14.11.2017

ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ, ҲАМКОРЛИК

йўлидаги яна бир муҳим қадам

Самарқандда БМТ шафелигида ташкил этилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияда долзарб масалалар муҳокама этилди. Анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклифлар, ҳаётий ташаббуслар иштирокчилар ҳамда кенг жамоатчилигимиз томонидан қизғин кутиб олинди ва фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари ва фаоллари ҳам Президентимиз нутқининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Республикамиз ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантиришдан иборат. Бу эзгу мақсад Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Президентимизнинг нут­қида таъкидланганидек, 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Марказий Осиё минтақаси мамлакатларини минг йиллик қардошлик, яқин қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради.

Халқаро анжуманда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, мазкур ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича долзарб ташаббусларни илгари сурди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, мамлакатимиз атрофида хавфсиз савдо муносабатларини ривожлантириш, давлат чегараларини делимитация ҳамда демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.

Айтиш жоизки, мазкур йўналишлар бўйича ўтган давр мобайнида қатор тарихий ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг илк давлат ташрифлари қўшни мамлакатлардан бошлангани ҳам бежиз эмас. Давлат чегаралари, савдо алоқалари, транспорт коммуникациялари каби масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилди. Самар­қандда ўтган халқаро конференция эса бу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, келажакда амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни белгилаб олишда катта аҳамият касб этади.

Бугун минтақада транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгайгани, товар айрибошлаш ҳажми ошгани, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланаётгани, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар фаоллашаётганини халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида ўзининг позициясида мустаҳкам туриши ва амалий ҳаракатга тайёр эканини яна бир бор исбот қилди.

 

Раимберган САБУРОВ, халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Давлатимиз раҳбари ўзининг чиқишларида ер юзида тинч­ликни таъминлаш ҳамда ёшлар тарбиясига алоҳида урғу бериб, мазкур масалаларда янги ташаббусларни илгари сурмоқда. Қозоғистонда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқларидаги аниқ таклифлар бутун дунё сиёсатчилари, етук давлатлар етакчиларини Ўзбекистонга, унинг бугунги раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатга бошқача кўз билан, илиқлик билан қарашга ундади.

Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказилган халқаро конференция ҳам мамлакатимиз раҳбарининг аниқ таклифларига асосланди. Унда Марказий Осиё минтақасида экстремизм, терроризм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик ҳаракатига қарши курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.

Хусусан, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники», деб ажратишдан воз кечиш, «яхлит хавфсизлик» тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикр илгари сурилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда минтақада барқарорликни таъминлашнинг устувор йўналиши экстремистик ғояларга қарши қатъий курашиш, унинг таъсирига тушиб қолаётган ёшларни тўғри йўлга бошлай билишдан иборатдир.

Ўйлаб кўрайлик, нима учун нутқда айнан тинчлик ва ёшлар тарбияси масаласига алоҳида урғу берилди? Чунки тинчлик бўлса, тараққиёт бўлади, ривожланиш бўлади. Бугун бунёд этилаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бир-биридан гўзал шаҳару қишлоқлар эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларнинг истиқболига хизмат қилиши лозим. Фарзанд тарбияси билан жиддий шуғулланмасак, улар турли нопок йўлларга кириб кетиши, ёвуз кучлар тузоғига илиниб, ёш умрини хазон қилиши мумкин.

Қарийб қирқ йилдан буён уруш тўхтамаган қўшнимиз Афғонистон ҳудудидаги ҳолатни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Яқиндагина дунёда ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган Ироқ, Сурия ёки Ливан давлатларининг бугунги аҳволи билан яхши танишмиз. Бир вақтлар бутун ­дунёдан сайёҳларни ўзига жалб этган гўзал ва бетакрор шаҳарлар бугун вайронага айлангани бор ҳақиқат. Шу ҳақда ўйласак, тинч­лик ва ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётганининг сабаблари аён бўлади.

Марказий Осиё аҳолининг ёши бўйича энг «ёш» минтақалардан ҳисобланади. Унда ёшлар умумий аҳолининг деярли 60 фоизини ташкил қилади.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, улар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шароитлар яратиш, ёш оилаларнинг турмушини янада яхшилаш долзарб аҳамият касб этади. Шу билан бирга, адашган кишиларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал ҳаётга қайтаришда маҳалла фаоллари, нуроний отахону онахонларимиз, хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликдаги ишларимизни кучайтиришимиз лозим. Президентимиз нутқини ўқиб, мен шундай хулосага келдим.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.