Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
13.03.2018

ҒАВҒО НИМАДАН БОШЛАНДИ?

Бухоролик фуқаро Сабоҳат Асадова тўрт йилдан буён ўзининг поймол бўлган ҳуқуқини тиклаш учун курашиб келмоқда

Ишонмасангиз, бундан тўрт йил муқаддам Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан тадбиркор Сабоҳат Асадова устидан қўзғатилган жиноий иш билан танишиб кўринг. Бу иш дастлаб маъмурий, кейин жиноий ишга айланиб, семиргандан-семирди, 19 томга етди...

1994 йилда эр-хотин — Сабоҳат Асадова ҳамда Шуҳрат Негматов «Сурайёбону» шахсий савдо ва ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиб, шаҳар бозори ҳудудидан чакана савдо билан шуғулланадиган озиқ-овқат дўкони очади. Сабоҳат дўконни юритади, Шуҳрат ҳисобчиликни олиб боради. Фарзандлари Меҳринисо билан Сурайё у пайтда мактабда ўқирди.

Ишлари юришиб кетган оила 2007 йилда ўз фаолиятини кенгайтириш учун бизнес режа асосида ҳокимият рухсати билан олинган ер майдонида маиший хизмат ва савдо маж­муасини қуриб ишга туширади. Ўша йили содир бўлган автоҳалокат туфайли оила бошлиғи Шуҳрат Негматов қаттиқ мия чайқалиши туфайли 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Корхона ҳисобчилиги оиланинг бош фарзанди Меҳринисо зиммасига тушади.

Мажмуа ишини юритиш ёлғиз ўзига қолиб кетган Сабоҳат Асадова 2011 йилда чакана савдо фаолиятини вақтинча тўхтатади ва бу ҳақда тегишли банк, солиқ ва бошқа идораларга, савдо-саноат палатасига хат беради. 2014 йилгача Меҳринисо Негматова мажмуа фаолият юритмаётгани ҳақида ҳар ой ҳисобот бериб борган.

Шу орада Бухоро шаҳар бозори қайта қурилиши муносабати билан унинг ҳудудидаги савдо шохобчалари қатори Сабоҳат ­Асадовага тегишли дўкон ҳам бузиладиган бўлиб қолди. Бузилган дўкондан олинган, иморат пойдевори учун ишлатиладиган 70 дан зиёд цемент блок ва бошқа қурилиш материаллари Сабоҳат Асадова оиласи яшаётган уй рўпарасидаги майдоннинг бир четига йиғиб қўйилди...

2014 йилнинг 6 октябрида Бухоро шаҳар прокуратураси ходими Амрулло Мақсудов (бегона эмас, холасининг куёви!) Меҳринисо Негматованинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, иморат қурмоқчилигини, уларга тегишли бетон пойдевордан бир қисмини бериб туришларини сўради. Меҳринисо цемент пойдевор насияга берилмаслигини, нақд пулга сотилишини айтди. Прокуратура ходими қурилиш материалини бепул олиб кетишни мўлжаллаган шекилли, бундан аччиғи чиқади, Меҳринисога: «Бундан буён дўконингда қандай ишлашингни кўраман», — деган мазмунда пўписа қилади...

— Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди, — дейди Сабоҳат Асадова.

Хонадон соҳиби, эри Шуҳрат Негматовнинг хаёли паришонлиги сабабли Сабоҳат Асадова савдо мажмуаси калитини уйда қолдирмай, ўзи билан олиб юрарди. 2014 йилнинг 13 октябрь куни сафарга кетаётиб, калитни уйда қолдиради. Калитга кўзи тушган эри — Шуҳрат Негматовда савдо мажмуасига бориш фикри пайдо бўлади. Калитни олиб, савдо мажмуасига боради, ҳеч қаерда ишламайдиган, баъзан Шуҳрат Негматов билан улфатчилик қилиб турадиган Ванир Харисов бир шиша ароқ кўтариб пайдо бўлади. «Бугун Сабоҳатнинг туғилган куни, ювмаймизми?», — дейди. Улар шишани очиб, бир қултумдан ичишади. Шу пайт Шоҳиста Маъмурова деган аёл дўконга кириб келиб, шу ароқни унга сотишларини илтимос қилиб туриб олади. Бири хаёли паришон, иккинчиси бекорчи бўлган бу икки эркак оғзи очилган ароқни унга сотишади. Аёл чиқиб кетиши билан мажмуага Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари — Муҳаммад Аслонов, Маъруф Яҳёев, Феруз Баҳриддинов, Назим Абдуллаевлар келиб, «Харидорга ароқ сотиб, патта бермади», деган мазмунда Шуҳрат Негматов номига далолатнома тузиб, расмийлаштиришади. ­Сабоҳат Асадова сафарда бўлгани учун ­Муҳаммад Аслонов Меҳринисо Негматовага қўнғироқ қилади ва у келгач, дўкондаги маҳсулотларни тегишли тартибда ҳужжатлаштириб, вақтинча сақлаш учун Бухоро шаҳридаги «Баракоти падарон» хусусий корхонасига қарашли савдо шохобчасига топширмоқчи бўлади.

Меҳринисо корхона раҳбари, яъни онаси сафарда экани, у келганидан кейин қолдиқ товарларни унинг рухсати билан олишлари мумкинлигини айтиб, солиқчилар йўлини тўсади. Муҳаммад Аслонов эса шаҳар ИИБга қўнғироқ қилиб, улардан ўзи текшириш ўтказаётган мажмуада жамоат тартибини сақлаш тўғрисида ёрдам сўрайди. Чақирув асосида дўконга келган ИИБ ходимлари — Субҳон Шокиров, Элёр Эгамбердиев, Жамол Сайлиев, Сардор Шерназаров, Бекзод ­Жумаев «ДСИ ходимлари хизмат вазифасини бажараётганида, Меҳринисо Негматова уларга қаршилик кўрсатди», деган мазмунда далолатнома тузади, унга милиция ходимлари ҳамда солиқчилар томонидан таклиф этилган икки нафар гувоҳ ҳам имзо чекади.

 Ўша куни кеч соат 20:00 ларда Сабоҳат Асадова мажмуага келиб, Бухоро шаҳар ДСИ томонидан текшириш учун берилган ҳужжатларни кўриб: «Шу қолдиқ маҳсулотлар керак бўлса, рўйхат қилиб олиб кетинглар», — дейди. Ҳужжатлаштирилган маҳсулотлар олиб чиқиб кетилади. Меҳринисо Негматовани ҳам Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармаси 1-шаҳар милиция бўлимига олиб бориб, тушунтириш хати олинади ва бўлиб ўтган ҳолатни ҳужжатлаштириб, ўзини қўйиб юборишади.

Бу ҳаракат ким томонидан ташкил этилаётганини гумон қилган она-бола Асадовалар шаҳар прокуратурасига шикоят ёзишади. Улар бу ишлар прокуратура ходими Амрулло Мақсудов томонидан уюштирилмоқда, деган фикрга келишади.

Меҳринисо Негматовага нисбатан тайёрланган материал маъмурий чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига берилади. Лекин бу иш негадир кўриб ­чиқилмай, бир ойдан кейин шаҳар прокуратурасига ўтказилиб, она-бола Асадовалар устидан жиноий иш қўзғатилади ва қайтадан тергов ишлари бошланади.

2015 йилнинг 16 февралида Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан Асадоваларга тегишли мажмуада йўл қўйилган қонунбузарлик ва кўрсатилган камчиликлар бўйича тайёрланган ҳужжатлар Бухоро вилоят хўжалик судига берилади. Хўжалик суди шу ҳужжатлар бўйича «Сурайёбону» шахсий савдо ва ишлаб чиқариш корхонасига 48 миллион сўм жарима солиш, агар тўланмаса, унга тегишли бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради. Она-бола қариндош-уруғдан қарз кўтариб, тақинчоқларини гаровга қўйиб, 48 миллион сўмни бир бало қилиб тўлайди. Мақсад — корхонани сақлаб қолиш, кейинчалик курашиб, ҳақ эканликларини исботлаш эди.

Аммо бу ҳали ҳолва экан. 2015 йилнинг 19 апрелида (якшанба куни!?) она-болага 20 апрель куни уларнинг ишини кўриб чиқиш ҳақида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан телефоно­грамма берилади. Лекин бу телефонограмма Асадоваларнинг қўлига етиб келмайди, суд ҳам бўлмайди.

Бироқ 2015 йилнинг 24 апрель куни кеч­қурун она-бола ўз уйида кечки овқатга ўтирганларида, 3-4 нафар ички ишлар ходимлари «Дамас» автомашинасида келиб, уларни чақиришади ва Бухоро шаҳар ИИБга олиб кетишади. У ерда Сабоҳат Асадовани бир соатлар чамаси ушлаб, қандайдир ҳужжатлар тайёрлашади, кейин уни ­Бухоро вилоят қамоқхонасига олиб кетишади.

Меҳринисо Негматова эса ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини бажараётган пайтида уларга қаршилик кўрсатгани учун 355 минг сўм жарима тўлаш шарти билан қўйиб юборилади, Сабоҳат Асадова эса 1 майгача — бир ҳафта мобайнида қамоқхонада ушлаб турилади. Шундан кейин судья Шуҳрат Тўхтаев раислигида ўтказилган судда Сабоҳат Асадовага дўконда муддати ўтган маҳсулотларни харидорга ўтказиш мақсадида сақлаб тургани учун 11 миллион сўм жарима тўлаш жазоси тайинланади, Меҳринисо Негматовага ДСИ ва ИИБ ходимларини ҳақорат қилгани ва безорилиги учун Жиноят Кодексининг тегишли моддалари қўлланилади, унга нисбатан чиқарилган ажримда амнистия билан жазодан озод қилинади.

Бу жазодан норози бўлган она-бола аппеляция тартибида шикоят хати ёзишни давом эттиришади. 2015 йилнинг 3 июнида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида бу иш қайта кўриб чиқилиб, судья Шуҳрат Тўхтаев томонидан Сабоҳат Асадовага нисбатан чиқарилган ҳукм бекор қилинди, Меҳринисо Негматовага нисбатан чиқарилган ажрим эса ўз кучида қолдирилди.

Апелляция тартибида ёзилган шикоят бўйича бу иш Жиноят ишлари бўйича бир қатор туман, вилоят судларида қайта-қайта кўриб чиқилди. Натижада Сабоҳат Асадовага нисбатан белгиланган 11 миллион сўм жарима аввал 2 миллион сўмга, кейин эса бир миллион сўмдан сал ошиқроқ миқдорга туширилди.

2016 йилнинг 15 февралида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Шомурод Эргашев бошчилигида кўриб чиқилган ишда 2014 йил 13 октябрь куни Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси ходимлари томонидан «Сурайёбону» шахсий савдо ва ишлаб чиқариш корхонасида ­ўтказилган қисқа муддатли текширув асоссиз бўлгани ва ҳужжатлар сохталаштирилгани сабабли Сабоҳат ­Асадовага қўйилган айблар ноқонуний деб топилди ва унга нисбатан 2015 йилда Бухоро вилоят хўжалик суди томонидан қўлланилган Жиноят кодексининг шу ишга тааллуқли 140-моддаси «а» банди, 186-моддасининг 1-қисмини бекор қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Унга кўра, Сабоҳат Асадова томонидан давлат фойдасига ундирилган 48 миллион сўм миқдоридаги пул энди корхона эгасига қайтарилиши керак эди. Лекин орадан икки йил ўтса ҳамки, ҳали ҳанузгача Сабоҳат ­Асадова хўжалик суди томонидан тўлашга мажбур қилинган 48 миллион сўм жарима пулини қайтариб олгани йўқ...

2017 йил 3 августда Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг уч нафар ­судьяси томонидан икки кун мобайнида ­Сабоҳат Асадова ва унинг қизига нисбатан очилган 16 томлик «жиноий иш» ўрганилиб, гувоҳлар сўроқ қилиниб, уч йил давомида суд-ҳуқуқ идоралари томонидан қўйилган барча айблар ва чиқарилган ажримлар бекор қилинди, лекин уларнинг судланганлик ҳолати шундайлигича қолдирилди. Бундан норози бўлган она-бола шикоят хати ёзишда давом этди. 2017 йилнинг ноябрида бу иш Олий суд томонидан кўриб чиқилди ва Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг қарори ўз кучида қолди...

Ниҳоят, 2018 йилнинг 17 февралида Бухоро вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Д.Файзиев имзоси билан Сабоҳат Асадова ва қизи Меҳринисо Негматовага ЖИБ Қашқадарё вилоят суди аппеляция судлов ҳайъатининг ажримини бекор қилиб, жиноят ишини тугатиш ҳамда уларга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида протест келтириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Республика Бош прокуратурасига тақдимнома киритилгани ҳақида хат келди. Ўйлаймизки, Республика Бош прокуратураси, Олий суд албатта бу хусусда ўзининг адолатли, холис хулосасини чиқаради.

Аммо тўрт йил мобайнида адолат истаб, турли идораларга бош урган, сарсон-саргардон бўлган айбсиз айбдорларнинг чеккан азоблари учун ким жавоб беради?! Сабоҳат Асадова эҳтимол текширувчиларга бош эгмай, қаттиқроқ гапиргандир, эҳтимол ўзининг ҳақлигига ишониб, уларнинг юзига тик қарагандир? Эҳтимол, аламидан ортиқча гаплар қилгандир. Аммо бу ғавғо нимадан, кимдан бошланганига эътибор қаратайлик. Иккинчи гуруҳ ногирони, яна таъкидлаймиз, хаёли паришон Шуҳрат Негматов сотувчи эмас-ку, қолаверса, корхонага ҳеч қандай юридик алоқаси йўқ. Яна бир савол кишини ўйлантиради: корхона фаолият юритмаётган бўлса, хусусий бўлса, солиқчилар корхонадаги маҳсулотларни нега зўравонлик билан олиб кетишади? Бунинг устига, дўкондан ароқ маҳсулотлари топилмаган.

Кимнингдир шахсий алами, зўрма-зўраки уюштирилган текширувлар оқибатида одамларга қанча зиён-заҳмат етди, қанчалаб ­судьяларнинг вақти кетди... Қасддан текшириш ўтказган, сохта ҳужжатлар тайёрлаган, икки фуқарони тўрт йил асосиз азоблаган кишилар қонун олдида жазосини олиши керак эмасми? Бундай ҳолатларнинг айбдорлари тегишли жазони олмаса, ноҳақликлар, адолатсизликлар давом этаверади, қонун бузилаверади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

 «Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.