Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
06.03.2018

МАЪНАВИЯТСИЗ ОДАМ ДАБДАБАГА РУЖУ ҚЎЯДИ

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тўйлар азалий анъанамиз, миллий қадриятларимиздан бири ҳисобланади. Бир-биримизга эзгулик тиласак, яхшилик соғинсак, «Бошингиз тўйдан чиқмасин», деб ният билдирамиз. Тўй — хурсандчилик, қувонч демакдир. Тўй — яхшилик, тинчлик, осойишталик, меҳр-муҳаббат рамзи. Бу миллий қадриятимиз катта тарбиявий аҳамиятга эга. Иззат-ҳурмат, меҳмондўстлик, дуо олиш, эзгу ишларга ундаш, мушоира, айтишувлар шу куни намоён бўлади. Тўй — аслида бахтга замин. Аммо баъзи тўйлар қувонч эмас, ғам-ташвиш келтиряпти. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрадиган вақт келди.

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида бу масалага яна бир карра эътибор қаратди. Айниқса, мутасадди раҳбарлар ҳашаматга, дабдабабозликка ружу қўяётгани, бу жамоатчиликнинг ғашини келтираётгани танқид қилинди. Энди бир ўйлаб кўрайлик, «камхарж тўй қилиш керак», деб тарғибот қилаётган давлат хизматчисининг ўзи дабдабали тўй берса, одамлар буни қандай тушунади?..

Динимизда ҳам ортиқча сарф-харажат қораланади. Инсон омили, унинг манфаатлари, меҳнати қадрланади. Биз айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ҳамма нарсада бўлганидек, тўйда ҳам меъёрга амал қилиш зарур. Акс ҳолда, нохушликлар юзага келиши мумкин. Депутатлар сайловчилар билан жойларда учрашувлар ўтказяпмиз. Хонадонларга кириб боряпмиз. Баъзан «элдан кам бўлмай», деб бор-йўғини бир кунда сочаётган юртдошларимиз билан рўбарў келяпмиз.

Бир аёл боласини ўзи тарбиялаб, набирасига ёрдам пули ололмаётганидан шикоят қилиб мактуб ёзган эди. Хонадонига бордик. Она 37, ўғил 18 ёшда. Келин 17 га тўлиб-тўлмаган, қўлида чилласи чиқмаган чақалоқ. На қизнинг, на йигитнинг бирор ҳунари бор. «Эртароқ турмуш қуришибди-да?», деган саволимизга хонадон бекаси қуйидагича жавоб берди: «Шундай бўлиб қолди-да. Орзу-ҳавас деганларидек. Уйимизни сотиб, тўй қилдик. Қўлимизда куч, белимизда қувват борлигида фарзимизни бажаришни истадик...»

Мен эса ўзимга савол бераман: нега фарзандингиз ўқишини, бирор касб ёки ҳунар эгаси бўлишини ҳавас қилмадингиз? Унинг ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши ҳамма нарсадан, айниқса, ҳашаматли тўй, ҳали тушуниб қадрига етмаган оиласидан устунроқ эмасмиди? Наҳот шу қадар мудроқмиз?..

Маънавий уйғонмасак, ғафлатда қолаверамиз. Тўй бизнинг маънавиятимиздан дарак беради. Эртани ўйламасак, кўрпага қараб оёқ узатмасак, ҳеч ким бўлмай ўтаверамиз. Кимдандир андоза олиб, ким­ўзарга дастурхон ёзиш охир-оқибатда қарзга ботиради, оилани оғир аҳволга солади. Катта данғиллама тўй бахтга кафолат бўлганини ким кўрибди?.. 70 йилга етадиган сеплар билан оилада ким қадр топибди?.. 7 эмас, 70 маҳаллага довруғи етадиган тўй қилиб, 40 қозон ош дамлаб, тарқатган киши яхши одам бўлади, деган қоида ҳеч қаерда ёзилмаган ва унга ҳеч ким раҳмат айтмайди.

Катта тўй қилиб ҳеч ким обрў топмаган. Лекин фарзанд тарбиясига эътибор қаратиб, уни комил инсон этиб тарбиялаган ота-она ҳамиша олқишга сазовор бўлган. Эл корига ярайдиган, ақлли, билимли фарзанд тарбиялаган ота-онага ҳамма ҳавас қилган, ҳамма раҳмат айтган.

Уйимизда, кўнглимизда ҳар куни тўй бўлиши учун фарзандимиз тарбиясига эътибор қаратайлик. Ахир комил фарзанд­га ота-она бўлишдан ортиқ ҳам бахт борми? Ҳеч кимдан кам бўлмайлик, бир умр ғурурланиб юрайлик, десак, катта тўй қилиш эмас, яхши фарзанд тарбиялашимиз керак.



DB query error.
Please try later.