04.11.2017

САВОЛ ВА ЖАВОБ

— Моддий ёрдам ва нафақа қай тартибда тайинланади?

Ўктам РЎЗИЕВ, (Қашқадарё вилояти, Касби тумани)

 

Улуғбек АМИНОВ, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Моддий ёрдам ва нафақа тайинлаш тартиби норматив ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бўлиб, уларга асосан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш махсус жамғармалари ташкил этилган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланган. Унда болали оилаларга ҳамда бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосининг даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши қайд этилган.

Шунингдек, тарбияси билан қариндошлар шуғулланаётган ота-онаси бўлмаган болалар, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Ногирон фарзанди бўлган, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказида ҳисобда турган оилалар, ёлғиз оналар, ёлғиз пенсионерларга ҳам шундай ҳуқуқ белгиланган.

Нафақа ёки моддий ёрдам олишга эҳтиёжманд, деб топилган оила уларнинг фақат бир турини олиши мумкин.

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки оила аъзосининг ёзма аризаси бўйича берилади. Фарзанд парвариши бўйича нафақа эса боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Ариза берилгандан бошлаб уч кун ичида оила аъзоларига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқланади. Ўн кун муддатда моддий ва мулкий ҳолатга қараб, нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёхуд рад этиш тўғрисида хулоса қилинади.

 

— Боғча ёшидаги фарзандим бор. Шунинг учун мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ ўзгаришлардан хабардор бўлиб боришга ҳаракат қиламан. Эшитишимча, мазкур тизимда ислоҳотларни янада яхшилаш билан боғлиқ чора-тадбирлар олиб борилаётган экан. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Моҳинисо ФАРМОНОВА, (Тошкент шаҳри, Миробод тумани)

 

Зоя АН, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Ҳар бир соҳада бўлгани каби мактабгача таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ҳамда ўқув жараёнини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказларида синов тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланди. Ушбу ташаббус замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ҳамда бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратишни кўзда тутади.

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талабларига, санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга риоя қилиш, келишувнинг бутун муддати давомида ­фаолият йўналишини сақлаб қолиш талаб этилади. Шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилган. Бунинг учун инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга синов тариқасида рухсат берилади. Мазкур тажриба якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмларини ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилади.

 

Зилола АНВАРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.