09.11.2017

БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ ЯШИРИЛМОҚДА...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхоналарида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 мингга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари рўйхатга олинган. Бу мурожаатлар ҳудудда қандай масалалар долзарб бўлиб турганини акс эттирмоқда.

— Ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, қадр-қиммати турибди, — дейди Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг ­Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Бахтиёр­ Жамолов. — Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сансоларликдан қийналган фуқаро унинг мурожаатига эътиборсиз қараган раҳбарлардан нолиб эмас, жамиятдан норозилик кайфия­тида бу ерга келади. Шундай экан, биз ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашяпмиз. Яна бир муҳим томони, вилоят ҳокими номига киритилаётган таклифларимиз ўз пайтида эътиборга олинмоқда. Хусусан, Халқ қабулхонаси мурожаати асосида вилоятда ҳар якшанба куни ўқувчиларнинг фуқаролик паспортини олиш куни, деб белгиланди.

Маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил ичида вилоят аҳолиси 1 миллион 992 мингдан, 2 миллион 462 минг кишига, яъни ярим миллионга кўпайган. Йиллик ўсиш кўрсаткичи 50 мингдан зиёдни ташкил этади. Бу эса аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини кун сайин оширмоқда. Гарчанд вилоятда кейинги беш йил ичида намунавий лойиҳалар асосида 4400 дан зиёд уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, бу катта эҳтиёжни қондириш учун камлик қилмоқда.

Халқ қабулхонасига келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксариятида фуқаролар оила қурган фарзанд­ларини алоҳида уй-жой қилиб чиқариш учун ер ажратишни, оилавий шароит­ларни инобатга олиб, «ким ошди» савдосидан таш­қари бепул ер участкалари беришни сўрашмоқда.

Вилоят ҳокими номига киритилган таклифга асосан қишлоқ хўжалиги корхоналари эгалигидаги ерлар таркибига кирмаган жойлардан ер участкалари ажратишга қарор қилинди. Унда якка тартибда уй-жой қуришга муҳтож бўлган оилалар рўйхатини шакллантириш, массивларда электр энергия, табиий газ, ичимлик суви ва йўл қурилиши билан боғлиқ инфратузилма объектларини мослаштириш чоралари белгилаб берилди. Мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида биргина Термиз тумани ҳудудида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 2000 оилага мўлжалланган 155,4 гектар ер ажратилди.

Ўтган давр мобайнида вилоятда Халқ қабулхонаси томонидан 29 марта сайёр қабул ташкил этилиб, 849 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди.

Халқ қабулхоналарига иш билан таъминлашга оид кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Ке­йинги беш ҳафта давомида 4 минг 728 ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 591 таси ёки 12,5 фоизи ана шу масалага доир. Мурожаат этганларнинг 75 фоизини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этмоқда.

Ёшларни иш билан таъминлаш долзарб масалалардан бўлган бир пайтда кўплаб корхона, муассаса ва ташкилотларда бўш иш ўринлари яшириб келинмоқда. Чунончи, вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бош шифокори А.Аҳмедов 2016 йил давомида шифохонада 202 нафар фуқарони ишчи-хизматчи вазифасига ишга қабул қилган бўлса-да, Банд­ликка кўмаклашиш марказига бўш иш ўринлари тўғрисида бутунлай нотўғри маълумот берган. Бу жорий йилнинг 14 февраль куни ўтказилган ўрганиш жараёнида маълум бўлди.

Шунингдек, Термиз туманидаги тўртинчи, Ангор, Бойсун, Қумқўрғон ва Денов туманларидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида ҳам бўш иш ўринлари яшириб келинган. Бундай ҳолатда таниш-билишчилик ёки қариндош-уруғчилик асосида ишга қабул қилинмаяптими, деган савол пайдо бўлади.

Айрим ҳолларда корхона, муассаса ва ташкилотлар тақдим этган бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) тўғрисидаги маълумотларга асосан Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ишга юборилган фуқароларга рад жавоби берилмоқда.

Халқ банкининг Қумқўрғон туман филиалида, шунинг­дек, Қизириқ ва Узун туман ободонлаштириш бўлимлари, Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, вилоят қон қуйиш маркази, «Термизшаҳаргаз» филиали ҳамда вилоят поч­та алоқа тармоғи бошқармаси каби кўплаб корхоналарда ана шундай ҳолатларга дуч келинмоқда.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, вилоятда йирик иш берувчи электр ва газ тармоқлари ҳудудий корхоналари, «Ўзбекистон почтаси» АЖ вилоят филиали, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Термиз минтақавий темир йўл узели каби корхона раҳбарлари Бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш ўринлари ҳақида умуман маълумотлар тақдим этмай келган.

Маълумотларга кўра, вилоятда 4670 бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлиб, шундан 3498 таси мутахассислик талаб этадиган лавозимлардир. Соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар билан таъминлаш даражаси 55 фоизни ташкил этади. Халқ таълими тизимида ҳам шунга яқин ҳолатни кузатиш мумкин. Биргина инглиз тили фани ўқитувчиси бўйича 189 бўш иш ўрни мавжуд. Бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш учун қатор ишлар олиб борил­япти.

Бир сўз билан айтганда, муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани хал­қимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Одамлар қисқа пайт ичида эзгу ғоя ва ташаббусларнинг амалий натижаларини ўз кўзлари билан кўрмоқда.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.