20.07.2017

Диққат! Янги рукн: Таклиф

Президент Шавкат Мирзиёев 12 июль куни парламент аъзолари, сиёсий партиялар етакчилари, ижро ҳокимияти вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда демо­кратик ислоҳотларни том маънода изчил ривожлантириш бўйича чуқур таҳлилий фикр-мулоҳазаларни билдирди. Тараққиётимизни жадаллаштириш, ҳаётимизни фаровонлаштириш билан боғлиқ муҳим масалаларда ташаббус кўрсатмаслик, таклиф билдирмаслик асосий камчиликларимиздан бири экани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, хилма-хил фикрлар, ранг-баранг таклифларсиз ҳеч бир соҳа кўнгилдагидек ривожланмайди. Бугун ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий нуқтаи-назардан қайта кўриб чиқишимиз, муаммоларга ечим топиш йўлларини қидиришимиз талаб этилмоқда. Хўш, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши учун нима қилиш керак? Сиёсий партиялар фаолиятини кучайтириш нималарга боғлиқ, деб ўйлайсиз? Депутатлар масъулият ва ташаббускорлигини ошириш учун нима қилмоқ керак? Турли соҳалардаги камчиликларнинг асосий сабаблари нимада ва уларни бартараф этиш учун қандай йўл тутиш зарур?..

Мазкур рукн остида шу каби муҳим масалалар ва мавзулар юзасидан таклифлар бериб бориш ниятидамиз. Ҳурматли парламент аъзолари, барча даражадаги депутатлар, партиямиз фаоллари, муҳтарам профессорлар, академиклар, азиз ёшлар, сизларнинг фикр-мулоҳазаларингиз ва таклифларингизни кутиб қоламиз.

 БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАР

ҳақиқий таянчимизга айланиши керак

Меҳрож ДАРХОНОВ,

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ТОШКЕНТ ВИЛОЯТ КЕНГАШИ РАИСИ:

— Президентимиз маърузасида сиёсий партиялар, депутатлар фаолияти бўйича билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар ҳаммамизни мудроқ кайфиятдан уйғонишга ундади. Видеоселектор йиғилишидан кейин шу пайтгача шуғулланган ишларимиз, ўтказган тадбирларимиз ва ло­йиҳаларимизни яна бир бор таҳлил қилиб кўрдим. Партия­миз Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бугун қўйилаётган талаб билан ўзаро солиштирдим. Тўғриси, дастуримиз, иш режаларимизни кўздан кечириб, фао­лиятимиз асосан умумий, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш билан чекланганига, замондан орқада қолаётганимизга амин бўлдим.

Камчиликларимизнинг асосий сабабларидан бири — бошланғич партия ташкилотларимиз, аъзоларимиз билан алоқани мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмаганимизда, деб биламан. Биз одатда бошланғич ташкилотлардан кўпроқ расмиятчилик кайфиятидаги тадбирларни белгиланган вақтда ўтказишни, аъзолар сонини кўпайтиришни кутамиз. Бошланғич ташкилот фаолиятига аъзолар сонига қараб баҳо беришга ўрганиб қолганмиз. Лекин улардан, фаол аъзоларимиздан: «Дастурларимизни такомиллаштириш масаласида қандай таклифларингиз бор, қандай ташаббуслар билан чиқсак бўлади?», деб сўрамаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида сиёсий партия­лар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунда жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш фойдадан холи бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, бошланғич партия ташкилотлари, фаол аъзоларимиздан фаолиятимизни кучайтириш билан боғлиқ масалаларда эркин таклифлар олиш механизмини яратиш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак.

Маълумки, партиямиз сафида улкан ҳаётий тажрибага эга инсонлар, турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётган мутахассислар, замон билан ҳамнафас фикр­лайдиган истеъдодли ёшлар оз эмас. Уларнинг фикрлари, таклифлари асосида иш тутиш партиямиз учун жуда зарур.

Шундай қилсак, аъзоларимизнинг фаоллиги ошади, фуқаролик позицияси мустаҳкамланади. Энг муҳими, бошланғич партия ташкилотларимиз ҳақиқий таянчимиз ва суянчимизга айланади.


DB query error.
Please try later.