19.10.2017

ОИЛА — МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР БЕШИГИ

«Мажлисимиз кун тартибини муҳокама қилар эканмиз, Оила институти ва анъанавий ­оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этмоқчиман.

Бугунги глобаллашув шароитиди ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил ­этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозим...

Ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзуида халқаро конференция ўтка­зилишини таклиф этамиз».

 

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқини катта ҳаяжон билан ўқидим. Айниқса, мажлис кун тартибига киритилган Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни маъқуллаб билдирган фикр­лари айни кўнглимиздаги гаплар бўлди. Назаримда, давлатимиз раҳбари халқимизнинг бу борадаги хоҳиш-иродасини ифода этди.

Президентимизнинг «ўсиб келаётган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ва лоқайд бўлмасликни ўрганади», деган фикри ҳаёт ҳақиқатидир. Зеро, халқ­имизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади», деган қадим ҳикмати замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам. Чунки миллат келажаги бўлган ёш авлоднинг қалбида юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, ота-онага меҳр-оқибат, ватанга муҳаббат ва садоқат айнан оилада шаклланади.

МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида биринчи марта оилага жамиятнинг муҳим бир бўғини сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда мустақилликка эришилган дастлабки йилларданоқ оилага, оилавий урф-одатларимизга, анъаналаримизга миллий қадрият сифатида ҳурмат билан қаралиб, инсоннинг шахс сифатида шаклланишида, унинг баркамол, етук, иймон-эътиқодли бўлиб улғайишида оиланинг ўрни беқиёс экани эътироф этилмоқда.

Фикримизнинг далили сифатида шуни айтиш мумкинки, ­Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан бир қатор йилларга «Оила йили», «Соғлом авлод йили», «Оналар ва болалар йили», «Аёллар йили», «Мустаҳкам оила йили», «Соғ­лом она ва бола йили», «Баркамол авлод йили», «Ёшлар йили», деб ном берилган эди. Бу йиллар давомида оилаларнинг маънавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, оилага хос бўлган миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёшларимизни эътиқоди мус­таҳкам инсон қилиб тарбиялаш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, мамлакатимизда оила институти жамиятнинг муҳим бир бўлаги сифатида давлатимиз ва ҳукуматимизнинг доимий диққат-марказида бўлиб келмоқда. Ҳар бир оиланинг маънавий жиҳатдан соғлом, бахтли ва фаровон, тинч ва хотиржам ҳаёт кечириши, унинг бағрида улғаяётган фарзандларнинг комил инсон бўлиб воя­га етишиши учун барча имконият яратилган.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нут­қида келгуси йилда Ўзбекистонда «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди. Бундан кўзда тутилган мақсад шуки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича тўпланган ўзига хос тажрибани оммалаштириш ва бу борадаги халқаро амалиётни ўрганишдан иборатдир.

Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида ўзларининг юксак фазилатларини намоён этганлар. Зотан, боланинг қалбига гўзал ахлоқий фазилатлар — меҳр-шафқат, одоб-ахлоқ, инсонпарварлик, катталарга ҳурмат ва эҳтиром она сути ва ота ибрати орқали сингдирилган.

Шу ўринда ўзим яхши таниган бир оилани мисол келтирмоқчиман. ­Гулистон шаҳрининг «Дўстлик» қўрғонида Аҳмаджон Маматовлар оиласи истиқомат қилади. Бу оилада тўрт нафар ўғил улғайган. Оила соҳиби иқтисод фанлари доктори, профессор Аҳмаджон Маматов Гулистон давлат университетида ишлайди. Бу оиланинг фарзандларини тенг­дошларига намуна сифатида кўрсатса арзийди. Уларнинг уч нафари олий маълумотлидир. Ўғиллардан бири номзодлик диссертациясини ҳимоялаш арафасида, бири банк соҳасида ишламоқда, яна бири ички ишлар тизимида хизмат қилмоқда. Шундай ибратли оилалар қанча кўпайса, бу жамиятнинг бахти. Зеро, оилалар тинч­лиги мамлакат тинчлигидир.

Шу ҳақда фикр юритганда, жаҳонда глобаллашув жараёнлари авжига чиққан бугунги кунда ёшларимиз онги ва тафаккурини, қалбини «оммавий маданият»нинг таҳдидларидан, гиёҳванд­лик ва терроризмнинг ёвуз хуружларидан асраш, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришда оила, мактаб, маҳалла ва жамоатчилик ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга эканини яхши англаймиз. Бу борада муайян тажрибага эгамиз. Шунга қарамай, жамиятимизда носоғлом, пароканда оилаларнинг ҳам борлиги, оилавий ажралишларнинг кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай носоғлом оилаларда руҳияти синиқ, иродаси заиф, шафқатсиз, лоқайд фарзандлар улғаяди. Улар турли салбий оқимлар таъсирига тушишга, жиноятга қўл уришга мойил бўлади.

Халқимизда доно бир нақл бор: «Ниҳолни қийшиқ ўтқазсанг, у қийшиқ ўсади». Фарзанд яхши инсон бўлиб улғайишида оиладаги муҳитнинг, тарбиянинг ва ибратнинг аҳамияти беқиёс. Демак, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш учун ҳам ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик билан ҳамкорликда кўп иш қилишимиз лозим.



DB query error.
Please try later.