09.11.2017

ЯХШИЛАРНИНГ МЕҲРИ УНУТИЛМАЙДИ...

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

— Президентимизнинг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкали очилиши тантанасидаги нутқини эшитиб, қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Кўз ўнгимдан тарихнинг синовли ва оғир йиллари бир-бир ўтди.

Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов билан замондош бўлганимдан, бирга ишлаганимдан, жуда кўп марта бу табаррук инсоннинг суҳбатини олганимдан бир умр бахтиёрман.

Шароф Рашидов ғоятда мураккаб бир даврда ­халқимиз, мамлакатимиз манфаати йўлида жуда катта ишлар қилгани, жасорат кўрсатгани бугун барчамизга яхши маълум.

Йиллар, асрлар ўтади. Қаҳрамон шоиримиз ­Абдулла Орипов айтганидек: «Яхшиларнинг меҳри унутилмас лекин, Унутилмас улар олдидаги қарз». Биз ҳам она Ватанимиз ва халқимиз бахти-саодати йўлида ўзини бағишлаган улуғ инсонлар хотираси олдида бош эгиб таъзим қиламиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўплаб хайрли ишлари қаторида кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларни босиб ўтган умр йўлига ҳаққоний баҳо бериш, хизматларини муносиб тақдирлаш, ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатиш борасидаги савобли амалларини алоҳида қайд этишни истайман.

Жиззахда очилган ҳайкал, хиёбон, шунингдек, мемориал музей ва бўлиб ўтган тантаналар бутун халқимизни беҳад қувонтирди. Тарихга замон нуқтаи назаридан холис баҳо бериш керак. Ўшандагина адолат қарор топади. Тарихни тўғри таҳлил қила олмаган, ундан хулоса чиқармаган миллат келажагини ҳам аниқ кўролмайди, тўғри қура олмайди. Бунга яқин ўтмишимизда кўплаб мисоллар бор.

Биз Шароф Рашидов тимсолида ўзлигимизни анг­лаб, халқимизнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйдик, деб ўйлайман.

Шу ўринда мазкур масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Раҳматли ­Шароф Рашидовнинг бутун ҳаёти, ижоди Самарқанд билан чамбарчас боғланган эди. У киши Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиганди. Шу боис ушбу табаррук даргоҳга ўзгача меҳр билан қарарди. У илк китобларидан бирининг номини ҳам «Самарқанд куйлари» деб атаган эди. Мен ўзи туғилган юртга, ишлаган жойига, таълим-тарбия олган даргоҳига алоҳида эътибор билан қарашни Шароф Рашидовдан ўрганиш керак, деб ўйлайман. Бу инсон бир умр Самарқанд давлат университети олимлари билан яқин алоқада бўлди, уларни қўллаб-қувватлади. Академиклар ­Воҳид ­Абдуллаев, Акбар Отахўжаев, профессорлар Ҳамдам Бердиёров, Нуриддин Шукуров, Худойберди Дониёров, Мақсуд Мўминов, Раҳматулла Қўнғуров, Ботир Валихўжаевлар у кишининг ардоғида бўлишган. ­Шароф Рашидов давлат ишларидан ортиб, университет юбилейларида, халқаро анжуманларда ҳам иштирок этган эди. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан у ўқиган ­Самарқанд давлат университетида ёдгорлик лав­ҳаси ўрнатилди.

Жиззахдаги тантаналарда иштирок этарканман, Президентимизнинг нутқларини эшитиб, у киши билан суҳбатлашиб, шундай фикрга келдимки, Ўзбекис­тон яқин вақт ичида дунёнинг энг ривожланган, тараққий этган барқарор, тинч-тотув мамлакатига айланади. Бундай дейишга бугун барча асосларимиз бор. Мамлакатимизда шундай бир олтин ҳалқа яратилдики, кексалар донишмандлиги, тажрибаси билан ёшлар куч-қудрати бирлаштирилди. Мен ишонаман, бундай халқ билан улуғвор мақсадларга эришиб бўлади. Мен ишонаман, Президентимиз халқимизнинг дунё саҳнидаги тарихий ўрнини, ҳурматини янада юксалтиради.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.