар ажримларнинг олдини олишга қаратилган айрим тартибларни такомиллаштириш керак, дейишди. Масалан, ФҲДЁда имом бўлажак келин-куёвлар билан суҳбатлашиши жорий қилинган. Бу жуда яхши иш бўлди. Лекин имомларнинг айтишича, бу суҳбатга жуда кам вақт ажратилган. ФҲДЁ ҳам, қудалар ҳам «тез бўлинг, тез бўлинг, кеч қолаяпмиз», деб эшикни очиб қарайвериб, имом-хатибларни шоширишади. Биров — кўз, биров — қош, «ўзбекчилик». Оқибатда келин-куёвга оила, маҳр, эру хотин бурчлари, ҳуқуқларини тушунтириш суҳбати нари борса, 20 минут давом этмоқда. Имомлар ҳам «суҳбатлашилди», деб қўл қўйиб беришга мажбур бўлишаяпти. Имом-хатибларимиз бу тартибни такомиллаштириш таклифини билдиришди.

Муаммонинг «ичига кириб», ажралиш сабабларидан яна бирини «тутиб олдик». Маҳалла фаоллари уни мактаб, коллежларда ўқитилаётган «Оила психологияси» фанини ўқитишнинг самарасизлигидан топишди. Ҳақ гап. Чунки дунёда бундай фанлар ҳаётий мисол, фактлар таҳлили — «кейс-стади» технологияси асосида ўқитилмоқда. «Оила психологияси» фани эса шундай ҳаётий мисоллардан бебаҳра. Ҳаётий фактларни тушунтирмаяпти. Кўрсатмаяпти. Огоҳлантирмаяпти. Олдини олишни ўргатмаяпти. Чунки «тушунтириш», «кўрсатиш», «ўргатиш» — педагогик иш. Шу сабабли «Оила психологияси» фанини «Оила маданияти», деган номда, интеграл фанга айлантириш вақти келди.

 

КИТОБЛАР СОНИ ВА НАРХИ

Суҳбатдошларимиз китобларнинг сони, тури кўпаяётганидан мамнун. Аммо нархидан норози. «Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан биз китобхон миллатга айланаяпмиз. Илгари чойнак-пиёла, сочиқ, глам совға қилинарди. Ҳозир совғага китоб олиш урф бўлаяпти. Лекин китобларнинг нархи қиммат. Совғага арзирли, кўзга кўринарли битта китоб 20 мингдан 90 минг сўмгача туради. Китоблар нархининг нега баландлиги махсус ўрганиб чиқилса, яхши бўларди», деган тилак ҳам билдирилди.

«Қоронғи деб тундан нолиш ҳам мумкин, бир шам ёқиб, йўлни ёритиш ҳам мумкин, деган эди Конфуций. Шундай қилиб, «Йўл харитаси»га киритилган 53 муаммодан бир қатори жойида ҳал бўлди. Туман марказида катта кутубхона қурилиши бошлаб юборилди. Тумандаги 70та дўконда китоб бўлимлари очилди. Энди ҳар куни косонсойликларнинг кўзлари 70 жойда уларни кутаётган китобларга тушади. Китоблар уларнинг эътиборини жалб қилади. Ўзини ўзи реклама қилади. Шунингдек, туманда жиноятчиликнинг олдини олиш, томорқадан унумли фойдаланиш, тумандаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг мактабларга гастролларини ташкил қилиш, туман марказида қурилаётган Ёшлар марказига Аловуддин Абул Бакр Косоний номини бериш, алломанинг китобларини таржима қилиш, ёшларда диний-маърифий билимларни шакллантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, бозорлар маънавий муҳитини такомиллаштириш, турли акциялар, мулоқотлар ўтказиш, қўлланмалар чоп қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

 

ХАЙРЛАШУВ

Косонсойдан чиқиб, «Муғ қалъаси»дан ўтиб, тўхтаб, ортимизга қарадик. Тоғлар ва боғларга чулғанган, маърифат билан зиёланган Косонсой билан, ҳамсуҳбатларимиз билан ғойибона хайрлашдик. Ҳамроҳимиз Турсун Муродга илҳом келди. Косонсойга қараб, баланд овозда мана бу тўртликни ўқиди:

Булбуллар, гулларга ошно тутинган,

Ҳар тараф гулбазм, муҳташам чорбоғ.

Дунё пештоқига тожни кийдирган,

Асли биз эрурмиз, дуоси кўп — тоғ!

Бу сатрлар эртанги кунга ишонч ва завқ билан яшаётган Косонсой аҳлига бизнинг эҳтиромимиз, дил изҳоримиз бўлиб қолади.

 

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,

Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари,

педагогика фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.