06.03.2018

ТАДБИР КЎП, НАТИЖА КАМ

Меҳрож ДАРХОНОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши электорат манфаатларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу жараёнда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги 16 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларидаги 202 нафар депутатнинг аксарияти фаол иштирок этяпти.

Ўтган йили вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига электорат манфаатларига қаратилган 50 дан ортиқ депутатлик сўрови билан мурожаат этган. Ҳафтанинг ­пай­шанба, жума ва шанба кунлари депутатлар ўзлари сайланган округларда фуқароларнинг мурожаатлари билан шуғулланмоқда.

Масалан, Тошкент вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзоси Зокиржон Нуров Паркент туманидаги «Чўққайма» маҳалласида аҳоли билан мулоқот ўтказди. Мурожаат асосида 1981 йилда туғилган Элёр Азизбоев оиласининг турмуш шароити ўрганилди. Унинг икки нафар фарзанди ҳам хаста. Катта қизи буйрак етишмаслиги, кичик фарзанди эса гепатит С вируси билан оғриган. Уларнинг онаси Гулмира Азизбекова ҳам буйрак етишмовчилиги касаллигидан етти йилдан буён азият чекади. Даволаниш учун катта харажат, маблағ керак. Албатта, оилани боқиш Элёр Азизбеков гарданида. Қарийб икки йил давомида у туман газ корхонасида ишлаб, оиласини боқиб келган. Аммо Паркент тумангаз унитар корхонасида штатлар қисқаргани боис, 2017 йил 13 сентябрда ишдан бўшатилган. Элёр рўзғор тебратишга қийналиб қолган. Масалага ечим топиш юзасидан Тошкент вилоят ҳамда туман газ корхонасига мурожаат билан чиқилди. Натижада Элёр Азизбеков ишга қайтадиган бўлди.

Ҳар бир депутат партия электорати вакиллари манфаатини самарали ҳимоя этиш учун уларни ташвишга солаётган масалаларни чуқур билиши керак. Бу борада ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши қошида ташкил этилган ­Жамоатчилик қабулхоналари муҳим ўрин тутяпти. Ўтган йили қабулхоналарга мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 85 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолганлари бўйича тушунтиришлар берилган.

Айни пайтда электорат орасида олиб борадиган тарғибот-ташвиқот ишларимиз ҳам мутлақо ўзгарди. Асосий эътиборни муаммолар ечимига қаратмоқдамиз. Масалан, «Ҳар бир инсонга меҳр ва мурувват кўрсатиш — бурчимиз», «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари», «Доимо эътиборимиздасиз», «Халқ билан мулоқот — ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли» лойиҳалари орқали эҳтиёжманд аҳоли манфаатлари ҳимоя қилиняпти. Лойиҳа доирасида барча шаҳар ва туман партия кенгашлари ҳамда партия гуруҳлари билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларни протез, махсус аравачалар билан таъминлаш, уларнинг тураржой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, жа­моат транспортларидан тўсиқсиз фойдаланиши учун пандуслар, платформалар қуриш каби масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, ўрганилмоқда. Мазкур масалалар партия гуруҳлари, доимий комиссия йиғилишлари ҳамда сессияларда кўриб чиқилди.

Яқинда «Ҳар бир инсонга меҳр ва мурувват кўрсатиш — бурчимиз» лойиҳаси доирасида Оҳангарон ва Олмалиқ шаҳарларида кенг қамровли тадбирлар ўтказилди. Ҳомийлар кўмагида икки юз нафар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахсларга совға-саломлар улашилди. Шунингдек, тумандаги Саховат уйи фаолияти ўрганилди. Муассасанинг иккинчи бўлими капитал таъмирланмоқда. 2017 йилнинг июнь ойида фойдаланишга топширилиши керак бўлган бўлимда айни пайтда таъмирлаш ишлари тўхтаб қолган. Ҳозир бунинг сабабларини ўр­ганяпмиз.

Шунингдек, Мурувват уйидаги шарт-шароит билан ҳам танишилди. Муассаса 350 ўринга эга бўлиб, унга 18 ёшдан қабул қилинади. Бино 2013 йилда реконс­трукция қилинган. Бинога иссиқлик қувватини етазиб берадиган қувурларнинг эскирганлиги боис, қиш мавсумида иситиш тизимида муаммолар кузатилган. Хоналар совуқ. Психиатр, невропотолог каби мутахассислар етишмайди. Беморлар бир йилда икки маротаба тиббий кўрикдан ўтишади. Агар беморларни Республика тиббиёт муассасаларида текширишга муҳтожлик бўлса, транспорт воситасидан қийналишади. Махсус автотранспорт воситалари мавжуд эмас. Борлари ҳам таъмирга муҳтож. Муассасада машғулотлар ўташ учун спорт инвентарлари етишмайди. Мазкур масалаларга ечим топиш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Тўғриси, бугунги фаолиятимиздан ўзимизнинг кўнглимиз тўлаётгани йўқ. Камчиликларимизни тузатишга, баландпарвоз гаплардан қочиб, амалий ишларимизни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги фаолиятимизни яқинда партиямизнинг IX пленумида билдирилган танқидий фикр­лар, белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, йўлга қўйишига ҳаракат қиляпмиз.



DB query error.
Please try later.