05.10.2017

ОЧИҚ ХАТ: ОНА ТИЛИ ҲАР БИР ХАЛҚ УЧУН МУҚАДДАСДИР

Ҳурматли «Ўзбекистон овози» газетаси таҳририяти!

Тўғрисини айтсам, бу очиқ хатни бир неча йил муқаддам ёзиш ниятини кўнглимга туккан эдим. Аммо баъзи мулоҳазаларга бориб, очиғи, андиша қилиб, уни ёзишга жазм эта олмагандим. Яқинда миллий телекомпаниямизнинг «Ўзбекистон» каналида менинг илтимосим билан миллий тилимизни қўллашдаги айрим камчиликларни канал ходимлари ҳузурида маълум қилиш имкониятига эга бўлдим. Маъруза якунида сиёсий шарҳловчимиз Қуддус Аъзам билдирилган мулоҳазаларни мақола шаклига келтириб, газетада эълон қилиш таклифини билдирди. Бу таклиф менга маъқул бўлди, ҳам журъат бағишлади ва «Очиқ хат»ни «Ўзбекистон овози» газетасига йўллашга қарор қилдим. Тўғриси, бир зиёли сифатида она тилимни бузиб қўлланилишига лоқайд бўлишга сабрим чидамади.

Мен жаҳон тилшунослигида нуфузли мавқега эга Аюб Ғуломов, Ёқуб Ғуломовнинг тарбиясини олганман. Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Озод Шарафиддинов, ­Анвар Шомақсудов каби таниқли олимлар; Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидовдек улуғ адиблар ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилини қўллашдаги нуқсонларни муттасил кўрсатиб боришганига гувоҳман. Абдулла Қодирийнинг миллий тилимиз ҳимоясига бағишланган ўнлаб мақолалари мавжуд. Она тилимиз ҳақоратланган бир замонда таниқли зиёлиларимиз жонини жабборга бериб, уни ҳимоя қилишган. Аммо ўзбек тили давлат мақомига эришган бир ҳурриятли замонда унинг поклиги фақат йилнинг 21 октябрь куни эсланадиган бўлиб қолди. Ачинарли жиҳат шундаки, бу кўнгилсиз ҳолат анъанага айланиб бормоқда. Хатимнинг кириш қисми бироз кенгроқ бўлгани учун узр сўраб, мақсадга ўтаман.

Маълумки юртимиздаги матбуот ва ОАВда она тилимиз қонун-қоидаларига мутлақ риоя қилиниши шарт. Мен очиқ хатимда фақат радио ва телевидение ходимларининг нутқларида йўл қўйилаётган мулоҳазали ўринлар юзасидан фикр билдирмоқчиман. Афсуски, радио ва телевидение­да эшиттиришлар, кўрсатувлар олиб боришни нутқ жиҳатдан назорат қилувчи биронта ҳайъат, биронта масъул шахс йўққа ўхшайди.

Умумий мулоҳазаларни баён қилишдан сақланиб, аниқ мисолларга мурожаат қиламан.

Ўзбек тилида «шараф» сўзи бор. Бу сўз араб тилидаги «шарафун»дан олинган бўлиб, ҳурмат кўрсатиш, олий мансаб маъноларини беради. Халқ­имиз ғоятда юқори мансаб, лавозимдаги шахсларнинг меҳмон бўлиб келганларини «ташриф буюриш» деб улуғлайди. Бинобарин, бирон давлатнинг Президенти, олий даражадаги вакили Ўзбекистонга келганида, ўша халқ, миллат, мамлакат вакили сифатида ташриф буюради. Оддий ҳаётда муассаса раҳбари ўз ходимининг ҳузурига борганида, устоз шогирдининг уйи­га қадам қўйганида ташриф буюриши мумкин. Яъни шараф кўрсатади, шарафлайди. Аммо кичик лавозимдаги ходимнинг раҳбари ҳузурига боришини «ташриф» билан ифодалаб бўлмайди. Радио, телевидениедаги суҳбатларда миллатимизнинг оддий вакилига мурожаат қилишда «кўрсатувимизга ташриф буюрдингиз», — дейиш одатга айланди. Аммо бундай мурожаат тўғри эмас. Кўрсатувга келиш, кўрсатувда қатнашиш ёки иштирок этиш мумкин. «Ташриф буюриш» мумкин эмас. Чунки радио, телевидениедаги микрофон қаршисида ўтириш юрт­нинг, мамлакатнинг минбари билан тенг.

«Юлдузча» танловида вилоятлардан келган 9-10 яшар қатнашчиларни кўрсатиб: «бу йигитча, қизча фалон вилоят, фалон шаҳардан ташриф буюрди», — деган гапни тасаввур қилинг. Радио ва телевидениедаги деярли ҳар бир эшиттириш, кўрсатувда: «ташриф буюрганингиз учун раҳмат», — сўзларини эшитамиз. Ваҳоланки, оддий мутахассис «ташриф буюриши» мумкин эмас. Бу мисол она тилимиздаги сўзнинг маъносини яхши англамаслик оқибатидир.

Нутқимизда «ахборот» (хабарлар), «лаҳмгўшт» (гўшт-гўшт) каби сўзлар бор. Аслини олганда бу сўзлар Абдулла Қодирийнинг «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан» асаридаги бош қаҳрамон қабилидаги шахсларнинг «ихтиро»лари натижасидир. Бу сўзлар вақтнинг ўтиши оқибатида миллий тилимиз таркибидан ўрин олиб бўлган. Бугунги кунда хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, сўзлашув жараёнида қўлланилмоқда. Аммо шу билан бирга она тилимизга ҳурмат нуқтаи назаридан эндиликда имкон доирасида бундай «ихтиро»ларнинг олдини олиш вақти келди, деб ўйлайман.

Кейинги пайтларда «олийгоҳ» сўзини қўллаш яна одат тусига кириб келмоқда. «Гоҳ» — форс тилида «жой» маъносини ифодалагани учун, мантиқан бу сўзга от сўз туркумига оид сўз қўшилса, аниқ маъно беради. Сайилгоҳ — сайил қилинадиган жой, оромгоҳ — ором оладиган жой ва ҳоказо. От сўз туркуми ўрнига сифат қўшилса, аниқ маъно ифодаланмайди. Яъни жойнинг сифатини англатади, холос. Бинобарин, «олийгоҳ» деганимизда, олий мартабага эга жой тушунилади. Бу сўзнинг илм масканига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Агар «олий ­илмгоҳ» десак, бошқа гап. Олий даражадаги илм олинадиган жой маъноси ифодаланади. Бу ўринда «инс­титут», «университет» сўзларини қўллаш маъқул бўлади. Ваҳоланки, радио, телевидение ходимлари «ол­ийгоҳ», деб турганларидан сўнг, дардинг­ни кимга айтасан?

Кейинги пайтларда радио ва телевидениедаги дикторларнинг саъй-ҳаракати билан она тилимиздаги сўзларни нотўғри талаффуз қилиш оммалашиб бормоқда. Мен бу ўринда «пойабзал-пойафзал», «тўнамоқ-тунамоқ», «оҳанрабо-оҳанграбо», «кадар-қадар», «намоянда-намоёнда», «кулги-кулгу», «кушхона-қушхона», «татбиқ-тадбиқ», «нақарот-нақорат», «фидойи-фидоий», «қўмсаб-қумсаб», «бадиий-баъдий», «санъат-санат», «суръат-сурат», «масъул-маъс­ул», «кудурат-қудурат» сўзларини назарда тутмоқдаман. Уларнинг айримларига изоҳ бериб ўтай: «абзал — асбоб маъносини ифодалайди. «Пойабзал» — оёқнинг асбоби, яъни оёқ кийими демакдир. «Пойафзал» эса «оёқ яхшироқ» маъносини беради. «Тўнамоқ» — тунда босқинчилик, киссавурлик, ўғрилик қилиш дегани. Афсус, вазият шу даражага етдики, агар биронта биродаримиз: «Кеча фалон вилоятлик курс­дошим уйим­да тунаб кетди», — деса, вилоятдан меҳмон бўлиб келган курсдоши мезбоннинг уйи­ни шилиб кетибди, деб тушунмоқдамиз. Ваҳоланки, гап ухлаб, дам олиб кетиш ҳақида бормоқда. «Оҳанрабо» — магнит дегани. Темирни ўзига тортувчи жисм. «Оҳанграбо» дейилганда, куй-оҳангни тортиш назарда тутилади.

Телевидение шарҳловчиларининг «кашфиёт»ларидан бири сифатида «бежизга» сўзини мисол қилишим мумкин. Янглишмасам, бу сўз биринчи марта «Спорт» телеканалида футбол мусобақаси кўрсатилаётган пайтда шарҳловчининг: «Ҳакам бу ҳужумчини бежизга жазоламади», — жумласидан бошланган. Форс тилидан ўзлаштирилган «бечиз» — «бежиз» сўзи келишик қўшимчасини олмайди. Буюк адибларимиз Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор бирон марта «бежизга» сўзини қўллашмаган. Журналистларимиз она тилимиз анъаналарига бўйсунишса, одоб чегаралари бузилмас эди.

Навбат диктор, бошловчиларимиз нутқидаги урғуга етиб келди. Грамматик қоидага биноан «ик» қўшимчаси воситасида ясалган сифат сўз туркумига оид сўзга урғу қўшимчадаги «и» товушига тушади. Мазкур қоидага амал қилиш нотиқнинг назарий салоҳиятидан нишона ҳисобланади. Бу ўринда «академик», «романтик», «стратегик», «археологик», «симфоник», «космогоник», «полиграфик», «гигиеник», «тропик» каби ўнлаб сўзлар назарда тутилмоқда. Афсуски, айрим журналистларимиз «академик», «физик» сўзларида урғу «е», аввалги «и» товушларига тушганда, шахсни, охирги «и» товушига тушганда, сифат сўз туркумини англатиши фарқига бормай талаффуз қилишмоқда.

Ўзбек тилимизнинг бой хазинасини билмаслик, она тилимизни мукаммал ўзлаштирмаслик шу даражага етдики, «Болажон» каналидаги инглиз тили дарси кўрсатувида «ай­ғир» ўрнига «ота от»; «байтал» ўрнига «она от»; «қўчқор» ўрнига «ота қўй»; «сов­лиқ» ўрнига «она қўй» сўзлари айтилди. «Така» ўрнига «ота эчки» дейилганига қандай чидаш мумкин? Бола бечора бу сўзларни такрорлашга мажбур.

Машҳур бир хонанда Алишер Навоийнинг «Лаҳза-лаҳза чиқдиму, чекдим йўлида интизор» мисрасини «Лаҳза-лаҳза чекдиму, чиқдим йўлида интизор» деб, айтишига лоқайд қараш мумкинми? Бундай масъулиятсизлик буюк адибимиз руҳига ҳурматсизлик эмасми?!

Қўшиқчи бу сўзлар маъносини тушунмагани кўриниб турибди. Негадир адабиётшуносларимиз ҳам бунга эътиборсиз бўлиб туришибди.

Айтаверсам, дардим тугамайди. Радио ва теле­видение­да она тилимиздан фойдаланиш амалиёти назорат қилинмаса бўлмайдиган даражага етиб келдик.

Мен она тилимга бўлган чексиз ҳурматим нишонаси сифатида ёзилган очиқ хатимда эҳтиросга берилиб айрим нуқсонли мулоҳазалар билдирган бўл­сам, узр сўрайман.

 

Омонилла МАДАЕВ,

филология фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.