31.10.2017

ЎЗБЕКИСТОН — ТУРКИЯ: БУЮК ҚАРДОШЛИК ТУЙҒУСИ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги дўстлик, қардошлик, тенглик, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган стратегияси жаҳон жамоатчилиги, халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Бу мамлакатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифи давомида ҳам ўз исботини топди.

Бугунги дунёда баъзан ақл, маърифат эмас, жаҳолатнинг ҳукмронликка интилаётгани, муроса, мулоқот, ҳурмат, музокара сиёсатига ҳар доим ҳам амал қилинмаётгани бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Ушбу вазиятда хорижий мамлакатларга нисбатан Ўзбекистон ва унинг раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ ва самимий сиёсат барчанинг эътиборини тортмоқда, халқимизда Ватанимиз келажагига ишончни мустаҳкамламоқда.

Президентимиз ташрифи мазкур мамлакат оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани туркияликларнинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига қардошлик туйғуси юксак эканини яққол кўрсатди. Туркиялик бир гуруҳ илм-фан, адабиёт вакиллари, тадбиркорлар билан боғланганимизда, ушбу ташриф ҳақидаги ўз дил изҳорларини билдиришди. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

 

«ИНСОННИ ЯШАТГИНКИ, ДАВЛАТ ЯШАСИН»

Шереф ЙИЛМАЗ, «Темрин» журнали бош муҳаррири, ёзувчи:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия­га давлат ташрифи 20 йиллик танаффусдан кейин амалга оширилди. Унда мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган 30 дан ортиқ битим имзоланди.

Туркия Республикаси Ўзбекистон мус­тақиллигини биринчи бўлиб тан олган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Туркия алоҳида ўрин тутади. Туркий жумҳуриятлар ва Туркия ўрта­сидаги дўстлик, қардошлик ва ҳам­корликдан охирги йилларда унчалик кўнглимиз тўлмасди. Агар халқлар бир-бирини севмаса, қанча келишувларга эришилмасин, улардан наф келмайди. Халқлар ўртасида қардошлик севгиси мавжуд бўлса, мамлакатлар узра дўстлик кўприклари қурилиши давом этаверади.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги яқин ва самимий алоқалар буюк давлат арбоби Тургут Ўзал даврида ўрнатилган. Бугун Ўзбекистон Президенти ­Шавкат Мирзиёев бу алоқаларни янги босқичга кўтариш учун буюк одим ташлади.

Ўрни келганда таъкидлаш керакки, Шавкат Мирзиёев шўро даврида минг бир қийинчилик ва тазйиқлар остида Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов, Ватанингизни мустақил тараққиёт йўлига олиб чиққан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов каби ўзбек халқи қалбидан чуқур жой олган. Президент Шавкат Мирзиёев 25-26 октябрь кунлари Туркияга ташрифи билан мамлакатларимиз тарихида янги саҳифа очди.

Икки мамлакат етакчиларининг бир-бирларига кўрсатган самимий, дўстона муносабати, имзоланган кўплаб ҳужжат­лар қардошлик алоқаларимиз янги босқичга кўтарилгани рамзидир.

Ушбу воқеалардан икки ҳафта олдин ТИКА кўмаги билан ташкил этилган таълим ва маданият масалаларига бағишланган халқаро илмий конферен­цияда иштирок этиш учун Самарқанд давлат университетига борган эдик. Анжуман давомида ўзбек олимлари ва мутахассислари билан ўтказилган самимий учрашувлар таъсири ҳалигача қалбимизда. Самарқанд ва Бухородаги саёҳатлардан кейин шундай хулосага келдик: фақатгина Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларидаги обидалар эмас, балки бутун Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг дунё маданий мероси рўйхатига киритилиши лозим. Дунё ўрта асрлар жаҳолатига ботган бир вақтда юксак маданий-маърифий тараққиётга эриш­ган Ўзбекистон замини бугун дунё халқлари ва туркияликлар тарафидан, албатта, зиёрат этилишга лойиқ. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат ўртасида имзоланган туризм соҳасидаги битимлар катта аҳамиятга эга. Турк ҳаво йўллари ширкатининг Истанбул ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида тўғри­дан-тўғри парвозларни йўлга қўйиши ҳам қувончли воқеа бўлди. Бу ҳамкорлик янги келишувлар билан бойитилишидан умидвормиз.

Ўзбекистонга саёҳатимиз давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» деган ғоянинг амалдаги исботини кўрдик. Ушбу ҳикмат Усмонийлар салта­нати асосчиси, буюк давлат арбоби Усмон Ғозийнинг «Инсонни яшатгинки, давлат яшасин», деган сўзларига жуда уйғун. Демакки, ҳар икки юртда халқ фаровонлигини юксалтириш ўтмишда ҳам бугун ҳам асосий вазифа қилиб қўйилган.

Буларнинг ёнида санъат ва адабиёт намояндаларининг доимий мулоқотини ўрнатиш ҳам вазифамиздир. Сабаби, санъат ва адабиётнинг инсонларга таъсири кучлидир.

Ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги қардошлик алоқалари мамлакатингизда самимий тарзда давом этиб келмоқда. Яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якуни ўлароқ, бу алоқалар ­халқларимиз истаган савияда юксалади, деб ўйлайман.

 

ТАЪЛИМ ТИЗИМИДАГИ ҲАМКОРЛИК ЧУҚУРЛАШАДИ

Хайреттин ИВГИН, Дунё сўз академияси президенти:

— Президентларимиз илмий-техник ва маданий алоқаларни янада ривожлан­тиришга оид битимни ҳам имзолагани биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Туркияда 186 дан ортиқ давлат ва хусусий университетлар мавжуд, уларда 160 мингдан зиёд профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатади. 7 миллион 198 мингдан ортиқ талаба бакалавриат ва магистратура йўналишларида таълим олмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда Турк тили қуруми, Отатурк номидаги олий тил ва тарих қуруми, Туркия Фанлар академияси ва ўнлаб академиялар, кўплаб олимлар илмий-тадқиқот олиб бормоқда.

Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим тизими изчил ривожланмоқда. Ўзбек олимларининг математика, физика, астрономия, биология, тиббиёт, тил, тарих, педагогика фанлари бўйича эришаётган муваффақиятлари дунё миқёсида тан олинган.

Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликни жадал ривожлантириш истиқболдаги вазифалардан. Айниқса, умумий тарих, тил, маданият соҳаларида, янги технологиялар ва инновацион технологиялар йўналишида ҳамкорлик икки мамлакат олимлари учун зарур. Дарвоқе, ҳозирданоқ бу борада илк қадамлар қўйилди.

Шу йил 13-14 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида «Ўрта асрларда Самарқанддаги мадрасаи олия­ларнинг Ислом цивилизацияси ва таълим тизими тараққиётидаги роли» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда ўзбекистонлик ва туркиялик олимлар томонидан юртингиз олий таълим тизими тарихи ҳамда Самарқанддаги мадрасаи олияларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси кенг муҳокама этилди. Бундай илмий анжуманлар икки қардош ўлканинг илмий-маданий тараққиётига хизмат қилади. Келгусида Ўзбекистондаги бошқа олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликда янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

 

«ОТА ЮРТДАГИ ҚАРДОШЛАРИМИЗ»

Илкер МАДАНИ, Аданадаги «Мадани Баскул» ширкати бошлиғи:

— Ўзбек ва турк халқларини азалий қардошлик ва дўстлик ришталари боғлаб турибди. Агар тарихга назар ташласак, Ўзбекистон заминидан бундан минг йил илгари Анадўлига кўчган Салжуқий турклари авлодлари Осиё ва Европани ­туташтириб турувчи ҳудудда Анадўли Салжуқий давлатини, сўнгра Усмонийлар салтанатини қурдилар. 1923 йил 29 октябрда Мустафо Камол Отатурк бошчилигида бугун дунёдаги ўн олтинчи буюк иқтисодиёт, замонавий демократик давлат — Туркия жумҳуриятига асос солинди.

Мустафо Камол Отатурк Марказий Осиёдаги ўзбек ва бошқа халқларни «ота юртдаги қардошларимиз» деб атаган эди. Анадўли ва Туркистон ўртасида «тил бир кўприк, умумий тарих ва маданият бир кўприк» эканини, кунлар келиб ҳақиқий қардошлик кўприклари барпо этилишини башорат қилган эди.

Ўзбекистон Президентининг Туркияга давлат ташрифи икки мамлакатнинг азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади. Ўзаро мулоқотлар чоғида иқтисоддан туризмгача, таълим, фан, ­маданиятдан аграр секторгача, саноатдан ҳарбий-техник ҳамкорликкача бўлган соҳаларда 30 дан ортиқ битимга имзо чекилди, турк ишбилармонларига ва энг муҳими, Ўзбекистонни зиёрат этиш орзусида бўлган инсонларга кенг йўл очилди.

Ўзбекистон ота юртимиздир. Бобола­рим Наманган вилоятидан Анадўлига келиб қолган, бизлар шу ерда туғилиб ўсдик. Юртингизда юз бераётган ўзгариш ва юксалишларни кузатиб, Ўзбекис­тон эришаётган муваффақият­лардан қувонамиз.

Ишонамизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан кейин қардош мамлакатлар ишбилармонлари Ўзбекистон иқтисодиётини бундан-да юксалтириш йўлида ҳамкорликни кенгайтиради.

 

ЎЗБЕКИСТОН — МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ ПОРЛОҚ ЮЛДУЗИ

Доктор Али АКАР, Муғла Сиқи Кочман университети профессори:

— Халқаро кузатувчилар яқин йилларда Ўзбекистон кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли изчил тараққий этиши ҳамда ялпи даромади аҳоли жон бошига нисбатан шиддатли суръатларда ўсишини, шу билан бирга, Марказий Осиёнинг порлоқ юлдузи бўлишини башорат қилмоқда.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2016 йилда 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Аммо бу мамлакатларимиз имконияти даражасидан анча кам. Бу кўрсаткични бир неча бор ошириш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатлар орасида нуфузи жиҳатидан катта бўлиб, қишлоқ хўжалиги, саноат, илм-фан ва бошқа соҳаларда кўп асрлик тажрибага эга.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қадимдан маданий алоқалар мавжуд бўлган ва мунтазам ривожланган. Юртингиз XVI асрдан эътиборан бутун турк дунёсини маданий жиҳатдан бирлаштириб турган эски ўзбек тили маданиятининг асосий меросхўридир. У шўро даврига қадар минтақанинг цивилизация, жумладан, тил, адабиёт, санъат жиҳатидан маданий маркази эди. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом ­Термизий каби буюк муҳаддислар ватани ҳам айнан Ўзбекистондир. Амир Темур ва темурийлар давридаги муҳташам маданият ва адабиёт дунёнинг энг буюк шоири — Алишер Навоийни адабиёт саҳнига чиқарди, унинг йўлидан кетган юзлаб шоирлар туркий тилда гўзал адабиёт бўстонини яратдилар. Амир ­Темур ва темурийлар цивилизациясининг яна бир улкан маҳсули Улуғбек яратган табиий ва аниқ фанлар академияси, Бухоро, Ғиждувон ва Самарқанддаги уч буюк мадраса ва ­расадхона эди. Бу адабиёт, санъат, тил ва илму фандан бутун мусулмон дунёси, шу жумладан, Анадўлидаги турклар ҳам фойдаланди.

Ана шу умумий тил, маданият ва тарих бугунги кундаги сиёсий, иқтисодий, илм-фан, таълим, маданий соҳалардаги ҳамкорлигимизнинг тамал тоши ҳисобланади. Бинобарин, туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқаларда ғарб­да Туркия, шарқда Ўзбекистон асосий рол ўйнаши табиий. Бу икки ўлканинг тарихий тажрибаси алоқаларни янада ривожлантиришда қўл келади. Шу нуқтаи назардан, Президентингизнинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларга янги суръат бахш этди.

Бу борада қўйилган залворли қадам­лар илм-фан соҳасидаги алоқалар­ни янада ривожлантиради. Турк ва ўзбек университетлари ўртасидаги талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, университетларимизнинг ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириши фан тараққиётига улкан ҳисса қўшади.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.