05.10.2017

ШАРАФЛИ МЕҲНАТ МУНОСИБ ҚАДРЛАНАДИ

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда Ўқи­тувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланди. Жойларда байрамона тадбирлар ташкил этилди, устозлар билан ҳаяжонли дийдорлашувлар бўлди. Президентимизнинг фармони билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи мукофотланди. Масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг меҳнати яна бир бор эътироф этилди, юксак қадрланди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида ғоят масъулиятли ишни адо этиб келаётган устозларнинг ҳеч нарса билан қиёслаб, ўлчаб бўлмайдиган олижаноб меҳнатига юқори баҳо берди.

Табрикда «Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз», дея алоҳида таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам, таълим-тарбия масаласи кундан-кун долзарб аҳамият касб этяпти. Айниқса, глобаллашиб бораётган замон ўсиб келаётган ёш авлодни маърифатли, маънавий жасоратли, кенг дунёқараш ва билимли қилиб тарбиялашни тақозо қиляпти. Қаердаки, маънавий бўшлиқ бўлса, ўша жойда ёшлар зарарли таъсирлар гирдобига тушиб қолади. Демак, ушбу масалада ўқитувчи ва устозлар зиммасида жуда катта масъулият турибди.

Шу боис бугун мамлакатимизда таълим-тарбия жараё­нини янги босқичга кўтариш, педагогларнинг касбий малакасини ошириш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш масаласига жиддий эътибор берил­япти. Энг муҳими, бу ўқитувчи ва мураббийларга янада жонкуярлик билан меҳнат қилиши, ёш авлод камоли йўлида тинимсиз изланиши учун илҳом беради.

Президентимизнинг таълимга оид фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятига кўра, узоқ йилларга мўлжалланган стратегияни белгилаб бермоқда.

Таълим тизими бугун шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу эса кадрлар тайёрлаш тизимида туб ўзгаришларни амалга ошириш заруратини юзага келтирди. Шу сабабдан ҳаётимизга таълимнинг янги шакллари кириб келаётганлигини кўриш мумкин.

Аслида июль-август ойлари таълимнинг янги ўқув йилига тайёргарлик босқичининг якуни ҳисобланади. Айни шу паллада давлатимиз раҳбарининг соҳага оид бир қатор муҳим ҳужжатлари қабул қилинди.

Мактабгача таълим ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чоралари белгиланди. Уларнинг ижроси таълим муассасаларида давлат юкининг камайишига олиб келиб, таълим сифатининг ошишига ҳисса қўшади. Айни дамда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам дастурлар, қарорлар қабул қилинди. Кейинги вазифа эса кадрларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ бўлди.

26 сентябрь куни Президентимизнинг «Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Дарҳақиқат, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини янги талаблар асосида шакллантириш — давр талаби. Мазкур ҳужжат айнан педагог ходимларнинг байрами олдидан қабул қилинишининг ҳам чуқур маъноси бор.

Қарор мазмунига эътибор қаратсак, унда халқ таълими вазирлиги тизимидаги бир қатор олий таълим муассасалари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ин­­­с­­титутларини олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфига ўтказиш белгиланган. Бу масала жаҳонда педагогика, психология ҳамда фанлар бўйича эришилган энг янги ютуқларни чуқур ўрганиб, уларни амалиётга татбиқ этиб бориш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамия­тга эгадир.

Мазкур институтлар эндиликда жойлардаги олий таълим муассасалари қошида марказ сифатида қайта ташкил этилиб, олий таълим муассасаси фаолияти билан тўлиқ қамраб олинади. Халқ таълими ходимларининг методик эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ил­ғор шакл ва усулларини жорий этиш, мактаб таълим дас­турларини такомиллаштириш асосий вазифа этиб белгиланди. Бунда инновацион илмий ютуқлар, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўл­лаш, масофадан ўқитиш, мус­тақил таълим олишни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилади. Энг муҳими, буларнинг барчаси умумий ўрта таълим тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг кўпгина муаммоларини ҳал этиб беради.

Айниқса, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, онлайн режимда малака ошириш тизими ташкил этилиши таълим-тарбия жараё­нини юқори бос­қичга кўтариш учун кенг йўл очади, деб ўйлайман.

Бошқача айтганда, ўқи­тувчи ва мураббийларнинг жонажон ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, ғоят шарафли меҳнати юксак қадрланмоқда, уларга ҳар томонлама қулай шароит яратиб берилмоқда.



DB query error.
Please try later.