26.10.2017

САЙЛОВ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТИШИГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Шу йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ўтказиладиган сайловга Ўзбекистон ХДП томонидан қонунчиликда белгиланган талаблар асосида қизғин тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Табиийки, бу сайловда ҳар бир сиё­сий партия кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашни истайди. Аҳолининг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя этишни зиммасига олган партия­миз учун бу сайловда муваффақиятли қатнашиш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда шаҳар партия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сайловга тайёргарлик кўриш бўйича дастур қабул қилинди. Дастур доирасида қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шаҳар кенгаши ва туман партия ташкилотларида сайлов штаблари тузилди.

Оммавий ахборот воситаларида номзодларнинг сайловолди дастурини тарғибот ва ташвиқот қилиш, депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини тайёрлаш, сайлов комиссиялари билан ишлаш, партиянинг ваколатли вакили, номзодларнинг ишончли вакиллари, кузатувчиларини тайёрлаш ва улар билан ишлаш гуруҳлари шакллантирилди. Партиямизнинг сайловда иштирок этиши учун тегишли ҳужжатлар сайлов участ­каларига топширилди.

Ҳар бир округ бўйича депутатликка номзодлар ўз вақтида танлаб олинди. Бунда хотин-қизлар сони партиядан кўрсатилган номзодлар умумий сонининг 30 фоизини ташкил этишига алоҳида эътибор қаратилди. 20 октябрдан 9 ноябрга қадар туман кенгашларининг навбатдаги пленумлари ўтказилиши белгиланди. Пленумларда ЎзХДП туман кенгашларининг халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловида иштироки, халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига номзодлар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.

Сайловда муносиб номзодларнинг иштирок этиши юқори натижага эришишда муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам туман Кенгашларидаги барча, яъни 330 та сайлов округига партиямиздан бир нафардан номзод кўрсатилди. Номзодлар таркибини шакллантиришда ЎзХДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларини мукаммал биладиган, партиянинг сиёсий ҳаётидан яхши хабардор, тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этиб келаётганларга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг таркибида намунали БПТ етакчилари, туман кенгашлари раислари, партиямиз сафида узоқ йиллардан буён фаоллик кўрсатиб келаётган аъзоларимиз ҳамда электорат вакиллари бор.

Депутатликка номзодларни танлаш масаласига янгича ёндашилди. Уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбат уюштирилиб, сиёсий-ҳуқуқий билимлари, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тасаввури, шунингдек, партия Сайловолди дастуридан хабардорлиги, депутат сифатида қандай ташаббусларни илгари сурмоқчи эканлиги ўрганилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 12 июлда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган учрашувда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг фаолия­тига алоҳида тўхталиб, Тошкент шаҳрида туман Кенгашларини ташкил этиш ғоясини илгари сурган эди. Бу сиёсий партияларга янги имконият беради, айни пайтда, уларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Замонавий шаҳарсозлик, ободонлаштириш ишлари туфайли Тошкент шаҳри кундан-кунга чирой очиб, аҳолининг яшаш шароити яхшиланиб бормоқда. Кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Шунинг билан бирга, икки ярим миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган пойтахтимизда ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас.

Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари ташкил этилишининг аҳамияти ва заруратини қуйидагича изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг энг катта қисми пойтахтимиз аҳолиси томонидан йўлланмоқда.

Иккинчидан, ислоҳотларни амалга оширишда сиёсий партияларнинг ўрни ва масъулияти кучаяди, фуқароларнинг вакиллик органлари орқали давлат бошқаруви, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши таъминланади.

Учинчидан, туманлар ривожига қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилади.

Тўртинчидан, маҳаллий бюджетларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ижросининг назорати таъминланади ҳамда сессияларда маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотлари тингланиб, муҳим қарорлар қабул қилинади.

Асосийси, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз вақтида ечим топади. Бундан биринчи навбатда Халқ демократик партияси электорати вакиллари манфаатдор бўлади.

 

Нилуфар ЮЛДАШЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи.



DB query error.
Please try later.