Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
21.12.2017

ЭРКИН КОНВЕРТАЦИЯ

миллий валютамизнинг қадри, иқтисодиётимизнинг қудрати ошишига хизмат қилади

Одатда валюта деганда, кўпчиликда фақат доллар, евро ёки бошқа турли хорижий мамлакатлар пул бирликлари тўғрисида тасаввур юзага келади. Аммо ҳар бир мустақил давлат ўзининг мустақил пул тизимига ва пул тизимининг муҳим элементи бўлган пул бирлиги – миллий валютасига эгадир. Шу боис, сўм ҳам валюта, биз учун у миллий валюта ҳисобланади. Миллий валюта одатда мамлакат ички пул айланмасида ишлатилса, мамлакатлар ўртасида амалга ошириладиган халқаро савдо-сотиқ, инвестиция, молия-кредит, сайёҳлик ва бошқа турдаги муносабатларда халқ­аро амалиётда узоқ йиллардан буён мустаҳкам ўрин эгаллаган хорижий валюталардан фойдаланилади.

Ҳар бир давлат пул-кредит сиё­сатини амалга оширишда ўз миллий валютасининг барқарорлигини таъминлашни, мамлакатда макроиқтисодий ўсиш ҳамда халқ фаровонлигига эришишни устувор мақсадлар қаторида белгилаб олади. Бу вазифалар муваффақиятли бажарилишида миллий валютанинг барқарорлиги ва унинг конвертация­ланганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Консти­туция­миз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сўмнинг эркин конвер­тация­сига йўл очилгани муҳим ислоҳотларимиздан бири эканини таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас, албатта.

Ўзбекистонда миллий валюта конвертациясини таъминлаш масаласи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз, инвесторлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, экспорт ва импорт қилувчилар, фермерлар, хорижда таълим олиш, даволаниш ёки саёҳат қилиш хоҳишида бўлган ҳамюртларимиз, мамлакатимизга ўз бизнесини юритиш мақсадида келган хорижий ҳамкорларимиз учун анчадан буён кутилган иқтисодий жараён, десак, муболаға бўлмайди. Чунки бир неча йиллардан буён мазкур соҳада тўпланиб қолган камчиликлар ички ва ташқи иқтисодий алоқаларимизни ривожлантириш йўлида анчагина қийинчиликлар, турли тўсиқларни юзага келтирган эди. Шу боис, миллий валютанинг эркин конвертация қилинишига йўл очилиши Ўзбекистоннинг жаҳон ­бозорига кенгроқ кириб бориши ва унда ўз ўрнини эгаллаши, халқ­аро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича катта имкониятлар яратади.

Президентимиз 2017 йил 2-сентябрда имзолаган «Валюта сиё­сатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан валюта бозорини ­эркинлаштириш соҳасида давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Сентябрь ойидан бошлаб валюта курси шаклланишининг бозор механизмлари жорий этилиши ва ички валюта бозори фаолиятининг эркинлаштирилиши нафақат пул-кредит соҳасида, балки бутун иқтисодиётда ижобий томонга туб ўзгаришларни амалга ошириш учун муҳим замин яратди. Ушбу ислоҳотларнинг қатъий амалга оширилиши пул муомаласи соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш, банкдан таш­қари пул маблағларини банк тизимига жалб қилиш ва банклар орқали айланишини таъминлаш, энг асосийси, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслар эркин равишда хорижий валютани сотиб олиш, сотиш ҳамда шахсий валюта маблағларини ўз ихтиёрига кўра эркин тасарруф этиш имкониятига эга бўлди. Бунинг натижасида жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида аҳоли томонидан 730 миллион долларга яқин миқдордаги валюта маблағлари тижорат банк­ларига сотилган. Эътибор беринг, унгача ­маблағлар асосан норасмий бозорда айланган. Эркин конвертациядан сўнг улар банк оборотига жалб қилинди. Шу билан бир қаторда бу маблағлар валюта биржасида валютага бўлган қўшимча таклиф ҳажмини оширишга манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Яқинда мамлакатимизда бўлган Халқаро валюта фондининг миссияси валюта бозорини либераллаштириш борасида амалга оширилган ишларни даст­лабки муҳим қадам, деб қайд этди.

Тан олишимиз керакки, тизимда ислоҳотлар бошлангунга қадар хўжалик юритувчи субъектларимиз, жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари валюта бозорида тенг имкониятларга эга эмас эди. Бу уларга ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий технологиялар, хомашё материалларини хориждан харид қилиш, ўз маҳсулотини экспорт қилиш масалаларида кўпгина қийинчиликлар туғдираётган эди. Бугунги кунда эса барча хўжалик юритувчи субъектлар учун валюта бозорида тенг рақобат шарои­ти яратилди, шунингдек, уларнинг ўз ҳисоб рақамидаги пул маблағларини эркин конвертация қилиш орқали экспорт ва импорт қилиш имконияти кенгайди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ноанъанавий йўналишларда экспортни ривожлантириш бўйича валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Миллий валюта конвертациясининг ижобий натижаси сифатида яна бир кўрсаткичга тўхталиб ўтсак, 2017 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида валюта биржасидаги ўртача операциялар ҳажми биринчи ярим йилнинг ўртача кўрсаткичи билан солиштирганда, қарийб 1,5 баробарга ошганини, экспортёрлар томонидан валютани сотиш ҳажми эса 2 баробардан зиёдга ошганини кўрамиз.

Миллий валюта конвертацияси билан боғлиқ энг муҳим йўналишлардан бири — иқтисодиётнинг барча тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, билимлар ва технологияларни жалб қилишга имкон берувчи бизнес ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш ҳисобланади. Бу жараёнлар мамлакатимизда товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига, мамлакатимиз бозорида ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳиссасининг кўпайишига, товар ва хизматлар бозорида рақобатнинг кучайишига, товар ва хизматлар баҳосининг арзонлашувига, сифатли ва янги маҳсулот турларининг пайдо бўлишига замин яратади.

Бу амалий ишлар мамлакатимиз ва хал­қимиз учун нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эгадир. Чуқурроқ ўйлаб кўрсак, тизимдаги ислоҳотлар янги иш ўринлари яратилишига, аҳоли, айниқса ёшлар банд­лигини таъминлашга самарали хизмат қилиши аён бўлади.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзоси, иқтисод фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: