26.10.2017

ОИЛА ВА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР

Жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти қабул қилингани замирида катта муаммоларга ечим топиш мақсади мужассам. Бугунги кунда оила институти ва оилавий қадриятлар масаласи МДҲ давлатлари кун тартибига қўйилаётгани бежиз эмас, албатта.

Дунёда глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган бугунги шароитда, ривожланишнинг умумжаҳон тенденциялари барча мамлакатлар ва халқларнинг асрлар давомида шаклланиб келган анъана ва урф-одатларини четлаб ўтиб, уларнинг ҳаётига шиддат билан кириб бормоқда. Бу жараёнда оила ҳам четда қолмаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Маълумки, фарзандларни тарбия қилиш оиланинг энг асосий вазифаси саналади. Лекин оила ижтимоий институти жамият ривожланишига хос равишда ўзгариб боради. ХХ аср­нинг охирларидан бошлаб Ғарбнинг деярли саноати ривожланган барча мамлакатларида оила шаклланишининг янги моделига ўтиш бошланди. Биринчи марта никоҳдан ўтиш ёшининг ошганлиги, расмий никоҳдан кўра, норасмий муносабатларга асосланган иттифоқнинг кенг тарқалганлиги бундай моделнинг асосий хусусияти саналади. Шунга ўхшаш ўзгаришлар собиқ иттифоқнинг Европа ҳудудига яқин жойлашган республикаларида ҳам содир бўла бошлади. Булар ҳозирги Болтиқбўйи республикалари, Россия, Украина ва Белорусь каби мамлакатлар бўлиб, уларда оила-никоҳ муносабатлари узоқ йиллар давомида нисбатан барқарорлиги ёки унчалик аҳамиятли бўлмаган ўзгаришлар билан характерланган. Лекин охирги йигирма йил давомида уларда ҳозирги Ғарб мамлакатларида кўзга ташланган тенденциялар жадал ривожланиб бормоқда. Собиқ иттифоқнинг Европа қисмида жойлашган давлатларнинг барчасида оила-никоҳ муносабатлари транс­фор­мация­си яққол намоён бўлмоқда. Никоҳнинг европача туридаги бундай ўзгаришлар умуман оиланинг қадри ва аҳамиятини маълум маънода пасайишига сабаб бўлмоқда. Ушбу глобал тенденциялар никоҳсиз туғилишлар кўрсаткичи ошишига олиб келмоқда. 2008 йилда Францияда дунёга келган жами болаларнинг 48%и, Россия­да 32%и (90-йиллар бошида -10%), Литвада 29%и (90-йиллар бошида -7 %) никоҳсиз туғилган. Швеция, Норвегия, Эстонияда болаларнинг ярмидан кўпи никоҳсиз туғилади.

Ғарб мамлакатларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида, никоҳсиз қурилган иттифоққа хотиржам қарашлар шаклланган. Россияда бундай иттифоққа ижобий қарайдиган эркаклар 76,1%ни, аёллар 69,0%ни, Францияда эса 80 фоиздан ортиқни ташкил этади, респондентларнинг 7-12 фоизини муносабати салбий бўлиб, бундай никоҳни маъқулламайдилар.

Ҳозирги кунда дунёда ажримлар сони ҳам ортиб бормоқда. Масалан, АҚШда никоҳларнинг 40% бузилиб кетмоқда. Шимолий ва Ғарбий Европада 70-йилларда ажримлар жуда кам учраган (45-49 ёшдагилар орасида 3%дан ошмаган). 2010-йилларнинг ўрталарига келиб, ушбу кўрсаткич 16%ни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич бўйича Россия кўп мамлакатлардан ошиб кетди. Бу ерда ажралишларнинг жамлама коэффициенти 0,50 га тенг бўлиб, бу Европадаги энг юқори кўрсаткич, деб қайд этилди.

Ажралишлар сонининг ортиши нафақат никоҳнинг мустаҳкамлигига путур етганлигидан, балки оила институтининг ўзида ҳам салбий ўзгаришлар содир бўлаётганлигидан далолат беради. Эр-хотинлик кўп ҳолларда биргаликда яшашни кўзда тутувчи мус­таҳкам никоҳга асосланган иттифоқ бўлмай қолди. Ҳозирги кунда дунё бўйича ноқонуний никоҳлар ортиб бориши тўлиқ бўлмаган оилалар сони кўпайишига олиб келмоқда.

Анъанавий қадриятлар бутун инсоният учун бўлганидек ҳар бир давлат учун ҳам қадрлидир. Чунки миллий қадриятлар жамият ва шахс манфаатларига жавоб беради. Халқимизнинг турмуш тарзи, маданияти, бағри кенглиги, фарзандларга ғамхўрлиги, бошқа динлар ҳамда миллатларга ҳурмати юксаклиги каби фазилатлари миллий урф-одатларимиз ҳисобланади. Маънавий ҳаётимизнинг яхлитлигини таъминлайдиган бундай бетакрор миллий қадриятларимиз фарзандларимиз баркамол инсон бўлиб вояга етишида асос бўлади.

Қадриятлар хулқ-атворни, миллийликни шакллантиради. Афсуски, ёшлар, айниқса, аёллар томонидан қонунбузарликлар, ҳатто оғир жиноятлар содир этилаётганининг асосий сабабларидан бири айнан оилавий қадриятларнинг пасайиб кетаётганидан далолат беради. Ҳолбуки, миллатнинг кучи, этноснинг яшаб қолиши, оила мустаҳкамлигининг гарови айнан миллий қадриятлар ва маданий илдизларнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир.

 

Ҳафиза МАМАДАЛИЕВА,

Республика «Оила» илмий-амалий Маркази раҳбари.



DB query error.
Please try later.