08.02.2018

МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК

муаммоларни келтириб чиқаради, одамларни овора қилади, жамиятга зиён етказади

«Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими билан «Хоразм вилоят кинофонди» давлат унитар корхонаси ўртасида вужудга келган ва икки йилдан буён якун топмаётган можаро аслида унчалик мураккаб эмасди, назаримизда. Аммо дастлабки суд жараёнларида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бу ишни чигаллаштириб юборди, дейишга асослар етарли.

Хўш, ҳаммаси нимадан бошланди?

«Хоразм вилоят кинофонди» ДУК 2014 йил 7 январда муассис — «Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлимининг буйруғи билан ташкил қилинган. Корхона низомида ДУК мустақил юридик шахс ҳисоб­ланиб, ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаш асосида хўжалик ҳисобида иш юритиши, корхона муассисининг қарорига биноан тугатилиши белгилаб қўйилган.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳайъат мажлисининг 2014 йил 2 ноябрда қабул қилинган 217-а сонли буйруғида «Қорақалпоқ­кино» агентлиги, Тош­кент шаҳар ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлар раҳбарларига зарар кўр­иб ишлаётган ва иқтисодий ночор ҳудудий кинофондларни амалдаги қо­нун ҳужжатлари талаблари асосида белгиланган тартибда тугатиш масаласи қў­йилади.

«Хоразм вилоят кинофонди» ўз фаолиятини талаб даражасида ташкил этолмадими, ҳар ҳолда 2014 йилни 6 097 000 сўм зарар билан якунлайди. «Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлим бошлиғи Р.Қурбонов юқоридаги ҳайъат йиғилиши талабини бажариш мақсадида 2015 йил 21 июлдаги буйруқ билан Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Фуқаролик кодексининг 53-54-55 моддалари ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630 сонли қарори иловаси билан тасдиқланган Низомга асосан тугатувчи тайин­лаган ва «Хоразм вилоят кинофонди» давлат унитар корхонаси тугатилган. Тугатувчи ­Қ. Нурметов тугатиш жараёнини юқорида қайд қилинган Низом талаблари асосида олиб борган, яъни ДУКни рўйхатга олган Урганч шаҳар ҳокимига, ҳисоб рақами турган ТИФ Миллий банк Урганч шаҳар бўлимига расмий хатлар юборган. «Қишлоқ ҳаёти» газетасида 2015 йил 25 августда ДУК тугатилгани тўғрисида ­эълон чоп этилган.

Аммо «Хоразм вилоят кинофонди» ДУКнинг директори ­У.Атажонов корхона фаолияти билан боғлиқ барча ҳужжатларни, шунингдек, корхонанинг муҳри, штамплари, бухгалтерия ҳужжатларини, солиқ органида ҳисобдан ўтган кино чипталарни (40 000 дона) белгиланган вақтда топширмайди. Аниқроғи, топши­риш­дан бош тортади. Яъни, тугатилган ДУК директори тугатувчининг ва амалдаги қонунларимиз талабларини бажа­ришни истамайди.

Қизиқ, «Хоразм вилоят кино­фонди» ДУК раҳбари Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган якуний солиқ текшируви учун ҳам бирор ҳужжат тақдим қилмайди. Мазкур назорат органи ходимлари томонидан 2015 йил 2 ноябрда имзоланган «далолатнома»да кор­хона мутасаддилари томонидан бир қатор қонун бузилиш­ларига йўл қўйилганлиги қайд қилинган.

Шу ўринда яна бир расмий хатга эътибор қаратиш лозим. ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Р.Сабуров 2015 йил 9 сентябрда «Ўзбеккино» миллий агентлигига ёзган хатида ­«Хоразм вилоят кинофонди» ДУК билан 2015 йил 2 март куни партия тасарруфида бўлган бинодан шартнома асосида ижарага жой бергани, 2015 йил 1 сентябрь ҳолатига 1 миллион 750 минг сўм миқдордаги ижара ҳақидан қарздорлик вужудга келгани, шу маб­лағни ундиришда амалий ёрдам беришини сўраган.

Хоразм вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бош­қармаси бошлиғи П.Қаландаров 2015 йил 8 июнда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи номига юборган хатда «Хоразм вилоят кинофонди» ДУК томонидан 2015 йилнинг январь-май ойларида вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги касб-ҳунар коллежларида кино намойиш қилиниб, 4.7 миллион сўмлик чипта пуллари ДУК ходимларига нақд берилгани қайд этилган. Демак, Кинофонд 2014 йилни зарар билан якунлаган, бунинг устига ижарага олинган хона учун ҳам қарздор. Аммо касб-ҳунар коллежларида кино намойишларидан катта миқдорда маблағ тушган. Бу пуллар корхонага кирим қилинганми ёки мақсадсиз ишлатилганми, ўзлаштирилганми?.. Эҳтимол тегишли идоралар бу масала билан қизиқар.

Энг ажабланарли ҳолат шун­даки, «Хоразм вилоят кино­фонди» ДУК ходимлари 2015 йил 26 октябрда мажлис ўтказиб, кинофонд фаолиятини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилишган. Буни қандай баҳолаш мумкин? Бу ҳолат нафақат Низомга қарши, балки амалдаги қонунларимизга зид хатти-ҳаракат эмасми? Низомда ДУК фаолияти фақат муассис томонидангина қайта ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган.

...Бу можаро ниҳоят судгача етиб боради. Аниқроғи, ДУКнинг директори У.Атажанов, ҳисобчиси З.Жуманиёзова, ишчилар А.Юлдошев, Р.Рахимов, Э.Отажоновлар фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлимига нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, корхона ноқонуний тугатилганлиги, маж­бурий прогул вақти учун иш ҳақи, шунинг­дек, маънавий зарар ва бошқа сарф-харажатлари учун жами 81 432 193 сўмни жавобгардан ундириб беришни сўрашади.

2016 йил 4 май куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судида бу масала кўриб чиқилади ва судья Ў.Машарипов чиқарган «ҳал қилув қарори»да даъвогарлар даъвоси қисман қаноатлантирилади. Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди эса 2016 йил 12 августда апелляция инстанциясида судья Ж.Нафасов раислигида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлимининг назорат тартибида киритган апелляция шикоятини кўриб чиқди.

Жавобгар судга тақдим этилган шикоятда даъвогарлар — «Кинофонд» ходимлари аризасида фамилияси кўрсатилган ва имзоси қўйилган Отажонов ­Элбек Мансурович деган шахс «Хоразм вилоят кинофонди» ДУКда ишламаганлиги ва унинг имзоси қалбакилаштирилганлигини асос­ловчи ҳуж­жат­лар тақдим этилганига қара­мас­дан, Фуқаролик ишлари бўйича ­Хоразм вилоят суди апелляция инстанцияси раиси ­Ж.Нафасов негадир бу масалага эътибор бермайди ва ­Ў.Машарипов чи­қарган ҳал қилув қарорини кучида қолдиради.

Аммо Урганч туманлараро судининг 2017 йил 3 февралдаги ажримида ушбу масала янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриб чиқилгани, дастлабки суд жараёнида айрим ҳолатларга эътибор берилмаганлиги таъкидланган ва ажрим чиқарилган. Бу ажрим билан олдинги суд қарори бекор қилинган. Ушбу ажримга ҳам Ў.Машарипов имзо чеккан. 2017 йил 16 март куни иш Урганч туманлар­аро судида яна Ў.Машарипов томонидан қайта кўрилади. У энди дастлабки суддагидек 5 нафар эмас, 4 нафар даъвогар фойдасига мажбурий прогул учун иш ҳақларини ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Чунки олдинги судда даъвогарлар сафида бўлган Элбек Мансурович Отажонов фойдасига ҳам 5.456.152 сўм ундириш белгиланганди. ­Э.Отажонов судга ёзма ариза билан мурожаат этиб, даъво аризаси ёзмагани ва даъво аризадаги унинг имзоси сох­талаштирилгани, унинг пас­порт бўйича исми-шарифи Отажонов Элбек Мансурович эмас, балки Отажонов Элбек Бахтиёрович эканлигини бил­диради ва суддан жавобгарларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. ­Судья Ў.Машарипов Э.Отажоновнинг аризасига умуман эътибор қаратмайди, фақат унинг фамилиясини қарордан олиб ташлайди.

Жавобгар томоннинг апелляция аризасига биноан иш 2017 йилнинг 20 июнь куни яна Фуқаролик ишлари бўйича ­Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясида Ж.Нафасов раислигида кўриб чиқилади ва жавобгар — «Ўзбеккино»нинг Хоразм вилоят ҳудудий бўлими апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Энди эътиборингизни Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди ва Хоразм вилоят суди томонидан қабул қилинган бир қатор «ҳал қилув қарорлари» ва «ажримлар»да асос сифатида келтирилган, қайта-қайта такрорланган бир ҳолатга қаратамиз. «Ҳал қилув қарорлари» ва «ажримлар»да ўқиймиз: «...«Ўзбеккино» мил­лий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлимининг 11.02.2015 йилдаги 2-сон буйруғига асосан «Хоразм вилоят кинофонди» ДУК тугатилиши белгиланган. Аммо ушбу буйруққа нисбатан Урганч шаҳар прокурори томонидан 20.03.2014 йилда 10/123-15 сонли протест киритилган ва бекор қилинган».

Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. ­«Хоразм вилоят кинофонди» ДУК тугатилишидан 11 ой олдин прокурор қандай қилиб протест киритиши мумкин? Буни мазкур «ҳал қилув қарорлари» ва «ажримлар» компьютерда ёзилганида бехос техник хатога йўл қўйилган бўлса керак, деб ўйларсиз.

Биз ҳам аввал шундай фикрга бордик. Аммо Урганч шаҳар прокурори номига ёзган мурожаатимизга берилган жавобни ўқиб, лол бўлиб қолдик.

Урганч шаҳар прокурори, ­адлия маслаҳатчиси У.Мад­ра­ҳимов имзолаган жавобда шундай дейилган: «...аниқланишича, Ур­ганч шаҳар прокуратураси томонидан 20.03.2014 йилда 10/123-15-сонли хат билан «Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими бошлиғининг 11.02.2015 йилдаги 2-сонли буйруғига протест киритилмаган».

Ана холос, наҳотки, йўғ-э!.. Балки бу протест прокуратурада сақланмагандир, судьяда бордир, деган илинж билан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди раиси вазифасини бажарувчи ­Ў.Машариповга ёзма мурожаат қилдик. Лекин мурожаатимизга жавоб ололмадик. Ваҳоланки, мурожаатимизни 2017 йил 25 сентябрда шахсан унинг ўзи қабул қилиб олганди. Амалдаги қонунларимизга мувофиқ, 2017 йил 1 ноябрда унга яна ёзма мурожаат қилдик, бу мурожаатимизни ҳам шахсан Ў.Машариповнинг ўзи қабул қилиб олди ва орадан шунча вақт ўтдики, ҳамон жимлик. Жавоб йўқ.

Яна бир масала ҳам жавоб кутиб ётибди. Кинофондни тугатиш тўғрисида муассис буйруғини асоссиз тан олмай, «Хоразм вилоят кинофонди» ДУКнинг ходимлари томонидан 2015 йил 13 майгача жойларда ўтказилган кино намойишларидан тушган маблағлар қаёққа кетган?

«Ўзбеккино» миллий агентлиги Хоразм вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Р.Қурбонов ўз қарори тўғрилигини исботлаш учун курашни давом эттирди. Ниҳоят, Республика Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ўзининг 2018 йил 8 январда чиқарган Ажримида Ўзбекис­тон ФПКнинг 314-моддаси 2-қисми 2-банди, 312-моддаси 1-қисми 1,3- ва 4-бандлари бузилганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича ­Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 20 июндаги Ажримини бекор қилди ва ишни янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборди. Эҳтимол, бу иш энди адолатли ҳал бўлар.

Савол туғилади: Олий суд аниқлаган бу камчиликларга ишни уч марта кўрган вилоят суди нега эътибор қаратмади? Малакаси етишмадими ёки билими саёзлик қилдими? Судьяларнинг малакаси ёки билими етишмаган десак, унчалик тўғри бўлмайди. Чунки туманлараро суд масаланинг айрим жиҳатларига эътибор бермаган бўлиши мумкин. Аммо вилоят судида тажрибали судья­лар ишлайдику. Аниқроғи, бу ишни кўрган судьяларда масъ­улият етишмаган бўлиши мумкин. Суд ишларини ипидан игнасигача эринмай, холис кўриб чиқиш учун билимдан ташқари масъулият, тоқат керак бўлади. Бу иш ортида одамлар ҳуқуқи, тақдири турганини ҳис этиш, англаш лозим бўлади. Иш нега қайта-қайта судларда кўрилади? Қуйи судлар ўз вазифаларини тўлақонли бажармагани учун бўлса керак. Афсуски, айрим судьялар ишларни юзаки кўриб чиқиш, аризаларга бир хил қолипдаги жавобларни юбориш каби иллатлардан ҳамон қутила олмаяпти.

Бундай ҳолатлар одамларни овораю сарсон қилиб, ишдан қолдиради, асабини емиради, жамиятга, давлатга ҳам иқтисодий, ҳам маънавий зиён келтиради. Бу можаро қандай якун топгани ҳақидаги масалага яна қайтишимиз керакка ўхшайди.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: