Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
13.02.2018

ЭРКИН ИНСОН МЎЪЖИЗА ЯРАТАДИ

«Агар одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз...»

Кейинги бир-икки йил ичида Ўзбекистонда, қишлоғу маҳаллаларимизда рўй берган энг катта ўзгариш нима деб сўрасангиз, «одамлар бошини кўтариб яшашни ўргана бошлади» мазмунидаги жавобларни ҳам эшитасиз.

Улкан-улкан конлару корхоналаримиз, бир чўп суқсак, гул унадиган тупроғимиз, бепоён далаларимиз борлиги ҳақ гап. Лекин энг катта бойлигимиз шу юртда яшаётган одамлар, уларнинг иштиёқи, яратувчанлик салоҳияти билан боғлиқ. Бу чексиз хазина худди мўъжизага ўхшайди, ҳеч қачон тугамайди. Уни увол қилишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ҳозирги дунёда муваффақият ким томонда?.. Инсон салоҳиятига, эркинлигига, таклиф-ташаббусларига, инновацияга йўл очилган мамлакатлар томонда. Замоннинг олтин қоидаси шундай: инсон омилини энг баландга олиб чиқмаган давлат фақат ютқазади.

Давлат органлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари аҳоли билан юзма-юз мулоқот қила бошлагандан бери нафақат мурожаатлар, балки таклифлар, эркин фикрлар ҳам кўпая бошлади. Кўча-кўйдаги гурунгларга эътибор берган киши ҳам буни дарров сезади.

2018 йил учун мўлжаллаб қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳақида билдирилаётган фикр-мулоҳазалар маҳалла-кўйда, тўй-томошаларда, оила даврасидаги суҳбатларда қизигандан қизияпти.

Муносабат турлича, фикрлар хилма-хил, уларнинг орасида асослилари ҳам бор, асоссизлар ҳам... гап бу ҳақда эмас. Асосий гап одамлар фикрини эркин билдира бошлаганида, рўзғорининг, бола-чақасининг ташвишидан ортиб, қонун ҳақида, ҳуқуқ ҳақида, давлат миқёсидаги ишлар ва дастурлар ҳақида ўйлаётганида, шунчаки ўйлаётгани эмас, қизиқиб муносабат билдираётганида.

Ёлғондан толиққан одамни бир нарсага ишонтириш, айниқса, «ноҳақ қамалишлар, терговда уриб, майиб қилишлар, алдаб ёки бўлмаса мажбурлаб айбни бўйнига қўйишларга қарши курашилади», «судда адвокатнинг гапи, тўплаган далиллари ҳам ҳисобга олинади», «хуллас... энди қонун устувор бўлади», деган гапларни тушунтириш жуда оғир иш. Эркин яшашга, фаол бўлишга ундаш яна ўн марта, юз марта оғирроқ масала.

Бу йилги Давлат дастурининг муҳим жиҳатларидан бири жамоатчилик фикри, мулоҳазалари, таклифлари ҳисобга олинганида бўлди, деб айтишга асослар етарли. Ислоҳотлар шу тарзда қатъият билан давом эттирилса, яқин йилларда одамлар бутунлай ўзгаради. Бефарқлик, бепарволик деган дардларга даво топишнинг ҳаётда синалган энг мақбул усули эркин фикр билдиришга шароит яратилишидир.

«Қачон хато камроқ бўлади?.. Шу жараёнда халқнинг ўзи бевосита, салгина бўлса ҳам, муносабатини билдирса, таклифларини берса, хато камроқ бўлади. Шунга биз ҳаракат қилаяпмиз».

 «Одамларни гапиртиришга ўргатишимиз керак, одамларни сал эркин яшашга ўргатишимиз керак, одамлар билан ҳисоблашишга мажбур қилишимиз керак».

«Агар одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз...»

Шу томондан қараганда, Давлат дастурида одамларни ­эркин яшашга ундайдиган янгиликлар талайгина экани яққол кўринади. Булар биринчи нав­батда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш масалалари билан чамбарчас боғланган.

Судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминламасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга демократия нуқтаи назаридан нима мумкинлигию нима мумкин эмаслигини аниқ ва қатъий белгилаб қўймасдан, фуқаролар устувор ҳуқуқларини амалга ошириши учун реал шароит яратмасдан, одамларни эркин яшашга ўргатиш, улардан фаолликни кутиш мумкин эмас. Инсоннинг ҳуқуқи ҳамма нарсадан азиз ва мукаррам эканини айтиш бош­қаю буни амалда рўёбга чиқариш, шунга йўл очиб бериш бутунлай бошқа масала экан. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини яхшилашга қайта-қайта мурожаат қилинаётгани бежиз эмас. Тизимдаги ислоҳотлар баланддан пастга тушиши учун ҳали кўп курашиш керак бўлади. Чунки демократик ўзгаришларга хушламайроқ қараб турганлар, эски эгардан тушишни истамай юрганлар, кўчага чиққанида одамлар елка қисиб, ийманиброқ қарашини хоҳловчилар, шу ҳақда ўйлаб, кечалари ухлолмай чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар «ортга энди йўл йўқлигини, у кўприклар аллақачон ёниб, кул бўлгани»ни тушуниши, тушунишку майли, тан олиши жуда мушкул. Лекин Давлат дастури билан яқиндан танишган киши одамларни эркин яшашга ўргатиш йўлида қатъият билан иш бошланганини, бу вақтинчалик кампания эмаслигини англаши аниқ.

Дастурда суриштирув ва ­дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш вазифаси қўйилган. Шу муносабат билан ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция (рухсат) бериш ваколатини прокурордан судга ўтказиш назарда тутилади.

Бошқа бир қонун лойиҳасида процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатувлар, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланади.

Шуларга мувофиқ равишда фуқароларни терговга қадар текширув, суриштирув, тергов, суд ҳамда жазони ўташ жараёнида қийноққа солганлик ёки бошқача тарздаги инсоннинг қадр-қимматини камситувчи тазйиқлар содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш, ушбу турдаги жиноятларни содир этишга кўмаклашган бошқа шахсларни ҳам жиноят субъектлари қаторига киритиш кўзда тутилди.

Инсоннинг шахсий ҳаёти ҳеч ким дахл қилишга ҳақли бўлмаган ўзига хос олам, муқаддас ҳудуддир. Унинг чегарасини кесиб ўтиш учун жиддий сабаблар керак. Эътиборсизлик билан қўйилган биргина қалтис қадам бу оламда ҳамма нарсани барбод қилиши мумкин. Бу нозик масаланинг битта шахс измида қолдирилиши тўғри эмаслигини ҳаммамиз яхши англаб турибмиз.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, терговга қатнаб юрган одамларнинг, қандайдир қўрқув оғусини ичиб қўйгандай, кўнгли чўкиб юрганини кўрганларимиз бор. Бу шундай қўрқувки, айбдорлик, пушаймонлик ҳиссига ўхшамайди. Айрим тергов қилувчи ходимлар ҳуқуқни, қонунни унчалик тушунмайдиган соддароқ кишиларни «айланма» саволлар, минг бир хил нағмалар билан не кўйларга солмаган, дейсиз. Тергов пайти эшикни маҳкам ёпиб, ўзини бир инсоннинг тақдири, ҳаётини чангалида ушлаб турган девдай ҳис қиладиган, сўроқ муваффақиятли ўтиши учун ҳар қандай ўйинлардан тап тортмайдиганлар, кейинчалик буни «профессионализм» деб кериладиганлар йўқ, деб ўйлайсизми?.. Бундай терговдан чиққан одамнинг ишончи чилпарчин бўлади, руҳи синади.

Шунинг учун бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолияти қонун қачон ва қаерда, ким томонидан бузилишини кутиб ўтириш эмас, профилактика қилиш, тушунтириш нуқтаи назаридан тубдан ислоҳ этиляпти. Фуқаролар қонун аввало, жазолаш воситаси эмас, ҳуқуқ ва манфаатлар кафолати эканига амин бўляпти. Бу эса инсон ўзини эмин-эркин ҳис қилишига йўл очиб бермоқда.

Ўзи умуман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан ҳадиксираш, имкон қадар улардан узоқроқ юришга интилиш эски тузумдан қолган, ҳалигача тўлиқ тузатилмаган мудҳиш касалликка ўхшайди, жиддий муолажалар ўтказмасдан уни даволаш мушкул. Одамлар аслида ҳуқуқни, ­эркинликни ҳимоя қилиши керак бўлган масъуллардан қўрқиши ҳаёт мантиғига бутунлай тескари ҳолат.

Демократияга, тараққиётга интилган давлатда бир одамнинг ишончи сўндирилиши, руҳи синдирилиши ҳам оғир ҳодиса, деб қабул қилинади. Нимага шундай?.. Биргина одам ноҳақ қамалиб қолса, осмон узилиб тушадими?.. Ундан ҳам ёмон бўлади. Адолатсиз тергов ва суд яна қанчадан-қанча одамларнинг кўнглини чўктиради, ёшларни қўрқоқ, журъатсиз қилиб қўяди. Жамиятда, ён-атрофимизда руҳи букилган, қўрқоқ одамларнинг кўпайиши давлат учун, халқу миллат учун даҳшатли фожиага айланади. Бунга йўл қўйиб бериш кулфат келтиради. Шунинг учун суриштирув, тергов, суд жараёнлари жирканч ўйинлардан холи бўлишига интилиш, инсонга ўзини ҳимоя қилиш имкониятини кафолатлаш тарихий ислоҳот, деб баҳоланади.

Давлат дастурида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибининг соддалаштирилиши белгилангани, шубҳасиз, инсон эркинлиги билан боғлиқ энг катта инновациялардан бири бўлди. Бунинг аҳамиятини тушуниш учун кўзланган мақсадга назар ташлашнинг ўзи етарли: фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш. Эътибор қаратинг, янада мустаҳкамлаш эмас, айнан таъминлаш.

Шу ниятда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш назарда тутилган. Лойиҳаларда паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш режалаштирилган.

Эркинлик энг юксак туйғудир, шунинг учун эркинлик ҳақидаги ёлғон энг мудҳиш ёлғон ҳисобланади, деб ёзган эди Франц Кафка.

Инсон эркинлиги муқаддас, айни пайтда яхлит тушунча. У яримта ёки чала бўлиши мумкин эмас. Инсон туғилар экан, унинг эркинлиги ҳам дунёга келади. Эркинлик яшаш ҳуқуқидан бошланади. Бу ҳуқуқни одам боласига Яратган ато этган.

Энди ўзингиз қаранг, биргина прописка масаласида олдимизда қанча тўсиқларни олиб ташлаш вазифаси турибди:

вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш; меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш; мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш; ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддатини узайтириш; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш, яшашга йўл қўйганлиги учун жавобгарликни бекор қилиш.

Охирги сўзларни яна бир қайта ўқиб кўринг... яшашга йўл қўйганлиги учун жавобгарлик... Бу сўзлар жуда ғайритабиий эшитилади. Бу нима дегани?.. Уйингга меҳмон келиб, 4-5 кун туриб қолса, жавоб беришинг керак эди, деганими?.. Меҳмондўст, бағрикенг, улуғ ота-боболаримиз бундай ҳолатга қандай муносабат билдирарди?..

Одам боласи фалон жойда яшайман, фалон соҳада ишлайман, фалон жойда бахтимни топаман, деган режалар билан ­дунёга келмайди. Ризқи-насибаси қўшилган жойга тақдири азалнинг ўзи бошлаб боради. Насиб қилмаса, инсон бир жойда бир кун ҳам яшай олмайди...

Дунё юксак тараққиёт сари интилиб яшаётган замонда ҳар хил баҳоналар билан инсонни, унинг ҳуқуқлари ва эркинлигини чеклаган давлат халқини дунёнинг кўз-ўнгида хижолатга қўяди, ўзини ҳам уятга қолдиради. Одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўйиш ниятида белгилаб олинган эзгу вазифалар Ўзбекистон ҳеч қачон бундай давлатлар қаторида туришни истамаслигини англатади. Бу энг муҳим ва жиддий инновация­дир, у йиллар ўтгани сари янгидан-янги мўъжизалар яратади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.