Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
08.03.2018

«ТИЛХАТ БЕРАМИЗ ШУ ҲАҚДАКИМ...»

Аммо тилхат инобатга олинмади...

«Ҳурматли таҳририят! Сизга фирибгарлардан жабр кўрган бир инсон мурожаат этмоқда. Алданиб қолдим, бошимга кўп балолар ёғдирилди. Судлар эса мавжуд далилларни, ҳолатларни таҳлил қилмасдан, фирибгарлар фойдасига аж­рим чиқармоқда...

Воқеа тафсилоти қуйидагича: Учқун Раҳимов тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида шаҳар ҳокимияти қарори билан Юнусобод тумани, А.Дониш кўчасида ажратилган ерда банкдан олинган кредит ва шахсий маб­лағлари ҳисобидан «Соғломлаштириш, маиший хизмат кўрсатиш ва савдо маркази»ни қуришга киришади. Кейинроқ банкдан олган қарзларини тўлашга қийналиб қолганлиги сабабли, Юнусобод тумани, Соҳибкор кўчасида жойлашган 29-уйни сотувга қўяди. Акасининг қудаси бўлмиш Тошниёзова ва Боймурадов уйни бегона қилмасдан ўзларига сотишини Раҳимовдан қаттиқ илтимос қилишади. Ниҳоят, томонлар ўртасида келишув бўлади. Раҳимовнинг розилигини олган Боймурадов ва Тошниёзова шунча пулни бирданига (850 000 000 сўм) тўлашга имконлари йўқлигини рўкач қилиб, бир йил мобайнида тўлашни бўйинларига олиб, «тилхат» ёзиб беришларини айтишади. Раҳимов қийин аҳволга тушиб қолади: бир томондан сотаман, деб сўз бериб қўйди. Иккинчи томондан қудачилик... Ана шундай хаёллар билан уларнинг таклифига рози бўлади. Шу тариқа харидорлар У.Раҳимовга асосий суммани бир йил ичида тўлаб беришни ваъда қилиб, 2008 йилнинг 3 март куни ўз қўллари билан «тилхат» ёзиб беришади. Раҳимов уларга ишонади. Тилхатда уй-жойнинг нархи 850 000 000 сўм (450 000 АҚШ доллари)га баҳоланганлиги кўрсатилади. Томонлар эртасига, яъни 4 март куни Юнусобод туманидаги 6-сонли нотариусда олди-сотди шартномасини имзолашади. Нотариуснинг ўз мижозларига қараб, пулларингизни ­олдингизми, деган саволига Раҳимов қудалар гапига ишониб «тилхат»ни кўрсатиб, ҳа, олдим, деб жавоб беради.

Вақт ўтган сайин масала кескинлаша бошлайди. Чунки Раҳимовнинг қурилиши давом этяпти. Унга пул сув билан ҳаводек зарур. Орадан беш ой ўтса-да, қарздорлар уйнинг пулини тўлашмайди. Учқун Раҳимовнинг кўнглида шубҳа уйғонади: «наҳотки, бермай қўйишса?..» Ўша куниёқ қудалар билан учрашади. Улар эса «...тилхат берамиз шу ҳақдаким, Раҳимов Учқундан олган ҳовлимиз учун ҳақиқатан ҳам 450 000 (тўрт юз эллик минг) АҚШ доллари миқдорида қарзимиз бор, 2008 йилнинг охиригача қарзимизни тўлиқ узишга ваъда берамиз. Ҳозирги кунда имкониятимиз йўқ», деб ўз қўллари билан иккинчи бор «тилхат» ёзиб беришади. Раҳимов жуда қийин вазиятда қолади. Банкдан олинган кредитнинг муддати яқинлашмоқда, уйнинг пулидан бошқа келадиган маблағ йўқ. Боймурадов ва Тошниёзовалар Раҳимовнинг айнан мана шундай мушкул аҳволга тушиб қолишини кутишган шекилли, улар У.Раҳимовнинг банкдан олган кредитларини ўз қарзлари эвазига ёпиб беришни таклиф қилишади. Қарзни тўлай олмай қийналиб турган У.Раҳимов бунга рози бўлади. Шундан сўнг Тошниёзова ва Боймурадов ўзлари таъсисчи ва раҳбар бўлган «Авто Кредит БММ Сервис» ҳамда «Шоҳруҳ Авто Сервис» МЧЖлар ҳисобидан У.Раҳимов таъсисчи ва раҳбари бўлган «АРНО Эксклюзив» МЧЖ ҳисобига қарзни узиш учун эмас, балки молиявий ёрдам сифатида пул ўтказишади. Раҳимов аввалига бунга эътибор қаратмайди, кейинроқ билиб қолади. Сўнгра қудаларнинг муомаласи совиб бораётганидан хавотирга тушади. Шунинг учун уйининг пулларини ундириб беришини сўраб судга даъво-ариза билан мурожаат қилади. Тошниёзова эса зудлик билан Раҳимовдан берилган молия­вий ёрдамни қайтаришни талаб қилиб, суд­га қарши даъво ариза беради. Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик суди 2009 йил, 29 июлда бу ишни кўриб чиқади. Судда томонлар ўзаро келишув битимини тузишади. Раҳимовнинг битим тузишдан бошқа чораси қолмайди. Агар ўшанда суд Тошниёзова ва Боймурадовга, аввал сизлар берган «тилхат»ингизга мувофиқ қарзингизни узинг, кейин Раҳимов сиз берган «беминнат» ёрдамни қайтаради, деганда, эҳтимол, вазият бунчалик оғир тус олмасди.

Хуллас, тортишув кескинлашади. Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик суди ва Тошкент шаҳар суди масалани Боймурадов ва Тошниёзова фойдасига ҳал қилади.

Уйни қайтариб олишга кўзи етмаган У.Раҳимов ўзаро келишувга рози бўлади. Акс ҳолда уйдан ажралгани етмаганидек, бўйнига «қарз» ҳам илиб қўйишмоқда.

Эр-хотин вақтни ўтказмай ўйлаган янги режани амалга оширишга киришишади. 2014 йил 9 июнь куни Тошниёзова ва Боймурадовлар фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига 2009 йил 21 июлда тузилган келишув битимини «...юзага келган янги ҳолатлар (эр-хотин янги ҳолат сифатида 2009 йилнинг май ойида олдинги сана билан тузилган 01-сонли қалбаки шартномани рўкач қилишади) бўйича қайта кўриб чиқишни сўраб ариза беришади. Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди 2009 йилнинг 21 июлида тузилган томонларнинг ўзаро келишув битимини 2014 йилнинг 16 июль куни бекор қилиб, ишни янги очилган ҳолатлар асосида кўришни бошлайди. У.Раҳимов ҳам ўз навбатида олди-сотди шартномасини бекор қилиб, эр-хотиндан уй-жойининг пулини ундириб олиш юзасидан судга даъво-ариза ёзади. Г.Тошниёзова эса қуйидаги мазмунда яна бир қарши даъво-ариза киритади: — «Низоли ҳисобланган, Тошкент шаҳар, Юнус­обод тумани, Соҳибкор кўчаси, 29-уйни мен 2008 йилнинг 4 март куни жавобгар У.Раҳимовдан олди-сотди шартномаси билан сотиб олганман ва ушбу шартномага кўра низоли хонадон 850 000 000 сўмга баҳоланган эди. Бироқ нақд пул маблағимиз кам бўлганлиги боис, ушбу хонадон учун пулларни бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлашга келишдик ва бу ҳақда «тилхат» бериб, сўнг­ра нотариал олди-сотди шартномасини расмийлаштирганмиз. Тўланиши лозим бўлган 850 000 000 сўм миқдоридаги пул маблағи ҳисобидан «Авто Кредит БММ Сервис» ва «Шохруҳ Авто Сервис» МЧЖларимиз ҳисоб рақамларидан У.Раҳимовга тегишли «АРНО Эксклюзив» МЧЖнинг банкдан олган кредитларини ёпиш учун унинг ҳисоб рақамига молиявий ёрдам тариқасида пул ўтказганмиз. Бизга шу пул маблағларини ундириб беришингизни сўраймиз».

Судья А.Бўриев ишни бир йилга чўзиб, 2015 йилнинг 24 июнь кунида, Г.Тошниёзова ўзи киритган қарши даъво-аризасини қайтариб олганлиги тўғрисида ажрим чиқаради. Г.Тошниёзова ўз даъво-аризасида У.Раҳимовга уй учун келишилган нақд пул ўрнига 2008 йил 3 март куни «тилхат» бергани ва шу асосда 2008 йилнинг 4 март куни олди-сотди шартномаси расмийлаштирилганини тан олмоқда. (Савол туғилади: нима сабабдан суд нотариуснинг шартномасини рўкач қилиб, Тошниёзова бировнинг уйини ўзлаштириб олганлигини тўла исботловчи мазкур ҳужжатни ўз ажрими билан иш материалларидан чиқариб ташлаган?!) Шундан сўнг эр-хотин Боймурадов ва Тошниёзовалар ўз қўллари билан ёзган «тилхат»дан тонишиб, қарзларини олди-сотди шартномасини тузишдан икки-уч кун олдин тўлиқ тўлашганини айтиб, кўрсатмалар беришади. Судьялар эса улардан бир оғиз бўлса-да, «яхши, уйнинг пулини олдиндан тўлаган экансизлар, унда нима учун 2008 йилнинг 3 март ва 26 август кунлари «тилхат» ёзиб бердинг­лар?», деб сўрамайди. Юқоридаги ҳолатлар на туман ва на шаҳар судьяларини қизиқтирмайди. Яна бир саволга эътибор қаратилмаётир. Уй пулини бирданига тўлашга имкони йўқлигини тан олиб, икки марта тилхат ­бераётган эр-хотин қандай қилиб, уйнинг пулини тўлаган бўлиши ва бунинг устига яна Раҳимовга моддий ёрдам кўрсатиши мумкин?! Бироқ Мирзо Улуғбек туманлараро суди 2015 йилнинг 29 июнь кунида шундай қарор чиқаради: «Даъвогар Раҳимов Учқунжон Саитовичнинг жавобгар Тошниёзова Гулнора Султановнага нисбатан пул маблағини ундириш ҳақидаги даъво-аризасини қаноатлантириш рад этилсин. Даъвогар У.Раҳимовдан давлат фойдасига 85 000 000 (саксон беш миллион) сўм миқдорида давлат божи ундирилсин».

2015 йилнинг 5 ва 26 ноябрь кунларида У.Раҳимов томонидан киритилган кассация шикоятлари судья А.Бўриев томонидан ажрим билан қайтарилган. Кейинчалик ишни кассация тартибида кўриб чиққан Тошкент шаҳар суди туман судининг қарорини ўзгартишсиз қолдиради. Натижада ҳам уйидан, ҳам суд жараёнларига тўлаган маблағидан, ҳам ўн йилга яқин кетган вақтидан, асабларидан ажралган У.Раҳимов энди давлатга 85 000 000 сўм пул ҳам қарз бўлиб қолади.

Маълумки, ишни кўриш жараёнида судьянинг ички ишончи катта аҳамиятга эга. Мазкур ишни қайта-қайта кўриб чиққан Мирзо Улуғбек тумани судьяси жавобгарларнинг кимлиги, яъни илгари айнан фирибгарликлари учун бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилганига эътибор қаратмади шекилли. Дарҳақиқат, М.Боймурадов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми — бошқа шахсларга туҳмат қилиш, шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш; 167-моддаси, 3-қисми — ўзгаларнинг мулкини ўзлаштириш, талон-тарож қилиш; 168-моддаси 3-қисми — фирибгарлик; 179-моддаси — сохта тадбиркорлик ва 189, 190, 206, 209, 211, 227, 233, 243-моддалари билан 4 маротаба судланиб, жами ўн бир йил-у икки ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Унинг хотини Тошниёзова устидан ҳам юқорида кўрсатилганидек, фирибгарлиги учун иш очилиб, нима сабабдандир ёпилган... Эҳтимол, айби исботланмагандир.

У.Раҳимов ўз шахсий маблағи эвазига қонуний равишда қурган «Соғломлаштириш, маиший хизмат кўрсатиш, савдо ва ишлаб чиқариш» комплекси 2009 йилнинг охирида ишга туширилиши ва камида 100 та иш ўрни очилиши режалаштирилган эди. Афсуски, 2009 йилдан то ҳозирги кунга қадар бу комплексга «тақиқ» солиб қўйилган. У.Раҳимовнинг айтишича, ҳозирда мажмуа Тошкент туманлараро судининг судьяси Р.Сагатовнинг ҳал қилув қарорлари асосида «ўта арзон» нархланиб, Мажбурий ижро бюроси орқали аукционга чиқарилган. Бундай ҳол кишида ҳар хил шубҳаларни уйғотади. Кимлардир шу йўл билан тадбиркор У.Раҳимовдан мазкур комплексни тортиб олишни мақсад қилиб қўймаганмикин?

Учқун Раҳимов оддий тадбиркор. Маҳмуд Боймурадов ашаддий фирибгар экани муқаддам Жиноят кодексининг қайси моддалари билан судланганидан кўриниб турибди. Бунинг устига, ишда энг муҳим далил ҳисобланган иккита «тилхат» негадир судьяларни қизиқтирмаяпти. Бундай ҳолат суд тажрибасида қандай баҳоланади? Ёки яна бир савол устида ўйлаш керак бўлади. Олди-сотди шартномаси имзоланаётган пайтда нима сабабдан уйни сотишга Раҳимов хотинининг розилиги олинмаган? Иш ҳужжатларини варақлар экансиз, савол кетидан савол туғилади. Айтайлик, янги очилган ҳолатлар нега очиқланмайди? Тошниёзова ўз қўли билан аниқ ёзиб берган исботлар инобатга олинмасдан, нега ишдан чиқариб ташланади? Бизнингча, бу жиноят иши холис ва чуқур ўрганишни тақозо этади. Бирорта тугун очилмай қолса, ҳар бир ҳолатга аниқ юридик баҳо берилмаса, ғавғо давом этаверади. Бундан аввало суд ва қонун обрўсига путур етади, одамлар норози бўлади, жамият зиён кўради.

 

Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

Шоҳруҳ АКБАРОВ.



DB query error.
Please try later.