26.09.2017

ОРОЛ МУАММОСИНИ БИРГАЛИКДА ЕЧИШ ЗАРУР

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72 сессиясини катта эътибор ва қизиқиш билан кузатиб бордик. Айниқса, Президентимизнинг ушбу ташкилотнинг юксак минбаридан туриб сўзлаган нутқи ҳаммамизни ҳаяжонлантирди. Албатта, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаётимиз, одамлар тафаккуридаги янгиланиш, Ўзбекистоннинг ХХI асрга хос бўлган янги қиёфаси очилаётганлиги ҳар биримизнинг ғуруримиз ва масъулиятимизни оширяпти.

Яқиндагина давлатимизда валюта сиёсати эркинлаштирилди, тадбиркорлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. Солиқ имтиёзлари, кредит билан таъминланиш масалалари бўйича ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланди. Президентимиз юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида ишонч ва қатъият билан гапирганини бутун дунё эшитди, жаҳон ҳамжамия­ти Ватанимиз қудрати тобора ортаётганига гувоҳ бўлди.

«Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир». Бу сўзлар халқимизнинг кўнглидаги орзу-истакни ифода этди, десак, тўғри бўлади.

Биз, қорақалпоғистонликлар Президентимизнинг Орол денгизи фожиаси ҳақидаги сўзларини бутун вужудимиз билан тингладик. «Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири — Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқ­аро миқ­ёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Биз БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши тарафдоримиз». Дарҳақиқат, Орол бугун бир миллат ёки бир мамлакатнинг муаммоси эмас. Бу фожиа аллақачон бир-икки давлат ҳудудидан четга чиқиб бўлди. Бу фожиага қарши биргаликда курашилмаса, ундан Ер юзидаги иқлим, бутун инсоният зиён кўриши муқаррар.

Тўғри, Орол фожиаси туфайли ушбу минтақада юзага келган экологик офат оқибатларини юмшатиш, жаҳон жамоатчилиги эътиборини бу муаммога қаратиш, қорақалпоқ диёрини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ҳозир Оролнинг қуриган қисми — 5,5 миллион гектардан зиёд майдони саҳрога айланди. Бу кўплаб ўсимлик турлари камайиб, йўқ бўлиб кетиш хавфини туғдирди. Шунинг олдини олиш мақсадида саҳрода яшил қалқон барпо этилди. Атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ҳудудда биохилма-хилликни асраш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. 360 минг гектар майдонда иқлим шароитига мос бўлган қандим, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда. Бу эзгу ишларда ҳаммамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз, Орол муам­моларини биргаликда ечишимиз керак, деб ўйлайман.

Президентимизнинг Ўзбекистон номидан ёш авлод ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция ишлаб чиқишни таклиф қилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз нутқи Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон жадал ривожланаётгани, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамо­йил амалда рўёбга чиқаётганини яна бир бор намойиш қилди. Унда илгари сурилган фикр ва ғоялар тинчликсевар сиёсатимизнинг ёрқин намунасидир.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.



DB query error.
Please try later.