26.09.2017

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЮЗИ ВА СЎЗИ

Дунёда қанча давлат, миллат, халқ бўлса, ҳар бирининг ўзига хос феъли, урф-одатлари, фазилатлари бор. У ёки бу масала бўйича уларнинг муносабати ҳам турлича бўлиши мумкин. Бироқ умуминсоний ғоялар, манфаатларга хизмат қиладиган таклиф, ташаббусларни барча бирдек қўллаб-қувватлайди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жаҳондаги энг нуфузли ташкилот — БМТнинг юксак минбарида сўзлаган нутқи бу ҳақиқатни яна бир бор исботлади. Аввало, таъкидлаш керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарига таклиф этилишнинг ўзи Ўзбекистонга ва унинг раҳбарига ҳурмат-эътиборнинг белгисидир. Жаҳон ҳамжамиятининг бу қутлуғ минбарида туриб муносиб сўз айтиш масъулияти катта, дунё давлатлари раҳбарлари, сиёсат арбоблари эътиборини тортиш, эътирофга сазовор бўлиш эса янада масъулиятли юмуш. Дунёнинг муаммоларини яхши билишни, катта ҳаётий тажрибани, чуқур билим, ақлий заковатни талаб этадиган шарафли вазифа.

Давлатимиз раҳбарининг нут­қида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар айнан ушбу жиҳатлари билан нафақат сессия иштирокчиларини, балки бутун маърифатли дунёни, ислом дун­ёсини ҳаяжонга солди, тўлқинлантириб юборди.

Бугун катта-катта давлатлар арбоблари, сиёсатчилари, оммавий ахборот воситалари билдираётган муносабатлардан келиб чиқиб, фикрлайдиган бўлсак, айтиш мумкинки, бу нутқ, биринчидан, Ўзбекистоннинг янги раҳбарини дунёга янада яқиндан таништирди, иккинчидан, Ўзбекистондаги ҳозирги шиддатли, қатъий ислоҳотларни, давлатимизни ривожлантиришнинг бугунги стратегиясини, мамлакатимизда шаклланаётган янги сиёсий муҳитни, давлат бошқарувидаги янгича, қиёси йўқ ёндашувларни дун­ёга таништирди. Бугун Ўзбекистон аввало, қўшни давлатлар билан ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани маълум қилинди. Шу ўринда қуйидаги фикр­га эътибор қаратиш лозим бўлади: «Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир».

Бу сўзлар замирида қандай катта маъно-мазмун, эзгу ниятлар борлигини англаб олмоғимиз керак. Ўзбекистон қўшниларига бағрини янада кенгроқ очаяпти, ҳамкорликка чорлаяпти, биргаликда ривожланишни истаяпти, бир-биримиздан кам бўлмаслигимизни хоҳлаяпти, оқилона, меҳр-оқибатли муросани таклиф этаяпти.

Шунингдек, Ўзбекистон дунёдаги барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз нутқи кенг эътироф этилаётганининг асосий сабаби шундаки, бугун инсониятни ташвишга солиб турган ўткир, глобал муаммоларга эътибор қаратиш баробарида уларнинг ечимлари бўйича аниқ, асосли ва амалий таклифлар билдирилди. Масалан, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ фалокатли жараёнларни бартараф этиш учун халқ­аро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштирилиши зарурлиги айтилди.

Президентимиз Орол денгизи ҳалокатига сессия қатнашчилари эътиборини қаратаркан, Орол фожиаси акс этган харитани баланд кўтариб, бир неча сония ушлаб турди. Бу ҳолатни кўрган ҳар бир юртдошимиз қаттиқ ҳаяжонга тушди. Давлатимиз раҳбари шундай куйиниб, дунёни огоҳлантириб гапирдики, агар иложи бўлганида у харитани эмас, балки Орол денгизининг ўзини олиб келиб кўрсатишга тайёрлиги сезилиб турарди. Харитадаги даҳшатли манзара жаҳон жамоатчилигини безовта қилиши, ўйга толдириши керак, албатта.

Орол фақат минтақанинг муаммоси эмас. Агар Ер шари инсониятнинг макони бўлса, унинг бир нуқтасидаги бу фалокат барчанинг муаммоси. Она замин бағридаги бу фалокат дунёнинг кўплаб ҳудудларига салбий таъсир кўрсатиши мутахассислар томонидан аллақачон исботланган.

Президентимиз нутқида бугун инсониятга катта ташвиш келтираётган ўткир муаммолар ечимига қаратилган яна икки қимматли таклиф билдирилдики, уларнинг аҳамиятини қайта-қайта шарҳлаш керак бўлади. Биринчиси, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифидир.

Бу таклиф қанчалик муҳимлиги асослаб берилди. Бугун терроризм таҳдидлари кучайиб бораётгани, экс­тремистик ҳаракатлар ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани таъкидланаркан, яна бир муҳим мисол алоҳида келтириб ўтилди: Бугунги дунё ёшлари — сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этади.

Бу маълумотлар билдирилган таклиф қанчалик муҳимлигини кўрсатиб турибди.

Иккинчи таклиф биринчи таклифнинг мантиқий давоми бўлиб, моҳиятан бир эзгу мақсадга хизмат қилади. БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик», деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи аҳамия­ти шарҳланадиган бўлса, узоқ гапиришга тўғри келади. Қисқа қилиб айтганда, жамики, жоҳиллик ва ёвузликлар илмсизлик, маърифатсизлик оқибатларидир. Улуғ аждодларимизнинг муқаддас китобларидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин: «Илмсиз киши одобли ва кўркам бўлиши мумкин эмас», «Жоҳил киши эса гўзал ахлоқлардан бебаҳра бўлиб, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайди. Бундай кишилардан ҳар қандай ёмонлик кутиш мумкин», «Маърифат бор жойда жаҳолат чекинади», «Илм эгаллаган киши икки дунё саодатига эришади».

Бошқача айтганда, жаҳолатни қурол-яроғ билан енгиш мумкин эмаслигини ҳаёт кўрсатмоқда. Агар бутун дунё маърифатга интилса, болалар қўлига автомат эмас, китоб берилса, қурол-яроғга кетаётган маблағ маърифат ишларига сарфланса, жаҳолатни енгиш, бало-қазолардан халос бўлиш, тинчлик-барқарорликка эришиш мумкин.

Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш зарур. Президентимиз қайсидир бир ҳудудни эмас, дунё тинчлигини кўзлаган таклифларни билдиряпти, қайсидир бир халқ болаларини эмас, балки дунё болаларини асрайдиган ташаббусни илгари сураяпти. Бу таклифлар ҳали кўп ўрганилади, таҳлил этилади, дунёнинг кескин муаммолари ечимлари тўғрисида хулосалар чиқариб олиш имконини беради.

Биз шуни ишонч билан айтамизки, Президентимизнинг нутқи ҳаётий таклифлари, чуқур маъно-мазмуни, эзгуликка йўғрилган мақсади билан Ўзбекистоннинг бугунги юзини кўрсатди, Ўзбекистоннинг бугунги сўзи бўлиб янгради.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.