16.01.2018

ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИ ЧИРЧИҚ ШАҲРИ АҲОЛИСИГА ЧЕКСИЗ ҚУВОНЧ БАҒИШЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Чирчиқ шаҳрига ташрифи, кўплаб лойиҳалар билан танишуви халқимизда катта таассурот қолдирди. Шаҳарда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар Чирчиқ шаҳри аҳолисига янада рағбат, кўтаринки кайфият бағишлади.

ЎзА мухбири улардан айримларининг фикрларини ёзиб олди.

Юлдуз ЭГАМНАЗАРОВА, Чирчиқ шаҳридаги «Баҳор» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

— Президентимизнинг Чирчиққа ташрифини анчадан буён кутаётган эдик. Давлатимиз раҳбари шаҳримизда бўлиб, кўплаб лойиҳалар билан танишгани, унинг истиқболини белгилаб бергани бизни жуда қувонтирди. «Ўзбеккимёмаш» заводида фаоллар билан бўлиб ўтган учрашувда шаҳарни янада ривожлантириш бўйича бошланган ишлар ҳақида сўз борди. Президентимиз ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, «Мен ишонаман, Чирчиқ бундан-да обод ва гўзал шаҳарга айланади, ҳатто Тошкент шаҳри халқи ҳавас қилиб келадиган даражада бўлади», деганида барчамиз тўлқинланиб кетдик.

Бугун шаҳримиз келажагига умид, ишонч пайдо бўлди. Президентимиз ташаббуси билан бошланган ишлардан сўнг шаҳримиз аҳолисининг ташаббуси ҳам янада ортди.

Муҳаммаджон ҚУРБОНОВ, Чирчиқ шаҳридаги «Лукбо текстиль» хорижий корхонаси бош директори:

— 2010 йил ташкил этилган корхонамизда ҳозирги кунга келиб 1 минг 400 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Йилига ўртача 15 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариб, Россия, Беларусь, Польша, Украина, Чехия каби давлатларга экспорт қилиб келмоқдамиз. Бундан ташқари, ҳар йили 200-250 нафар коллеж битирувчиси бандлигини таъминлаяпмиз. Тадбиркорларга яратилаётган қулай имкониятлардан фойдаланиб, 25 миллион доллар инвестиция киритиб, замонавий ип-калава ва мато ишлаб чиқариш заводини қуришни бошлаган эдик. Бу йил апрель ойида корхонани тўла қувватда ишга туширамиз. Натижада 300-350 янги иш ўрни яратилади, экспорт салоҳиятимиз 15-20 миллион долларга ортади.

Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги фармонига мувофиқ мамлакатимизда тўқимачилик маҳсулотлари ягона «UZTEXTILE» белгиси остида экспорт қилиниши биз учун муҳим янгилик бўлди. Бу тўқимачилик корхоналари томонидан маҳсулотларни янада сифатли, рақобатбардош, жаҳон андозаларига жавоб берадиган даражада ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ёрдам беради. Фармон асосида Ўзбекистон учун янгилик бўлган кластер модели жорий этилди. Бу дегани, пахта хомашёсини етиштиришдан бошлаб, то ундан тайёр маҳсулот ишлаб, чиқаришгача бўлган жараён интеграция қилинади. Биз ҳам янги корхонамизда кластер усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз.

Камола ШОКАРИМОВА, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ўқитувчиси:

— Мана, бир йил ичида шаҳримизда қанча ўзгаришлар бўлди. Президентимиз ташаббуси билан Чирчиқда иккита олий ўқув юрти фаолияти йўлга қўйилди. Бу нафақат чирчиқликлар, балки бутун вилоят аҳлининг дилидаги гап бўлди. Бу билан Тошкент вилоятининг таълим салоҳияти юксалди, ёшларга ўқиш имконияти янада кенгайди.

Президентимиз ташриф чоғида инс­титутимиз учун янги ўқув бинолари, спорт комплекси, талабалар турар жойлари қуриш лойиҳалари билан танишди. Чунки институт ташкил этилгани билан талабаларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ турар жойга эга эмас, қўшимча аудиториялар зарур. Янгиликларни эшитган талабаларимизнинг қувончи чексиз. Ёшларга шароит яратиб берилса, уларда ўқишга иштиёқ янада кучаяди, Ватанга керакли кадрлар сафи ортади. Чирчиқда ҳам бунинг учун қулай замин пайдо бўлди.

Зиёвуддин САЙДАҲМЕДОВ, маҳалла фаоли:

— Чирчиқда турли миллат вакиллари яшайди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан барча мамнун бўлди. Дилимизда янгиликлардан фахр-ифтихор жўш урмоқда. Айниқса, Президентимизнинг бир йилда шаҳарга 2 триллион сўм маблағ берилиши ва катта ўзгаришлар амалга оширилиши ҳақидаги гапларидан ҳамма хурсанд.

Чирчиққа кўп йиллардан буён эътибор берилмай қўйилганди. Энди шаҳримизда қисқа даврда 15 та кўп қаватли уй, 10 та боғча, янги бозор, гипермаркет, Чирчиқ канали бўйида сайилгоҳлар қурилади, иккита маданият ва истироҳат боғи тубдан таъмирланади. Йўлларимиз кенгайтирилиб, кўприк бунёд этилади. Уйлар кам таъминланган оилалар, ногиронлар, узоқ вақт уй ололмай навбатда турган аҳолига берилади. Ҳарбийлар учун уйлар қурилиши кўпайтирилади. Жорий йилда улар учун 18 та уч қаватли уй қуриб, фойдаланишга топширилиши маълум қилинди. Буларнинг бари шаҳримизга бўлаётган ўзгача меҳр-эътиборнинг намунаси.

Людмила ФИЛИППОВА, «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамияти қошидаги санъат саройи директори ўринбосари:

— Мен давлатимиз раҳбари билан учрашувда у кишига 2006 йилда санъат саройимиз аукционга қўйилиб, сотиладиган бўлганда сақлаб қолгани ва фаолиятимизни давом эттиришга имконият яратиб бергани учун миннатдорлик билдирдим. Сабаби, ўшанда ижодий жа­моамизда санъат сирларини ўрганаётган юзлаб ўғил-қизлар кўчада қолаётган эди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан саройимиз Ўзбекистоннинг маданий мероси рўйхатига киритилиб, «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилган ва сақлаб қолинган эди. Бугун санъат саройимиз ўз фаолиятини қизғин давом эттирмоқда.

Президентимиз санъат кошонамиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилишини маълум қилди. Бундан чексиз қувониб кетдик. Бу наинки жамоамизга, балки бу ерда тарбияланаётган санъатимизнинг умид ғунчаларига берилган мукофотдир. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи нафақат шаҳримизнинг гуллаб-яшнашига, балки маънавиятимиз ривожига кенг йўл очди.

 

ЎзА мухбири

Матназар ЭЛМУРОДОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.