03.10.2017

АСОССИЗ ҚАРЗДОРЛИК УЧУН КИМ ЖАВОБГАР?

Ёки «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимлари ҳаракатларидан одамлар нега норози бўлаётгани ҳақида

Хонадонимизда бир кун электр энергияси узилиб қолса, сув ёки иситиш тизими таъминотида узилишлар бўлса, ҳаловатимизни йўқотамиз. Айниқса, бундай муаммолар кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун жиддий қи­йинчиликларни келтириб чиқаради.

Бугун давлатимиз томонидан коммунал соҳада кўпгина ислоҳотлар олиб борилишига ва катта эътибор берилишига қарамасдан, айрим ҳудудларда ўз ечимини кутиб турган муаммолар талайгина. Кейинги вақтларда Халқ демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг жойлардаги Жамоатчилик қабулхоналарига аҳоли томонидан коммунал соҳа ташкилотларининг тушунарсиз фаолияти, масалан, фойдаланилмаган табиий газ ва электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ва қўшиб ёзиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар тушмоқда. Табиийки, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига, партия­мизнинг электорати ҳисобланган кам таъминланган, якка-ёлғиз, пенсионер ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Яқинда Урганч шаҳар «Мустақиллик» маҳалласидаги кўп қаватли хонадон эгаларидан ана шундай муаммо баён этилган мурожаат келиб тушди. Бир гуруҳ фаоллар табиий газ, электр тармоқлари, иссиқлик ва сув таъминоти корхоналари раҳбарлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюроси вакиллари билан учрашув ташкил қилиш ҳамда муаммоларга ечим топишга амалий ёрдам беришни сўраб Жамоатчилик қабулхонасига келишди.

Шу асосда коммунал тизимдаги муам­моларни ҳал этиш, норозилик ва тушунмовчиликларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан мулоқот ташкил қилинди.

Унда «Мустақиллик» маҳалласи фаоллари, Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бошқармаси, «Урганчшаҳаргаз» филиали, Урганч шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, «Хоразм иссиқлик манбаи» АЖ ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этди.

Учрашув аввалида Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бошқармаси катта инс­пектори А.Жуманиёзов, «Урганч­шаҳаргаз» филиали ўринбосари Қ.Зокиров ва бош­қалар сўзга чиқиб, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни ташкил этиш йўлида олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар тўғрисида умумий маълумот беришди.

Шундан сўнг тизимдаги муаммолар кўтарилиб, уларни ҳал этиш бўйича мурожаатлар бўлди. Масалан, «Самар­қанд» кўчасидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар хонадонлари кўп йиллардан буён иситилмаётгани, марказий иссиқлик тизимидан ажратилганлиги, натижада қишда жон сақлаш учун уйларига қўлбола қозонхоналар ўрнатиб қиздириш чораларини кўришаётганини айтишди. Лекин «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимлари рухсат этилмаган қозонхонадан фойдаланаяпсизлар, деб ёзма огоҳлантирмасдан, асоссиз равишда 400 минг сўмдан жарима ва қарздорлик ёзиб, тармоқдан ажратаётганликларини билдирди.

«Самарқанд» кўчаси 106-уй 12-хонадонда яшовчи М.Қодиров уйига келган газ филиали ходимидан уйининг газ тармоғидан узилиши ва 400 минг сўм пул ундирилишининг асосини сўраганда, ҳеч қандай изоҳ ва жавоб берилмаганини маълум қилди. Гап шундаки, фуқарога қўлбола қозонхонадан фойдалангани учун, деб жарима ёзилган. Лекин аслида бу пул газ филиалида қарздорлик, деб қайд этилмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин?..

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Урганчшаҳаргаз» филиали вакилларига савол берганимизда, ҳукумат қарорига кўра, давлат стандартидан ўтмаган қўлбола қозонхоналардан фойдаланиш мумкин эмаслигини рўкач қилиб, пул ундирилаётганлик сабабини изоҳлай олишмади. Нима учун йиғилаётган пуллар жарима эмас, қарз­дорлик сифатида ёзилаётганлиги тўғрисидаги савол очиқ қолди. Хонадон эгалари газ ҳисоблагич кўрсаткичига кўра, қарздорлик мавжуд эмаслигини билдирди. Корхона ходимларининг айнан нима учун жарима ёки қўшимча пул ундирилаётганлигининг қонуний асоси сўралганида филиал вакили жавоб бера олмади.

Хўш, «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимларининг юқоридаги ҳаракати қонунийми? Учрашувда иштирок этган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакилларининг фикрича, бундай ҳаракатлар қонунга зид. Ушбу масала юзасидан Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилоят бош­қармаси мутасаддиси сўзга чиқиб, бугунги кунда «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, хонадон эгаларига асоссиз қарздорлик, нотўғри жарима ва пеня ёзиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳамда тергов ишлари олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди. Фуқароларга асоссиз жарима солиниб, ундирилган маблағлар қонунда белгиланган тартибда қайтариб берилиши лозимлиги билдирилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари коммунал хизмат ташкилотларининг мажбуриятлари, хизмат кўрсатиш сифати ва қонунчилиги билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилишди. Жумладан, «Урганчшаҳаргаз» филиали ходимлари Самарқанд кўчаси 106-уй 19-хонадонда яшовчи Тамара Гасановага асоссиз қарз­дорлик ва жарима қўллаб, ортиқча пул ундиришган, қўпол муомалада бўлиб, сарсон қилишган. Бу ҳақда ташкилотга мурожаат қилинганлигига қарамасдан, филиал томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Яна бир хулоса, бугун айрим кўп қаватли хонадонларда қоидага зид равишда қўлбола қозонхоналардан фойдаланилаяпти. Лекин аслида фуқаролар совуқдан сақланиш, фарзандларини асраш учун шундай қилишга мажбур бўлаётганини ҳам тушуниш керакка ўхшайди.

Агар иситиш тизими кўнгилдагидек ишласа, ноқонуний ҳаракатларга ўрин қолмасди. Бир муаммо кетидан бошқалари келиб чиқмасди.

 

Ғуломжон САПАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи.



DB query error.
Please try later.