18.01.2018

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИНИНГ СИРЛИ ОЛАМИ

қандай тартибга солинади?

Давлат харидлари нима, деган саволга китобий тилда жавоб берадиган бўлсак, гапимиз бироз чўзилиб кетади. Умуман, «харид» ўзи нима, деган саволнинг жавобини эса ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳаё­тий зарур эҳтиёжларимиз учун, кундалик рўзғоримиз учун ҳар куни бўлмасаям кунора нималардир харид қиламиз. Ҳеч нарса харид қилмасдан, ҳеч нимага эҳтиёж сезмасдан яшаш мумкин бўлмаганидек, давлат ҳам халқ олдидаги вазифаларини бажариш учун ҳар йили керакли маҳсулотлар ва хизматларни харид қилади. Содда қилиб айтганда, давлатнинг ҳам ўз рўзғори бор.

 

Фақат бу рўзғор тасаввуримиздагидан анча катта. Унинг харидлари биз бозорга олиб чиқадиган харажатлар рўйхатидан бир неча миллион, балки миллиард марта улкан ва мураккаб бўлади.

Маълумотларга кўра, давлат харидларининг миқдори ривожланиш даражаси ва иқтисодий қудратига қараб дунёнинг турли давлатларида турлича. Бу харидлар аксарият мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан 30 фоизигача бўлган миқдорни ёки давлат бюджетининг қарийб учдан бир қисмини ташкил қилади. Ҳеч қандай ҳисоб-китобсиз, хомчўтсиз ҳам бу харидларнинг бўй-бастини кўз олдимизда тасаввур қилиб кўришимиз мумкин...

Рўйхат чўзилган, ишлатиладиган маб­лағ миқдори оғирлашган сари бозорга олиб чиқиладиган тўрхалта ҳам катталашаверади. Пул катта, харажат катта, демак, масъулият, жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлиши керак. Нимага десангиз, бу югуриб бориб, кўча бошида турадиган, бутун қишлоқ танийдиган инсофли амакининг дўкончасидан икки кило картошка ёки сабзи олиб келиш эмас.

Шунинг учун давлат харидларини ўзига хос сирли ва мураккаб олам, деб аташади. Бу оламда танишларга ҳам, нотанишларга ҳам ишониш қийин. Нотанишлар кўпайса, «буларда инсоф, диёнат бормикан?», деб хавотирланасан, таниш-билишлар кўпайса, сал ўтмай коррупциянинг бадхўр ҳиди кела бошлайди.

Ўзи аслида мақолани шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганидан бошлашимиз керак эди. Лекин ундан олдинги бир-бири билан боғлиқ жараёнларга эътибор қаратмасак, гапимиз чала қолар экан.

Энг аввал 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат органлари фаолияти, жумладан, давлат харидларини амалга ошириш масаласида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганини айтишимиз лозим.

Эслаб кўрсак, ўтган йилнинг бошида Президентнинг тегишли қарори билан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланган эди. Ушбу ҳужжатда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар, хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган, «Давлат харид­лари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш шулардан бири эди.

Қонун лойиҳасида бир қатор ўткир масалалар қамраб олиниши кўзда тутилганди. Жумладан:

давлат харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизми, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш чоралари;

давлат харидларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш;

давлат харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартибини яратиш;

электрон харидларни янада ривожлантириш...

Мураккаблик шундаки, керакли қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш билан давлат харидларига алоқадор бири-биридан чигал муаммоларга ечим, минг турфа қинғирлик­ларнинг томирига йўл топиб бўлмайди.

Буни кенгроқ тушунишимиз учун давлат раҳбарининг яна бир фармонини эсга олиш керак бўлади. Бу Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармондир.

Фармонда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ғов бўлаётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга тўсқинлик қилаётган қатор камчилик­лар борлиги таъкидланди. Давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари шаффофлигини таъминловчи (давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотларининг маълумотлар базалари билан интеграция қилинган) ягона ахборот майдонини яратиш вазифаси қўйилди. Давлат харидлари ягона ахборот порталини жорий йилнинг бошидан ишга тушириш белгиланди.

Бироқ шулар билан чекланиб қолингани йўқ. Бир-иккита ташкилотнинг вазифаларини мувофиқлаштириш бошқа масалаю, давлатнинг улкан маблағини идрок билан, инсоф билан, жой-жойига қўйиб ишлатиш бутунлай бошқа масала. Бу жуда оғир вазифа қатъият билан бажарилмаса, бир-икки рўзғорга эмас, давлатнинг улуғ рўзғорига зиён келади, халқнинг ризқи қийилиб, одамларга кўп заҳмат етади.

Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлар тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори ҳам ўтган йили июль ойида қабул қилинган. Ушбу ҳужжат давлат харидларининг сирли, синоатли оламини тартибга солишга катта туртки, қўшимча умид бериши кутиляпти.

Қарорга кўра, Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси дирекцияси, деб номланган собиқ давлат корхонаси тугатилди. Боиси, ўтказилган таҳлиллар ўша вақтдаги тартиб давлат ва корпоратив харидларнинг очиқлиги ва шаффофлигини лозим даражада таъминламаганини кўрсатди. Яъни, тендерлар ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида кооперация биржаси доирасида асбоб-­ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хом­ашё­ ва материалларнинг харидини амалга оширишга имкон берувчи тартиб турли хил коррупция кўриниш­ларига қарши туролмас, ҳатто бюджет пулини ўмармоқ «ишқ»ида ёниб юрган паст ниятли кимсаларга шароит яратиб бераётган эди.

Иймонидан нафси анча катта кишилар олдиндан ишни пишитиб, кимга қанча қолишини чамалаб бўлиб, кейин гўёки ҳалол шартномалар тузиш учун биржаларда тасодифан кўришиб қолишарди. Нимасини айтасиз, қилни қирқ ёраман, деб керилиб юрган одамларга биржа, тендерлар жуда оддий ўйинчоқ бўлиб кўринади.

Қарорга қайтадиган бўлсак, унда давлат ва корпоратив харидлари тизимига илғор тажрибани, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шу орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чоралари белгиланди.

Олий Мажлис Сенатининг ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисида Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинаётганда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган бир неча ўн миллиард сўм маблағ ўзлаштирилмай қолгани маълум қилинганди. Бунинг асосий сабаби нимада эди?.. Соғлиқни сақлаш вазири бунга изоҳ бераркан, дори-дармонларни хориждан бир неча баробар оширилган нархларда олиб келишга йўл қўйиб берадиган шартномалар бекор қилинганига эътибор қаратган эди. Мана шу мисолнинг ўзи ҳам давлат харидлари бўйича шаффоф, энг муҳими, ҳалол тизим яратиш нақадар кечиктириб бўлмас вазифа эканини, буни қулоғимизга қўрғошиндек қуйиб олишимиз шартлигини исботлайди.

Давлат нафақат хориждан, шу билан бирга, ўзимизнинг қоракўз деҳқону фермерлардан, жонкуяр ишлаб чиқарувчиларимиздан ҳам харид қилади. Эҳҳе, бу ишларда шу вақтгача бошимиздан қанча савдолар ўтган, буни Худо билади...

Қарор ва фармонлар қабул қилинибди, мана, яқинда қонун ҳам қабул қилинар экан, давлат харидларининг сирли олами қатъий тартибга солинаркан, қийинчиликлар, хатолар ортда қолибди, деб хулоса қилиш, албатта, ғўр одамнинг иши бўлади. Аксинча, бу йўналишдаги кенг қамровли ўзгаришлар, ислоҳотлар энди-энди бошланяпти. Ҳозирча халқимизни хотиржамликка ундайдиган нарса — умид қилиш учун етарлича асос­лар бор.

Давлат харидлари билан боғлиқ нопок йўлларни тўсиш, бу эски йўлдаги эгри-буг­ри кўп­рикларни бутунлай ёқиб юбориш учун қаттиқ кураш кетяпти. Бу жараёнда парламентимиз яқин орада маромига етказиши кутилаётган қонун ҳал қилувчи аҳамият касб этишини кўпчилик яхши тушунади.

Экин экиладиган ерни ажриқ, деган ярамас ўтдан охиригача тозалаш болалигимизда энг қийин иш бўлиб туюларди. Унинг тирноқдай парчаси ҳам кейинчалик кўпайиб кетади, ҳосилнинг шўрини қуритади, деб кўп айтишарди. Давлат харидларида коррупцияни йўқотиш, билмадим, негадир ажриқ тозалашдай мураккаб юмуш бўлиб туюлади. Қийинликка қийин, лекин эпласа бўлади. Халқимиз ҳаётда бундай қийинчилик­ларнинг кўпини енгиб ўтган.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.