20.07.2017

РАСМИЯТЧИЛИК ЁКИ КАМПАНИЯБОЗЛИК ЭМАС,

халқ манфаати ва розилиги учун

Давлатнинг мустаҳкамлиги, жамиятдаги барқарор ижтимоий муҳит ҳамиша халқ билан мулоқот — яқин ва очиқ мулоқот орқали амалга ошади. Амир Темур бобомиз салтанат қуриш, давлатни барқарор тутишнинг 12 та қонуни (асоси) — Тузукидан бири сифатида халқ ҳолидан доимий бохабар бўлиб туришни кўрсатганлар: «раият аҳволидан огоҳ бўл­дим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни хатга битиб, менга билдириб туришлари учун диёнатли, тўғри ёзувчи кишиларни белгиладим. Борди-ю эгри ёзганлари менга билдирилса, уларни жазоладим. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим».

Дарҳақиқат, халқ билан мулоқот жуда жиддий масала, у ўта масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. Мулоқот иш услубига, кундалик ҳаётга айланиши, у турмушимиздан мустаҳкам ўрин олиши керак. Жорий йилнинг мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши, барча вилоят ва туманларда одамларнинг арзини тинглайдиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарининг очилиши, халқ билан давлат раҳбарининг очиқ мулоқотини ўрнатиш ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фао­лиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Президент девонида алоҳида Хизмат жорий қилингани каби саъй- ҳаракатлардан давлатнинг халққа яқинлашуви, халқнинг раҳбарларга эмас, раҳбарларнинг халққа хизмат қилиши лозимлиги назарда тутилмоқда.

Шу ўринда давлат раҳбарининг шахсан ўзи академиклар, зиё­лилар, соғлиқни сақлаш тизими, ички ишлар, прокуратура, суд идораси вакиллари, депутат ва сенаторлар, ёшлар вакиллари, дин арбоблари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари билан алоҳида-алоҳида очиқ мулоқотлар ўтказганини эслаб ўтиш жоиз деб ўйлаймиз.

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона эл-юртимиз ўртасида фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларини қонуний асосда ҳал қилишда муҳим рол ўйнайдиган институтга айланиб улгурди. Буни ўтган давр мобайнида уларга қарийб 1 миллионга яқин фуқаро мурожаат қилганида ҳам кўриш мумкин.

Одамлар билан турли шакл ва усулларда мулоқот қилинмоқда. Жумладан, давлат раҳбарининг топшириғига биноан Президент девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Ҳозиргача ҳудудларимизда ўтказилган 120 дан ортиқ сайёр қабулда жами 10 мингдан зиёд фуқаро билан бевосита юзма-юз суҳбат қилинди. Мулоқот ўтказилаётган манзилларга қараб кўп нарсанинг моҳияти аниқлашади: Ургут тумани Қоратепа, Форишнинг Эгизбулоқ, Чироқчи тумани Кўкдала, Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоқлари, Янгибозор тумани «Бегават — Бўзқала» фермер хўжалиги даласи, Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғини, Мўйноқ тумани... Бундай манзиллар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Дала шийпонлари, мактаб ва коллежлар, қишлоқ ва овуллардаги учрашувлар, ўнлаб ногирон ва эҳтиёжманд оилалар хонадонига бўлган ташрифларни ҳам шулар қаторида санаш ўринлидир. Ҳозирги ёндашув ва мезон худди шунақа: одамлар раҳбар қабулига кириш, маҳалласида ҳал бўладиган муаммони 100-150 километр узоқликдаги вилоят марказига ёхуд 800-1000 километр наридаги пойтахтга бориб ҳал қилиш учун сарсон ва овора бўлиб юрмасин. Муаммо ечилиши учун вақтни совурмайлик, уни жойида бартараф этайлик. Халқни ўзимиздан, ҳаётдан рози қилайлик. Улар ўзларининг эътибор ва ҳимояда эканини ҳар дақиқада, ҳар қадамда ҳис қилиб яшасин. Халқ билан мулоқот кампанияга эмас, тизимга айлансин. Расмиятчиликлардан, баландпарвоз гаплардан, қуруқ рақам ва ҳисоботлардан қочайлик, умумий гаплардан аниқ, амалий ишларга ўтайлик, реал воқеликка, ҳаётга яқинлашайлик. Мансаб ва мартабани мана шу халқ берганини, унга садоқат билан хизмат қилиш инсоний бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик. Одамларнинг арзи шикоятига беписанд қараган раҳбарга орамизда ўрин йўқ, раҳбарлик фаолияти баҳоси одамларнинг оғирини енгил қилишга, халқни рози қилишга қараб белгиланади. Яқинда Шўрчи ва Шовот тумани ҳокими айнан фуқаролар ариза ва шикоятлари билан ишлашдаги нуқсонлари, халқ билан мулоқот ўрнатишдаги камчиликлари туфайли ишдан олингани ва шу каби бошқа мисоллардан кўпчилик хабардор бўлса керак.

Сайёр қабуллар ҳақидаги фикримизни давом эттириб, эътиборингизни қуйидаги мисолга жалб этишни ўринли деб биламиз.

Мамлакатимизнинг жанубий нуқтаси Термиз шаҳри эканлигини кўпчилик яхши билади. У пойтахтимиздан қарийб 800 километр узоқликда жойлашган. Энг чекка, тоғли туманлардан бири Бойсун вилоят марказидан 150 километр олисда, туманнинг сўлим қишлоғи бўлмиш Мачай эса янаям ичкарироқда, осмон билан бўйлашган тоғу даралар, қизилранг адирликлар оралаб яна 80 километрча юрасиз.

Айнан ана шу чекка ва бориш анча-мунча машаққат талаб қиладиган тоғ қишлоғига яқинда 20 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, вилоят ва туманнинг барча мутасаддилари Мачай ҚФЙга қарашли 7 та — Юқори, Ўрта, Пастки Мачай, Хўжадияк, Газа, Қизилнавр ва Кентдала қишлоғида истиқомат қилаётган аҳолининг аҳволидан хабар олиб, уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишишга, дарду ташвишларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга — халқ билан мулоқотга борди — Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб моҳияти, раҳбарларга қўйилаётган талаб ва масъулият бугунги кунда мана шундай.

Ўрта мачайда бўлиб ўтган ушбу сайёр қабул муҳити жуда самимий, расмиятчиликлару чекловлардан холи, тоғликларга хос дангалликда ўтди. Тоғ аҳолиси ўзини қийнаётган қатор муаммолар — иш ҳақи, ишсизлик, ундирилмаётган алимент пули, кредит ажратиш, тоғликларни ун, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни кўпайтириб, арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш, даволанишда, муддатли ҳарбий хизматга боришда кўмак бериш, тергов ва суд ишидан норозилик, қарзларни ундириш, доривор ўтлардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бир-биридан долзарб масалаларда мурожаат қилди. Аксар мурожаатлар шу ернинг ўзида ечимини топди, қолганлари бўйича тушунтиришлар берилди. Ушбу мулоқотда йиллаб ечилмай, ота ва фарзанд, ака ва ука ўртасида совуқлик солиб келаётган 1,8 гектар ер майдонидаги боғни тақсимлаб бериш бўйича муросага келинди, энг муҳими, бир-биридан аразда юрган жигарлар яраштириб қўйилди. Сайёр суд мажлисида 4 та мачайлик ёш йигитга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди ва улар озодликка чиқарилди. Қишлоқлардаги баллонли газга бўлган талаб инобатга олиниб, шу йилнинг 1 октябригача Мачай қишлоғида суюлтирилган газ баллонларини сақлаш сервис марказини ташкил қилишга келишилди ва «Ўзтрансгаз» компанияси томонидан дастлабки ҳаракатлар бошлаб юборилди. Чеварлик қўлидан келадиган ишсиз қизлар тикув машиналари билан таъминланадиган бўлди.

Яна битта мисол. Мобиль алоқанинг сифати ёмонлиги, алоқада узилиш ва техник нуқсонлар кўплигини ҳисобга олиб, яқинда Мачай қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда UzMobile Миллий операторининг 2 та, Perfectum Mobile операторининг 1 та таянч база станциялари ўрнатилди. Натижада ҳудуднинг 80 фоиз аҳолиси арзон ва сифатли мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Мачай қишлоғига қарашли 4 та мактаб «Ziyonet» таълим тармоғига уланди.

Айтиш мумкинки, бугун чекка-чекка ҳудудларимизда ўтказилаётган ана шундай сайёр учрашувлар кундалик тарзимизга айланиб улгурди. Раҳбарларнинг қабули кабинету мажлислар залидан одамлар орасига, уларнинг яшаш жойларига кўчди. Бугун раҳбар қабулига борилмайди, раҳбарнинг ўзи келади — халқ қабулхонасига, қишлоққа, овулга, хонадонга, қишлоқ врачлик пунктига, шифохонага, мурувват уйига, Меҳрибонлик уйларига. Кабинетда ўтириб чиқарилган қарорнинг сифати ва ҳаётийлиги билан халқнинг ичига кириб тайёрланган қарор ўртасида, табиийки, фарқ катта бўлади. Аҳоли билан мулоқот орқали ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида қайси жиҳатларга эътибор қаратиш кераклигини, қаерларда хато бўлаётганини, оқсашларнинг асл сабаб ва илдизлари нималарда эканини тез ҳамда чуқурроқ англайди, бу хулосалар кейинги иш ва режасини қатъийлаштириб олиши учун асосий мезон бўлади.

Дарҳақиқат, халқдан узоқлашган амалдор узоққа бормайди. Халқимиз тилида бундай раҳбарларга нисбатан «оёғи ердан узилган», деб таъриф берилади. Оёқнинг ердан узилиши ёмон — «ерликлар», яъни оддий одамларнинг аҳволидан бехабарлик, уларнинг муаммолари билан шуғулланмасдан, кабинетга қамалиб «кабинетраҳбар»га айланиш давлат ва жамият ҳаёти, унинг тараққиёти учун ҳамиша энг катта хавф-хатар туғдириб келган. Бунга узоқ-яқиндан кўп-кўп мисол келтириш мумкин.

Сайёр қабуллардан, халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага  аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлардан кўринаяптики, халқимиз олдида анча-мунча муаммолар йиғилиб қолган. Аҳоли энг кўп уй-жой масаласида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ва ташкилотлар, соғлиқни сақлаш соҳасига алоқадор масалаларда қийинчиликларга дуч келмоқда. Айниқса, ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган инсонларнинг ижтимоий ҳимояси долзарб бўлиб турибди.

Жойларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида кўриндики, бу борада хотин-қизларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади. Юқоридагиларни инобатга олиб, уй-жойга эга бўлмаган ногирон, эҳтиёжманд опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим амалиётга жорий қилинмоқда. Унга мувофиқ шундай тоифадагилар рўйхати шакл­лантирилди, уларга тикув машиналари текин тарқатилиб, хом­ашё билан таъминланмоқда. Маълум бўлишича, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти (АЖ) тизимида бир йилга 3 миллион 300 минг дона пахта этаги, 111 минг дона автошолча ҳамда 182 минг дона бўз қоп, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖда эса 73,7 минг дона қўлқоп, 9,5 минг дона нимчаларга эҳтиёж бўлиб, буюртмаларни жамиятларга етказиб бериш учун 1350 та касаначи фаолият юритмоқда. Янги тизим асосида ушбу буюртмалар энди ногирон аёлларга берилади. Буюртма бажарилишидан тушадиган маблағ уларни шахсий уй-жой билан таъминлашга йўналтирилади ва эҳтиёжманд қатлам ўз уйларига эга бўлиши учун мана шундай аниқ амалий тизим фаолият юргизади. Бугунги кунгача Самар­қанд вилояти Жомбой туманида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Сабоҳат Жабборова, оқдарёлик Ойширин Имомова, Сирдарё туманидан 2-гуруҳ ногирони Ирода Нишонова, чустлик 2-гуруҳ ногирони Каромат Парпибоева ва Мингбулоқ туманидан Обида Қўзибоева каби 30 нафар хотин-қизимиз уй-жой учун бошланғич бадал пулига эга бўлди.

Ғузор тумани «Дултали» маҳалласида яшовчи Ўткир Айтупов туғма кўзи ожиз, қарамоғида 4 киши бор. Опаси ва хотини ҳам туғма ногирон, меҳнатга яроқсиз. Фарзанди 13 ёшда, онасининг ёши бир кам 80. Кун кўриш ногиронлик ва кексалик нафақаси ҳисобидан. Яшаш шароити, уй-жойининг аҳволини кўриб, тўғриси, юраги эзилмаган инсонни топиб бўлмайди. Қашқадарё вилоя­т­ида бўлган сайёр қабул кунларида ушбу ночор хонадонга борилди. Мазкур ҳолатга вилоят, туман ҳокимлиги, маҳалла ва жамоатчилик эътибори қаратилди. Ҳозирда Ўткир Айтупов оиласига ҳомийлик ҳисобидан 3 хонали уй қуриб берилди, шарт-шароити, моддий таъминоти доимий назоратга олинди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Самарқанд вилоятидаги учрашувларнинг бирида кекса отахон Нуробод туманининг Жом қишлоғида трансфарматорлар эскириб кетгани оқибатида 28 минглик қишлоқ аҳолиси электр таъминотидан қийналаётгани, трансфарматорларни алмаштириш бўйича қилинган қатор мурожаатлардан наф бўлмаётгани хусусида куюниб гапирди. Мутасаддилар билан биргаликда қишлоққа борилиб, мавжуд вазият билан жойида танишиб чиқилди ва «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди. Натижада электр энергия­си таъминотини яхшилаш мақсадида 16,6 километрга сим тортиш ва қишлоқда нимстанция қуриш режалаштирилди. Ҳозирги кунда 43 та темир бетон таянч, 7 та металл таянч ўрнатилди, 8 километрлик масофага сим тортилди. Нимстанция қурилиши жадал давом этмоқда.

Барча ишлар якунига етгач Жом ҚФЙга қарашли 6 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 4475 та хонадоннинг ҳамда қишлоқдаги 20 та ижтимоий соҳа объектининг электр таъминоти бутунлай яхшиланади.

Умуман, электр, газ, автойўл масаласида ҳудудларимизда, айниқса қишлоқ жойларимизда яшаётган аҳолида ҳақли норозилик борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Энг зарур ҳаётий эҳтиёжлар ҳисобланган ушбу соҳалардаги муаммолар узоқ йиллар давомида йиғилиб қолганини, уларнинг ҳаммасини бир уринишда ечиш ҳам мушкул эканини, бу борада давлатимиз томонидан катта лойиҳа ва режалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этила бошланганини халқимиз кўриб, тушуниб турибди, албатта. Сайёр қабулларда аҳолига ана шулар хусусида ҳам батафсил маълумотлар бериб бориляпти.

Учрашувларда ишсизлик масаласи билан кўпроқ дуч келинмоқда. Ажримлар сони хавотирли равишда ортиб бораётир, алимент масаласида мурожаатлар камаймаяпти. Айрим туман ва шаҳарларда раҳбар шахслар фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни етарли даражада йўлга қўя олмаяпти, одамларни бугун кел, эрта кел, индин кел, деб овора қилиш, ваъда бериб, бажармаслик ҳолатлари мавжуд.

Шу ўринда битта мисолни келтириб ўтсак. Жиззах вилоятининг Фориш туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда Сайёд қишлоғида яшовчи Марат Махмуровнинг отасидан мерос қолган Қашқар рубобини туман ҳокимлиги вакиллари бундан 3 йил илгари кўргазмага олгани ва шундан кейин қайтариб бермагани ҳақидаги мурожаати туман ҳокими иштирокида муҳокама қилинган, ҳоким масалани тезда ечишга сўз бериб, шундай созга буюртма бериш тўғрисида мутасадди кишиларга топшириқ берган эди. Мана орадан 2 ой ўтган бўлса-да, арзимас мана шу муаммо ҳал қилингани йўқ...

Узоқ вақт, катта маблағ талаб этмаса-да, ечимини кутиб, ҳавода муаллақ осилиб турган бундай масалаларни яна келтириш мумкин. Жойлардаги катта-кичик раҳбарлар ўз ваъдасига, вазифасига ана шундай муносабатда бўлиб, аввало ўзига баҳо бераётганини тушуниб етмаётгани афсусланарли ҳол албатта.

Халқ билан очиқ мулоқотлар бизга ўз муаммоларимизни янада ёрқин кўрсатиб бермоқда.

Мулоқот инсонларни ўзаро яқинлаштиради, бир-бирини билиш, тушуниш учун ундан самаралироқ восита йўқ. Очиқ мулоқотлар давлат ва жамоат ташкилотларининг халқ билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, жамиятда очиқ ва ошкораликни, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини тўла равишда таъминлашга, охир-оқибат иттифоқликка, интифоқликка хизмат қилиши зарур.

 

Акбар ЖОНУЗОҚОВ


DB query error.
Please try later.