20.07.2017

КЎЗИМИЗНИ ОЧАДИГАН, ВИЖДОНИМИЗНИ УЙFОТАДИГАН ГАПЛАР

Бу фикр йиғилишдан сўнг депутатларимиз ўртасидаги ўзаро суҳбатда айтилди.

Давлатимиз мустақиллигининг ўтган йигирма олти йили давомида ҳаётнинг кўпдан-кўп синовларидан ўтиб, ўзимизга сабоқ олдик, хулосалар чиқардик. Бугун биламиз, ҳар қандай ҳашаматли бинони саноқли ойларда қуриб, битказса бўлади. Бутун бир эски маҳаллани бузиб, ўрнида замонавий кўп қаватли уйлар  барпо этишга ҳам бир-икки йил кифоя. Ҳатто маълум муддатда тоғлар оша темирйўл ўтказиш, афсонавий ишларни амалга ошириш, мўъжизалар содир этиш мумкин.

Аммо энг қийин иш — одамларнинг дунёқарашини, тафаккурини ўзгартириш эканини анг­лаб етдик. «Дунёқараш» дегани ҳаётга муносабатни, ўз вазифамиз ва бугунги воқеа-ҳодисаларга муносабатимизни билдиради. Ўз халқи, юрти тақдирига дахлдорлик туйғусини англатади. Дунёқарашни ўзгартириш учун узоқ йиллар керак бўлади, кенг қамровда, изчил, таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш талаб этилади.

Президентимизнинг парламент аъзолари, сиёсий партиялар етакчилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида айнан дунёқарашимизни ўзгартирадиган, депутатларимиз айтганидек, кўзимизни очадиган, виждонимизни уй­ғотадиган гаплар бўлди. Нафақат сиёсий партиялар, балки вазирлар, ҳокимлар, барча даражадаги давлат идоралари раҳбарлари кўп масалаларга муносабатини ўзгартириши кераклигини англатадиган фикрлар айтилди.

Маърузани тинглаётиб, тўғриси, ҳар биримизнинг кўнглимиздан қатор саволлар ўтди: партия етакчиси, фаоли, аъзоси, депутат бўлиб бугун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қандай ҳисса қўшаяпмиз, давлатимизни янада тараққий эттириш, халқимиз ҳаётини фаровонлаштириш учун қандай амалий дастурлар билан чиқдик? Ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган иллатларни бартараф этиш учун қандай таклифларни айта олдик?..

Бу саволларга жавоб беришга қийналамиз, жавоб тополмаймиз. Жавобни Президент айтди: «... бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз».

Танқидий фикрлар айтилишини билардик, бунга руҳан тайёр эдик, ҳар қандай танқидга муносиблигимизни ҳам англаб тургандик. Бироқ бунчалик  чуқур танқидий таҳлилни, амалий таклифларни кутмагандик. Йиғилиш давомида барчамиз кўксимизни кўтаролмай, хижолат тортиб ўтирганимиз бор гап.

Маърузада Халқ демократик партияси ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатини ҳимоя этишни зиммасига олгани айтилиб, лекин уларнинг ҳаёт даражасини, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фао­лияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида кўзга кўринарли ташаббуслар билан чиқмаётгани, амалий ҳаракатлар бўлмаётгани танқид қилинди. Айни чоғда бугунги асосий вазифалар, белгилаб берилди, амалий таклифлар илгари сурилди. Сиёсий партиялар иш услубини тубдан ўзгартириши, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйиш кераклигини замоннинг ўзи талаб қилаётгани таъкидлаб айтилди.

Шу ўринда айтиш керакки, эски иш услубини ўзгартириш учун аввало эскича кайфиятдан, ишга, вазифага, бурчга эскича ёндашувдан қутилиш керак бўлади. Бугун кечаги кайфият билан ишлаш асло мумкин эмаслигини англаб олишимиз зарур.

Эътибор бериб қаралса, яна бир муҳим таклиф билдирилди: аҳоли, электорат билан мулоқотни тизимли йўлга қўйиш керак. «Мулоқот» — одамлар билан юзма-юз учрашув, самимий суҳбат дегани. Одамлардан «нима дардингиз бор, сизни нима ташвишга солаяпти, қандай ёрдам керак?», деб сўраш дегани. Бундай учрашувлардан аввало одамлар манфаатдор бўлади, сиёсий партиядан, депутатдан рози бўлади. Агар шундай қилинса, биз жойларда одамларни ранжитаётган, ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган камчилик ва муаммоларни ҳам ўрганамиз. Қонун лойиҳаларига таклифлар, халқ депутатлари Маҳаллий кенгашлари сессиялари кун тартибига киритадиган масалаларга ҳам эга бўламиз, муам­моларга ечим топилади, бундан одамларга ҳам, жамиятга ҳам фойда тегади.

Биз, яъни партия ташкилотлари, депутатлар нима ишлар билан бандмиз? Ишламаяпмиз, десак, нотўғри бўлади. Ишлаяпмиз. Кўп тадбирлар ўтказаяпмиз. Аммо семинар, давра суҳбати, маънавий-маърифий тадбирларимиз самараси кам бўлиб, вақтимизни кетказаяпмиз. Соддароқ қилиб айтганда, асосий ишимиз мажлис ўтказиш билан ўтаяпти. Маърузалар ҳам, сўзга чиқадиганлар ҳам асосан ўша-ўша... Таниш номлар. Энг ачинарлиси, мавзулар ҳам анъанавий, ҳар йили такрорланади. Бундай хўжакўрсинга  ўтказиладиган тадбирларнинг фойдасидан кўра, зарари кўпроқ эмасми?

Яна бир аччиқ ҳақиқат шундаки, кўпчилик туман, вилоят кенгашлари раҳбарлари, фаоллари ана шундай тадбирлар ўтказиш билан вазифамни бажардим, деб ўйлашмоқда.

Партия ташкилотлари ўзининг асосий вазифаси нимадан иборатлигини англамаётгани Президентимиз маърузасидаги таҳлиллардан ҳам кўриниб турибди.

Партия аъзолари, электорат вакилларининг сиёсий, ҳуқуқий билимини оширадиган тадбирлар керак, албатта. Аммо асосий вазифа ҳар бир сиёсий партия ўз электорати манфаати учун ҳаётни чуқур ўрганиши, муам­моларни билиши, уларни бартараф этиш учун таклифлар киритиши, мақсад учун курашиши керак. Партиянинг маҳаллий кенгашлари ўз ҳудудини тараққий эттиришга хизмат қиладиган дастурлар ишлаб чиқиб, маҳаллий ижро ҳокимиятига тақдим этиб бориши керак. Марказий Кенгаш эса қуйи ташкилотлар таклифларини йиғиб, умумлаштириб, ҳукумат олдига таклифлар, керак бўлса, талаблар қўйиши лозим.

Сиёсий партиянинг кучи, салоҳияти давлат дастурларига нисбатан муқобил дастурларни ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим этиб бориши билан белгиланади. Ҳукуматнинг эътиборидан четда қолаётган масалалар бўйича дастурлар ишлаб чиқиб, тақдим этиб бориши, ўз позициясини асослаб, ҳимоя қилиши сиёсий партиянинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Бу ишлар албатта кадрлар тажрибаси, иқтидорига боғлиқ. Бир ўйлаб кўрайлик, туман, шаҳар, вилоят кенгашларида кимлар ишлаяпти, улар бугунги кун талабига жавоб бероладими?

Сиёсий партияларнинг экспертлари кимлар, суянадиган фаолларининг салоҳияти қа­нақа? Айниқса, бошланғич ташкилотлар ва туман кенгашларини  кимлар бошқараяпти?

Ишимизни ўнглашимиз учун аввало кадрларни жой-жойига қўйиб олиш керак бўлади. Акс ҳолда, бир жойда дебсиниб қолаверамиз. Аслида 20 кило юк кўтарадиган одамнинг елкасига 100 кило юкни осиб қўйиб, ҳар қанча даъват этмайлик, у ўрнидан туролмайди.

Бугун кадрлар партияга ишга келмаяпти-да, десак, хато бўлади. Президентимиз маърузасида айтилди, сиёсий партияларга, депутатларга қанча ваколатлар берилаяпти, уларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қиладиган янги ташаббуслар бошланяпти. Бу янгиликларни қандай тарғибот қилиш ҳам партия ташкилотларининг ўзига боғлиқ.

Президентимиз маърузасини диққат билан ўқиган киши бугун сиёсий партияларга, депутатларга муносабат мутлақо ўзгараётганини англайди. Сиёсий партиядан ташаббускорлик, принципиал ва қатъий позицияда бўлиш талаб этилмоқда. Бугун ҳар биримиз ўйлашимиз керак: сиёсий партияга нима учун аъзо бўлганмиз, нима учун депутат бўлдик, партия ташкилотига ишга киришдан мақсад нима эди?..

Шу пайтгача сиёсий партиялар қандай ташкилотлигини анг­ламаган, шу сабабли уларга нописанд қараб келаётган ижро ҳокимияти раҳбарлари ҳам оз эмасди. Ушбу маъруза, тўғриси, уларнинг ҳам кўзини очадиган бўлди.

Сиёсий партияларнинг, депутатларнинг обрўсини оширадиган, жамиятдаги мавқеини мус­таҳкамлайдиган, уларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя этадиган қанчалаб таклифлар айтилди, ку­йиниб айтилди, ёниб айтилди. «Яна нима қилиб бериш керак?», деган маънони ҳам англадик.

Президентимиз таклиф айтди: биз икки йил давомида фав­қулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, кўпдан-кўп орзу-ҳавасларимизга етиш учун шундай қилишимиз керак. Ана шу улуғ мақсад йўлида баланд руҳ, катта ғайрат-шижоат билан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Уйқусиз, ҳаловатсиз кураш боряпти. Буларни кўриб, билиб туриб томошабинлик қилсак, хотиржам ўтирсак, инсофдан бўлмайди, албатта.

Ишласак, ўзимиз учун ишлаймиз, фарзандларимиз келажаги учун, юртимиз ва халқимиз учун ишлаймиз. Буни англашнинг ўзи кишига ҳузур бағишлайди, ғурурини оширади. Халқнинг хизматини қилиш юксак шараф эканини юракдан ҳис этасан.

 

Сафар ОСТОНОВ


DB query error.
Please try later.