19.10.2017

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТУРИЗМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

«Туризм соҳасида катта истиқболлар мавжуд»

Фикримизча, биздаги кенг имкониятлар ва улкан туризм салоҳияти, афсуски, халигача тўлиқ ишга солинмаган.

МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳамдўстликнинг Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қиламиз».

 

Нодирбек РАСУЛОВ, Тошкент давлат иқтисодиёд университетининг халқаро туризм факультети декани, иқтисод фанлари номзоди, доцент:

— Президентимизнинг МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида туризм соҳасида катта истиқболлар мавжудлиги, хусусан, МДҲ давлатларидаги улкан туризм салоҳияти ҳалигача тўлиқ ишга солинмагани билан қайд этилди. Давлатимиз раҳбари МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Ҳамдўстликнинг туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.

Тўғриси, мен шу соҳанинг бир мутахассиси сифатида бу таклиф замирида қандай маъно-мақсад мужассам эканини яхши тушунаман. Биринчидан, туризм соҳасида бундай нуфузли тадбирни Самарқандда ташкил этиш ҳар томонлама тўғри ва мақсадга мувофиқдир. Иккинчидан, юртимизнинг туризм имкониятларини МДҲ мамлакатлари вакилларига яна бир бор намойиш этиш имконияти пайдо бўлади.

Бугун бутун дунё миқёсида жаҳон иқтисодиётининг турли тармоқларида глобаллашув жараёни юз бераётган бир пайтда барча давлатлар ўз миллий иқтисодиётининг реал секторига бор эътиборларини қаратмоқда. Туризм индустрияси эса XX аср ўрталаридан бошлаб жаҳонда энг сердаромад соҳалардан бирига айланмоқда.

Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, 1950 йилларда дунёда хорижий сайёҳларнинг сони 25 миллион нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 1996 йилга келиб 592 миллион нафарга етди ёки 23,6 баробар ўсди. Бундан ишлаб топилган маблағ 423 миллион АҚШ долларига тенг. 2016 йилга келиб эса дунё бўйича 1,2 миллиард нафарга яқин сайёҳ қайд этилган. Саёҳатчиларга кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 1,8 триллион АҚШ долларидан ошиб кетди.

2015 йил якунларига кўра, Францияга 83,7 миллион, АҚШ­га 74,8 миллион, Испанияга 65,0 миллион, Хитойга 55,6 миллион ва Италияга 48,6 миллион нафар хорижлик сайёҳ келган. Ундан кейинги ўринларда эса Германия, Буюк Британия, Россия ва Мексика қайд этилган.

Мамлакатимизда миллий туризм индустриясининг ­бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий ва иқтисодий асослари яратилди. Миллий туризм индустриясини ривожлантириш учун замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиб, туризмнинг жаҳон андозалари даражасидаги янги йўналишлари жорий қилина бошланди.

Маълумки, туризм индус­трияси миллий иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини ривожлантириш, хорижий валютани жалб қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг миллий урф-одатларини кенг ёйиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби муҳим долзарб масалалар ечимида муҳим роль ўйнайди. Бугун туризм индустриясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида юртимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари, зиёратгоҳлари ҳамда файзли гўшалари дунё аҳлини тобора ўзига мафтун этмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, мавжуд тарихий-маданий ёдгорликлар таъмирланмоқда. Давлат даражасида олиб борилаётган бундай ёндашув ҳамда тизимли чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, Ўзбекистоннинг ­сайёҳлик салоҳияти тобора юксалмоқда. Лекин миллий туризм индустриясини янада ривожлантиришда ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмасди.

Бунинг учун мамлакатимизда миллий туризм индус­триясини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур эди. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги, «2017-2021 йилларда Хива шаҳри ва Хоразм вилояти сайёҳлик салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида»ги, «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари, «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида«ги, «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўши­м­ча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари мавжуд муаммолар ечимига хизмат қилади.

Мазкур ҳуқуқий асослар ҳамда изчил ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон туризм соҳасида юқори натижаларга эриша бошлади. 2016 йили Ўзбекистонга 1,9 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ келган, туризм саноатининг асосий капиталига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 46,4 миллиард сўмни, меҳмонхона ва бошқа жойлашув воситалар сони 622 тани, туризм хизматлари экспорти 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, туризм ­фаолияти билан шуғулланадиган субъектлар сони 418 тага етди. Лекин мамлакатимизда туризм индустриясини янада тараққий эттириш учун яна бир қатор ишларни амалга ошириш зарурати бор, деб ўйлайман.

Масалан, сайёҳларни хал­қ­аро ва ички йўналишларда ташиш учун маркетинг тад­қиқотларини олиб бориш лозим. Шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилаётган сайёҳлар учун тарифларни пасайтириш зарур. Ўзбекистонда саёҳатни арзон, оддий ва хавфсиз бўлишини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш керак. Сайёҳлар учун виза олиш тизимини соддалаштириш зарур. Аэропорт ва вокзалларда резидентлар ва норезидентларнинг паспорт назоратидан алоҳида-алоҳида ўтишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш керакки, мамлакатимизга келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг юртимиз ҳақидаги таассуротларини бойитиш соҳа ходимларидан юксак билим ва малака талаб этади. Шунинг учун ҳам туризм соҳасини чуқур ўрганадиган маркетинг ва менежмент, хизмат кўрсатиш, халқ­аро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш ишларини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.