30.09.2017

УЛУҒ ЭҲТИРОМГА ЛОЙИҚ ЗОТЛАР

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида қилган нутқида дунё халқларини ўйлантириб турган бир қатор масалалар устида жиддий тўхталиб ўтар экан, ёшлар масаласига алоҳида эътиборни қаратди ва «Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзанд­ларимизнинг қандай инсон бўлиб камолга етишишига боғлиқ», – дея барча мамлакатларнинг раҳбарларини, бутун дунё афкор оммасини ҳушёрликка, огоҳликка даъват этди.

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли ва тезкор замонда мамлакат ва ҳудудларни эгаллаш ёки ўзига тобеъ қилиш учун, аввало, ўша юртлар одамлари, айниқса, ёшлари онгу тафаккурини забт этишга, уларни фикран мутеъ қилишга ҳаракат қилинаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Бугун ахборотлар оқимида соғ-омон яшаб қолиш масаласи энг кичик давлатлардан тортиб, қудратли мамлакатлар аҳлини ҳам чуқур ўйлантириб қўйди.

Ахборот хуружлари, бузғунчи ғоялардан ёшларимизни асраш, мус­тақил фикрга эга, ватанпарвар, юксак маънавиятли авлодни тарбия­лаш энг долзарб, энг муҳим вазифа ҳисобланади. Бу масалада юртимизда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим-тарбия соҳасига, ўқитувчи-мураббий шахсига катта эътибор қаратилиб, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш чора-тадбирлари кўриб келинмоқда. Негаки, ҳаётда ўқувчи шахсини шакллантириш, уни ҳар томонлама тарбиялаб вояга етказишда ота-она қатори устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс саналади. Буюк маърифатпарварларимиздан бири Абдулла Авлонийнинг: «Фикрнинг қуввати, зийнати муаллимнинг тарбиясига боғлиқдир», — деган ҳикматли сўзлари ҳаёт ҳақиқатидир.

Ички ва ташқи сиёсатимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга диққат билан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида ўта қисқа давр ичида, яъни мустақиллик йилларида таълим-тарбия соҳасида улкан ишлар амалга оширилганини кўришимиз мумкин. «Таълим тўғрисида»ги Қонун, «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури»нинг жорий этилиши ҳаётимизда туб бурилишлар содир этди.

Мен касб тақозоси билан жуда кўп давлатларда бўлганман, улардаги мактаб-маориф ишлари, ўқитувчи-мураббийларнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишман. Ҳозирда алоқаларимиз янада кенгайди. Кўплаб хорижий давлатлардаги ҳолат билан юртимизда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни солиштириб, қиёслаб туриб тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган, барча эзгу ишлар фарзандларимизнинг келажаги йўлида бажарилаётган жаннатмакон Ўзбекистонда яшаётганимдан, муаллимлик касбини танлаганимдан фахрланиб кетаман.

Атоқли кимёгар Д.И.Менделеев: «Мактаб ўз тизимида мужассамлаган асосий фанлар ва тамо­йилларига кўра, халқлар ва давлатлар турмуши ва тақдирини белгилашда бағоят катта кучдир», — деб айтган эди. Бу гаплардан хулоса шуки, ҳамма даврларда мактабга ва уни ҳаракатга келтирувчи бош омил — ўқитувчи шахсига катта ҳурмат, эътибор билан қараб келинган, уни миллат маънавиятининг йўлчи юлдузига, сўнмас маёққа қиёслашган. Бу анъана бугунги ҳур Ўзбекистонда бир неча поғона баландга кўтарилди.

Мен, энг аввало, дунёда биринчилардан бўлиб 1 октябрь кунининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида эълон қилинганини, бу куннинг умумхалқ байрамига айлантирилганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Чунки юқорида қайд этилганидек, кўзининг нурини, қалбининг қўрини, бутун меҳр-муҳаббатини, умрини ёш авлодни тарбия­лаб вояга етказишдек улуғ ишга бағишлаётган устоз-мураббийларни ҳар қанча эъзозласак, ҳар қанча кўкларга кўтарсак-да, оз!

Ҳукуматимиз томонидан ялпи миллий даромаднинг 60 фоиздан ортиқроғи ижтимоий соҳага, шундан 40 фоизга яқини таълим-тарбия соҳасига йўналтирилгани тўғрисида ўйлаб, хулоса чиқарайлик, дунё­нинг қайси давлатида таълим соҳасига бунчалик катта эътибор кўрсатилмоқда?

Дунёнинг турли минтақаларида миллионлаб болалар ўқишга ша­роити, имконияти йўқлиги сабабли саводсиз қолиб кетаётгани аччиқ ҳақиқат. Юртимизда эса 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий қилиниши ёшларнинг тақдири, келажаги устида жиддий бош қотирилаётганининг яна бир яққол далилдир.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стретегияси, унинг таркибий қисмлари сифатида амалга татбиқ этилаётган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий таълимни ривожлантириш бўйича чиқарилаётган фармонлар, қарорлар ва дастурлар шахсан Президентимизнинг таълим-тарбия соҳасига бўлган катта эътибори намунасидир.

Хусусан, Ҳаракатлар стретегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган 4-бўлимида фан ва таълимни ислоҳ қилишга, ўқиш-ўқитиш ишларига замонавий ахборот ва педагогик технологияларни олиб киришга, ўқитувчи-мураббийларнинг иш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилган.

Юртдошларимиз таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотга фаол муносабатларда бўлмоқда. Мен бунга 11-синфларнинг очилиши муносабати билан тузилган ишчи гуруҳ аъзоси сифатида Сурхондарё вилоятида бўлганимда яна бир карра гувоҳ бўлдим. Одамларимиз ёшларнинг келажаги йўлида кўзланган ҳар бир хайрли ишга хайрихоҳлик билан қарамоқдалар.

Бунга биргина мисол келтирай, 2016 йилнинг 13 май куни Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг саъй-ҳаракати билан эълон қилинган «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармон нафақат мамлакатимизда, балки таълим-тарбия соҳасида эришилаётган ютуқларимизнинг исботи сифатида бутун дунёда акс-садо берди.

Фармон ўзининг мазмун-моҳиятига кўра, бетакрор ва концептуал аҳамиятга эга бўлди. Биз асрлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бир хазинанинг ворислари сифатида она тилимиз ва адабиётимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитишимиз, нуфузини оширишимиз зарур. Энг аввало, фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришишимиз, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқишимиз талаб этилади.

Ҳозир университетимизда 108 нафар ўқитувчи-мураббий юқоридаги вазифаларни адо этиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Илмий салоҳият 56 фоизни ташкил этади. Улар томонидан ўтган бир йил давомида тил ва адабиётнинг долзарб йўналишларида 238 мақола, 8 монография, 18 услубий қўлланма, 4 дарслик эълон қилинди.

Келажакдаги режаларимиз бундан-да юксак. Мақсадимиз дунёда фаолият кўрсатаётган туркийшунослар, хусусан, ўзбек тили ва адабиё­ти масалалари билан шуғулланаётган илм аҳли билан яқиндан алоқа ўрнатиш, уларнинг барчаси учун университетимизни мувофиқлаштирувчи марказга айлантириш вазифаси турибди. Шу йўналишда ­ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида халқаро анжуман ўтказишни режага киритдик. Халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этмоқчимиз. Марказ ўзбек тили ва адабиёти бўйича бажариладиган халқаро грант лойиҳаларини эълон қилади ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб туради. Шунингдек, марказ қошида «Ўзбекшунослик» халқаро журналини очишни режалаштирганмиз.

Бунинг учун йил давомида тажриба тўплаб бордик. АҚШ, Буюк Британия, Россия, Эрон, Канада, Япония, Жанубий Корея каби бир қатор давлатларнинг элчихона ходимлари билан музокаралар олиб бордик. АҚШ Конгресс кутубхонаси, Кембриж университети кутубхонаси билан китоб алмаштириш, хорижий адабиётларни олиб келиш, таржима қилиш; Лондон Метрополитен университети, Норидж институти, Маржон университети (Плимут), Борнмут университети, Голдсмиз университети каби ёзги марказларда ўқитувчиларимиз ҳамда талабаларимизнинг малака оширишини ташкил этиш; Британия кенгаши, Франция элчихонаси қошидаги марказ, Лондон университети қошидаги СОАS маркази, ATISA (Америка ёзма ва оғзаки таржима амалиёти уюшмаси), Кембриж тил ўқитиш маркази, TESOL (инглиз тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитиш) маркази, Хилтон университети, Чикаго университети, Индиана университети, Токио университети, Колумбия университети, Пусан чет тиллар институти, Гумбольдт университети, Фрайе университети, Бирмингем университети каби дунё миқёсида ўз обрўси ва нуфузига эга бўлган олий таълим муассасалари билан илмий алоқалар ўрнатиш ния­тидамиз.

Университетимизда Мичиган университети докторанти Кристофор Форд, венгриялик Бенедикт Пери илмий сафарда бўлиб қайтишди. Япониялик ўзбекшунос Коматцу Ҳисамо билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Миллий маданий маркази билан ҳамкорликда университетимиз олимлари томонидан нашрга тайёрланган Жамол Камол таржимасидаги Низомий Ганжавийнинг «Маҳзан ул-асрор» достони тақдимоти ўтказилди.

Ҳозир 6 нафар корейс, 4 нафар хитойлик талабалар университетимизда ўзбек тилини ўрганишмоқда.

Ўз навбатида ўқитувчиларимиздан Н.Нормуродова Испания ва Франция, М.Қурбонова, Н.Раҳмонов, А.Тиловов, Б.Қодировалар Туркия, Н.Эгамбердиева Таиланд, С.Сотволдиева Россия, Э.Асанов Озарбайжон давлатларидаги нуфузли университетларда илмий сафарларда бўлиб қайтишди.

Олий таълимни ривожлантириш дастурига кўра, Н.Абдураҳмоновани Цюрих университетига компьютер лингвистикаси бўйича малака оширгани, Қ.Абдурасуловни Москва давлат университетига магистратурага ўқишга юбордик.

Президентимизнинг амалий кўрсатмалари билан пойтахтимизнинг марказий майдонларидан бирида 100 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарфланиб, университетимиз учун янги комплекс тайёрланди. Энг қувонарлиси шундаки, биз янги бинога Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамида кўчиб ўтишимиз режалаштирилган.

Бундай замонавий шароит, бизга кўрсатилаётган ишонч зиммамизга янада улкан вазифалар, янгича ёндашувларни юклайди. Биз бунга тайёрмиз. Сидқидилдан меҳнат қилиб, тилшунос ва адабиётшуносларнинг янги авлодини тайёрлаш ишига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Донишмандларимиздан бирининг «Ҳар қандай таълим-тарбияда энг асосий нарса муаллим, унинг тафаккур дунёсидир», — деган гапларини ўзимизга дастуриламал деб биламиз ва ўқтувчи деган юксак унвонга муносиб бўлишни ўзимиз учун шараф, деб ҳисоблаймиз.

 

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор.



DB query error.
Please try later.