07.10.2017

ДЕПУТАТЛИК СЎРОВИГА БЕПИСАНДЛИК

жавобгарликка олиб келади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокамалардан сўнг маъқулланди.

 

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Депутат ва сенаторлар халқ вакилларидир. Улар фуқаролардан бўлаётган мурожаатлар, турли муаммоли масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этади. Бу жараёнда депутатлик сўрови юбориш уларнинг қонуний ваколати ҳисобланади. Шундай сўров орқали давлат ҳокимияти бош­қаруви органлари фаолияти устидан депутатлик назорати амалга оширилади ва қонунлар ижросига ўзига хос таъсир кўрсатилади.

Маълумки, қонунга кўра, депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаати депутатлик сўрови ҳисобланади. Депутат сўрови судларнинг раисларига, прокурорларга, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига ҳам йўлланиши мумкин.

Аммо жойларда мансабдорлар орасида депутатлик сўровларига беписандлик билан муносабатда бўлинаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. 2017 йил 12 июлда депутатлар, сенаторлар ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузасида 2017 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 284 та депутатлик сўрови юборилгани, аммо статистик таҳлиллар кўрсатишича, улардан 100 тасига белгиланган муддатдан кечикиб жавоб берилгани, 24 таси бўйича эса умуман жавоб берилмагани қайд этилган эди.

«Депутатга беписандлик — халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради», дея қатъий таъкидлангани ҳам бежиз эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасида депутатлик фаолияти кафолатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо ушбу модда давлат органлари мансабдор шахсларининг депутат сўровига ўз вақтида жавоб бермаганлиги ёки белгиланган муддатни бузиб жавоб берганлиги учун етарли даражада жавобгарликни кўзда тутмайди. Бунинг натижасида йиллар давомида айрим мансабдорлар орасида депутатлик сўровларига эътиборсизлик кайфияти шаклланиб келган.

Мисол учун, Олий суд томонидан тақдим этилган статис­тик маълумотларга кўра, 2010 йилдан 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига қадар бўлган даврда судлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосининг фаолияти кафолатлари бузилганлиги бўйича бирорта ҳам маъмурий иш кўриб чиқилмаган. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолияти кафолатларини бузганлик учун 2015 йилда 2 нафар шахсга нисбатан 2 та, 2017 йил биринчи ярим йиллигида 3 та шахсга нисбатан 3 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган, холос.

Масаланинг долзарблиги ҳисобга олиниб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг 193-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун ло­йиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга мувофиқ, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахс­лари депутатлар ҳамда сенаторлар сўровларига ўз вақтида жавоб бермаслиги, атайлаб сохта маълумот бериши, депутатлик ва сенаторлик фаолия­тининг кафолатларини бузиши, худди шунингдек, давлат органининг мансабдор шахслари парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмаслиги ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиши ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиши энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган ўзгартиш депутат ва сенаторларнинг сўровлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишида давлат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини янада оширади. Жамиятда қонун устуворлиги кафолатлари мус­таҳкамланишига хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.