09.11.2017

«БИЗНИ УЛУҒВОР МАҚСАДЛАР БИРЛАШТИРАДИ»

Туркия Буюк Миллат Мажлиси Конституциявий ­комиссияси раиси, Адолат ва тараққиёт партиясидан ­(Истанбул) депутат, профессор, доктор Мустафо ШЕНТОП Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифи ҳақида ўз фикрларини билдирди:

— Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари икки мамлакат ўртасидаги одатий бўлган дипломатик муносабатлардан юқорироқ турадиган, узоқ ўтмишга эга бўлган ҳамкорликдир. Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир бўлиши билан бирга тақдири ҳам бирдир. Тарих ва бугунимиз муштарак экан, демакки, келажагимиз ҳам муштарак. Президентларимиз томонидан қабул қилинган қўшма баёнотларда стратегик шериклик ва ҳамкорлик масалаларига алоҳида ўрин ажратилгани ҳам бунинг ёрқин далили ҳисобланади.

 Ўзбекистондаги ўзгаришларни яқиндан кузатиб бораяпмиз. Биринчи Президент Ислом Каримов саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон кўплаб сиёсий ва иқтисодий қи­йинчиликларни енгиб, барқарорликни сақлаб қолди. Мана шу барқарорлик ва ишонч муҳитида дўст ва қардош Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар соҳада янги ривожланиш босқичига кўтарилмоқда. 2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилиниши замирида ҳам улкан ислоҳотларнинг бошланиши кўзда тутилган эди. Шу билан бир қаторда, жорий йилда эълон қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, хавфсизлик, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни ўз ичига олган кенг қамровли ривожланиш сиёсатидир. Бу айни вақтда ҳам иқтисодиётни, ҳам демократияни тараққий эттириш истагида бўлган Ўзбекистон учун кучли иродани ўзида акс эттирган ислоҳотлар жамланмасидир. Зеро, минтақадаги энг муҳим ислоҳотлардан бири қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-хуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўлиб, бу жуда муҳим ва эътиборга лойиқдир. Мазкур ҳужжат Туркия билан дўст ва қардош Ўзбекистон ўртасида ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантиришнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади. Биз, Туркиянинг турли соҳалардаги тажрибасини қардош мамлакат Ўзбекистон билан ўртоқлашган ҳолда биргаликда ривожланиш, юксак марраларга эришиш ва келажак сари ҳаракат қилишни истаймиз. Туркия Буюк Миллат Мажлиси Конституциявий комиссияси раиси ва бир хуқуқшунос олим сифатида ҳар икки мамлакат парламентларининг конституциявий ва хуқуқий комиссиялари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар ривожига муҳим ҳисса қўшишини айтиб ўтмоқчиман.

Анқара шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда Президентимиз Режеп Таййип Эрдўған мазкур ташрифнинг расмиятчиликдан узоқ, биродарлар ўртасидаги самимий учрашув эканини айтиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам барчамизга чуқур таъсир қилган бир ифода билан Қариндошларнинг бир-бирини қанчалик соғинганини тушуниш-тушунтириш учун бирор гап айтишнинг ҳожати йўқ, бу кўзларимиздан, қарашларимиздан яққол сезилиб турибди, деди.

Ҳақиқатан ҳам, ўзбек ва турк халқлари бир-бирларини жуда соғиндилар. Бир томондан, дийдорлашайлик, иккинчи томондан, иқтисодий, тижорий, сиёсий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлигимизни ривожлантирайлик. Туркия ва Ўзбекистон стратегик, сиёсий, географик, минтақавий ва халқаро хавфсизлик нуқтаи назаридан турли хусусиятларга эгадирлар. Вақти-вақти билан бу хусусиятлар ва улар билан боғлиқ амалга ошириладиган тадбирлар турлича бўлиши мумкин. Бундай вақтларда тўғридан-тўғри танқидий ёндошув эмас, балки ҳолатларнинг нозик томонларини тушунишга ҳаракат қилиш, маълумотларга эга бўлиш учун музокаралар олиб бориш, тўғри йўлни танлаш ва дўстона муносабатлар ҳақида гапирар эканмиз, турли вазиятларни тўғри англаш, ҳурмат кўрсатиш янада самарали ва фойдали бўлишига ишонаман.

Қардош икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, биринчи навбатда, иқтисодий ва тижорий муносабатлар бўлиб, шу билан бир қаторда, бошқа соҳаларда ҳам қисқа вақт ичида бундан-да юқори даражаларга кўтарилишига ишонаман. Буни муваффақиятли амалга оширишда барчамизнинг муҳим вазифаларимиз бор. Муносабатларимизнинг бу янги босқичи ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлишини тилаб қоламан.

Фикримни ўзбек қардошларимизнинг Юртларимиз тинч-омон, барқарор давлатимиз мангу бўлсин, деган сўзлари билан якунламоқчиман. «Ўзбекистон овози» газетаси орқали қардош ўзбек халқига салом ва чуқур эҳтиромимни изҳор этаман. Бизни улуғвор мақсадлар бирлаштиради.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.