26.09.2017

ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁГА МАЪРИФИЙ ҚИЁФАСИНИ НАМОЁН ҚИЛМОҚДА

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:

— Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашган мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи чуқур маъно-мазмуни, амалий руҳи, янги фикр ва ғоялар, халқ­аро ташаббусларга бойлиги билан нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун дунё жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Мен, тўғриси, ўша куни атайин телевизор қаршисида ўтириб, бу нутқни сабрсизик билан кутдим ва уни фахр-ифтихор туйғуси билан тингладим. Ахир, фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими, Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг энг олий минбаридан туриб, бутун дун­ёга мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш йўли, келажак мақсадлари, Марказий Осиё ва сайёрамиздаги энг долзарб муаммолар ҳақида ўзининг аниқ позицияси, амалий фикрлари, конструктив руҳдаги ташаббусларини баён қилди.

Албатта, ер юзидаги ҳар бир мамлакатда бўлаётган ўзгариш ва ислоҳотлар, ўз олдига қўйган мақсадлари билан оммавий ахборот воситалари, турли эксперт ва кузатувчилар, олимларнинг фикрлари орқали танишиш — бошқа, лекин уни шу давлат раҳбаридан, яъни, энг ишончли манбадан эшитиш — бутунлай бошқа нарса. Шунинг учун мазкур нутқ нафақат биз учун, балки Ўзбекистонни яқиндан ёки узоқдан биладиган ва янада кўпроқ билишга интиладиган жаҳон аҳли учун ҳам ўта ноёб воқеа, имконият бўлди.

Мен иқтисодчи олим сифатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида билдирилган фикрларга тўхталмоқчиман. Унда иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш амалга оширилаётган ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишлари эканига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон шу йил сентябрь ойининг дастлабки кунларидан бошлаб миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига ўтгани БМТ минбаридан алоҳида қайд этилгани бежиз эмас. Чунки миллий валютанинг эркин конвертация қилиниши ҳар қандай иқтисодиёт ва давлатнинг рақобатдошлиги, ривожланиш салоҳияти ҳамда тадбиркорлик, ишбилармонлик учун яратилган имкониятларнинг қанчалик реал заминга эга эканини кўрсатадиган ўзига хос кўрсаткичдир. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда аҳоли манфаатларини ҳисобга олиш асосий мақсадлардан бири бўлиб қолаётганини уқтирган ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича зарур чоралар кўрилганини айтиб ўтди.

Маълумки, юртимиз замини дун­ёдаги энг қадимий маданият ва маърифат бешикларидан бири бўлиб келган. Ўзбекистон шу борадаги эзгу анъаналарни изчил давом эттириб, бугунги кунда бутун дунёга ўзининг маърифий овози, қиёфасини кенг тарғиб этаётгани ҳаммамизни қувонтиради. Президентимиз ўзининг нуфузли халқаро саммитлардаги чиқишларида доимо бу масалага алоҳида урғу бериб келмоқда. Бу мамлакатимизнинг билим маърифат ғояларига нақадар содиқ экани, ушбу йўналишда бошқаларга ўрнак бўлаётганини кўрсатади.

Айниқса, бизнинг муқаддас ­ислом динимиз ҳақида ҳозирги кунда дунёнинг турли бурчакларида нотўғри тасаввурлар уйғотиш ҳаракатлари кўзга ташланиб турган бир шароитда «Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади», деган сўзлар БМТ минбаридан янграгани нафақат халқимизнинг, балки Ислом оламининг асоссиз, сохта даъволарга муносиб жавоби бўлди. Биз — мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб муаллифи бўлган Имом Бухорий авлодлари, муқаддас динимизни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қилишга тайёр эканлигимиз нутқда алоҳида таъкидлангани бутун эл-юртимиз қалбидаги фикрларнинг ёрқин ифодасидир.

Бизга ғурур-ифтихор бағишлайдиган яна бир муҳим жиҳати шундаки, Президентимиз БМТ минбаридан халқаро аҳамиятга молик ўта долзарб ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, БМТни босқичма-босқич ислоҳ этиш, Хавф­сизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш, ноябрь ойида Самар­қанд шаҳрида ўтказиладиган халқаро анжуманда БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб- қувватлашга доир махсус резолюция­сини қабул қилиш бўйича ташаббуслар кўпчилик халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда.

Шу билан бирга, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш ҳақидаги фикрлар, ҳеч шубҳасиз, она сайёрамизнинг эртанги куни ҳақида қайғурадиган ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди.

Нутқда афғон муаммосини ҳал этиш бўйича ҳам конструктив руҳдаги фикр ва таклифлар илгари сурилди. Президентимиз терроризм ва экстремизм билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашишда фақат уларнинг оқибатлари билан эмас, балки сабаблари билан ҳам курашишга алоҳида аҳамият бериш, бу борада ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш муҳим ўрин тутишига эътибор қаратгани мазкур нутқнинг яна бир назарий ва амалий аҳамиятини кўрсатади.

Биз барчамиз ота-она сифатида аввало фарзандларимиз, оиламиз тинчлиги, бахти ва камоли ҳақида ўйлаймиз. Ёш авлод — ҳар қандай жамиятнинг келажаги. Шунинг учун давлатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир чиқишида бу масалага алоҳида эътибор қаратади. «Бугунги дунё ёшлари — сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда», деб бу масаланинг долзарблигини таъкидлади Пезидентимиз.

Бу борада яна бир муҳим ташаббус — ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Кўриниб турибдики, Президентимизнинг мазкур нутқи Ўзбекистоннинг тараққиёти, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, инсониятни ташвишга солаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий ечимлар ҳақида жуда катта маълумот, аналитик материал беради, жуда бой ва чуқур таассуротлар уйғотади. Албатта, ўзининг маъно-мазмуни ва аҳамиятига кўра, ўта долзарб ва керакли бўлган бу ҳужжат юртимизда ҳам, чет элларда ҳам чуқур ўрганилиб, унинг ҳар бир йўналиши бўйича ҳар томонлама асосланган назарий ва амалий хулосалар чиқарилади.

Шу маънода, ушбу нутқ юртимиздаги олимлар, илмий тадқиқотчилар, зиёлилар, талаба ва ўқувчилар, барча ватандошларимиз учун муҳим манба, ҳаётда, меҳнат фаолиятида дастуриламал бўлиб қолади. Биз уни ўқиб ва уқиб борганимиз сари Ватан учун, унинг манфаатлари учун куйиб-ёниб, уларни ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя қилиб яшаш, дунё ҳамжамияти билан доимо уйғун бўлиш — бугунги кунда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини юрак-юракдан ҳис этамиз.



DB query error.
Please try later.