22.07.2017

БОЙСУННИНГ БЕБАҲО БОЙЛИГИ

ундан тўлиқ фойдаланиш фурсати келмадимикин?..

Мамлакатимизда 2,5 миллиард тоннадан зиёд қидириб топилган кўмир захиралари мавжуд. Мутахассисларнинг маълумотига қараганда, биргина Бойсун конининг «Марказий» ва «Шарқий» ҳудудларида 29 миллион тоннадан ортиқ ўта сифатли тошкўмир бор.

Бойсун кўмирининг иссиқлик бериш қуввати ҳам жуда баланд. Унинг бу борадаги кўрсаткичи 8 минг 200 килокаллория бўлиб, кулга чиқиши атиги 7-8 фоизни ташкил этади. Масалан, Ангрен кўмирининг бу борадаги қуввати 3,5 минг килокаллориядан иборат бўлса, Шарғун кўмирининг қуввати ҳам ундан юқори эмас.

Бойсун кўмири таркибида кўмир кокси, кўмир электроди, шунингдек, карбит-кальций борлиги ҳам аниқланган. Мутахассислар мазкур кўмирдан дунёда энг сифатли активлашган кўмир олиш мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бундан ўн йиллар муқаддам ­Навоийдаги электрокимё заводи лабораториясида ўтказилган синовда 10 тонна кўмирдан 3 тоннадан зиёд активлашган кўмир олиш мумкинлиги илмий ва амалий жиҳатдан исботланди.  

Маълумки, активлашган кўмир озиқ-овқат, тиббиёт, енгил саноат, ҳарбий-техника, узатиш ва қабул қилиш мосламалари, радио-техника соҳаларида кенг қўлланилади. Нефтни қайта ишлаш жараёнида  фильтр сифатида фойдаланилади ва олинаётган бензин, керосин, солярка маҳсулотларининг сифатли бўлиши таъминланади. Тоза спирт ишлаб чиқаришда ҳам активлашган кўмирнинг аҳамияти каттадир. Ҳолбуки, ушбу маҳсулот ўзимизга четдан валюта ҳисобида харид қилинмоқда.

Хорижлик ишбилармонлар ­истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ Бойсун кўмири билан қизиқиб қолишганди. Бироқ туманга темир йўл бормаслиги иш бошлашга тўсқинлик қилди. Оқибатда Бойсун кўмир кони инқирозга юз тутиб, ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолди ва туман марказидан 200-250 километр узоқликдаги Шарғун кўмир конига қўшиб юборилди.

2016-2017 йил куз-қиш мавсумида «Сурхон кўмир етказувчи» унитар корхонаси томонидан туман халқ таълими муассасаларига 1 минг 311 тонна, соғлиқни сақлаш тизимига 414 тонна ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар коллежларига 242 тонна Ангрен кўмири етказиб берилди.

Бойсун туманига ана шу кўмирдан 700 тонна ажратилди. Бироқ туман аҳолиси Ангрен кўмирига эмас, аксинча Бойсун кўмирига талабгор бўлмоқда. Ангрен кўмирининг 1 тоннаси  ўртача 120 минг 800 сўмга тушганига қарамасдан, аҳоли қопга солинган 20-25 килограмм Бойсун кўмирини куз-қиш ойларида 50 минг сўмдан, ёз пайтида эса 25-30 минг сўмдан харид қилмоқда.

Кўриниб турибдики, Бойсун кўмирининг нархи Ангрен кўмиридан бир неча баробар қимматга тушмоқда.

— Ўтган асрнинг 30-йилларидан буён Бойсун кўмир конини ишга тушириш борасидаги ҳаракатларга гувоҳ бўлиб келаман, — дейди биология фанлари доктори, профессор Шукур Хуррамов. — Лекин  ҳалигача бирор амалий натижани кўрганим йўқ...

— Бойсун кўмирининг қуввати жуда юқори эканлиги ҳеч кимга сир эмас, —  дейди бойсунлик Қобил Рашидов. — Биз ана шу кўмирнинг майдаланган қисмини қўлда сув аралаш донадор қилиб тайёрлаймиз. Ёниши ва иссиқлик бериши Ангрен ва Шарғун кўмиридан анча яхши.

Яна бир мисол: вилоят касаба уюшмалари йиғилишида Сариосиё қишлоқ врачлик пункти раҳбарлари иситиш тизими ишламаётганлигидан шикоят қилишди. Қайта-қайта таъмирлаш  ҳам наф бермаган. Синаш учун Ангрен кўмири ўрнига Бойсун кўмирини ишлатиб кўришади. Буни қарангки, ойлар давомида исимаган ускуналар хоналарни қиздира бошлайди.

— Биз ҳам асосан Бойсун кўмирини харид қиламиз, — дейди Шўрчи туманидан Эргаш Донаев. — Энг муҳими, ушбу кўмирдан ёқимсиз ҳид тарқалмайди.

Чунки Бойсун кўмирига мазут эмас, бентанит ва Денов ёғ заводида ишлаб чиқариладиган совун чиқиндиси — соапсток сингари маҳаллий маҳсулотлар  аралашмаси қўшилади. Бу эса ишлаб чиқарилаётган кўмирнинг экологик жиҳатдан тоза бўлишини таъминлайди.

Афсуски, Бойсун кўмир конидан самарали фойдаланишнинг йўлга қўйилмагани айрим «уддабурон­лар»га қўл келмоқда. Тадбиркор ниқоби остидаги бу кимсалар турли ерлардан ўзбошимчалик билан кон очиб, қазиб олинаётган кўмирни аҳолига уч-тўрт баробар қимматга пуллашмоқда.

Энг ачинарлиси, иш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига эътибор қилинмаслиги оқи­батида,  тез-тез кўнгилсиз воқеалар содир бўлмоқда.

Аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан кўмир қазиб олишга уриниш жараёнида эса бир неча марта ис гази билан заҳарланиш ҳоллари рўй бериб, инсонларнинг ўлимига олиб келган.

— Агар корхона ишга туширилса, бу каби салбий ҳолатларга ­барҳам берилиб, ер-ости бойликларимизнинг талон-тарож қилинишига йўл қўйилмасди, — дейди Шар­ғун кўмир кониниг Бойсун участ­каси бошлиғи Шариф Бўриев. — Биз айни кунларда мус­тақил корхона сифатида иш юритиш мақсадида барча ҳужжатларни жамлаяпмиз.

— Мен мамлакатимиздаги кўплаб кўмир конларида ишлаб, бирон жойда бу қадар юқори сифатли кўмирга дуч келган эмасман, — дейди Шарғун кўмир кони директори Сайдулла Кўчаров. — Ҳозир ҳам англиялик ишбилармонлар Бойсун кўмири билан қизиқмоқда. Шу кунларда ­Шарғун кўмир конида таъмирлаш ишлари бошланиш арафасида. Яқинда 400 кишидан иборат мутахассислар бу ерга келишади. Бу ишлар якунига етгач, Бойсун кўмир кони ҳақида ҳам ўйлаб кўрамиз...

Бизнингча, Бойсун конини замонавий асосда ишга тушириш ва унинг имкониятларидан фойдаланиш борасида амалий чораларни кўришнинг фурсати аллақачон етган. Бу билан иккита муҳим вазифа адо этилади — мамлакатимиз эҳтиёжи учун хориждан келтирилаётган активлашган кўмир ўзимизда тайёрланади ва юзлаб янги иш ўринлари яратилади. Айни пайт­да мамлакатимиз ва хорижий истеъмолчиларга йилига сифатли тош­кўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб бериш мумкин бўлади.

Бу эса ҳудуднинг иқтисодий юксалишига хизмат қилади.

 

Абди ҚОДИРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.