11.07.2017

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИНГ

ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга ҳам эҳтиёж туғилди.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий судининг мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)» ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар конституциявий судловни замон талабига мувофиқ такомиллаштиришга қаратилган.

Ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нималардан иборат? Бу ҳужжат инсон ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини таъминлашда қандай ўрин тутади?

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар номзоди, ЎзХДП фаоли Восид ЭРГАШЕВ ана шу саволларга жавоб берди.

— Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда конституциявий назорат босқичма-босқич ривожланди ҳамда тараққиётнинг миллий хусусиятлари ва конституциявий бир хиллик сақлаб қолинди. Суверен демократик давлат қурилишининг асосий мақсади шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳокимиятлар бўлиниши принципини ҳисобга олган ҳолда бошқарувни ташкил этишдир.

Маълумки, Конституциявий суд бошқа суд тизимидан алоҳида, маъмурий ва молиявий жиҳатдан мустақил, давлатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Бош қомусимизга мослигини текширадиган ягона органдир. Унинг қарори барча давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, якуний характерга эга. Судья қарор қабул қилаётганда ўз ҳуқуқий қарашини сиё­сий ва бошқа таъсирлардан холи ҳолда ифодалайди. Шу туфайли Конституциявий суд фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Мазкур суд органи Конституцияга риоя этилишининг кафили бўлиб, барча давлат органлари ҳужжатларининг Асосий қонунга мувофиқлиги масаласини ечишда ҳал қилувчи ўринга эга.

Юқорида қайд этилган ҳужжатлар қабул қилиниши билан Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтиришга, жамият ва давлат ҳаётида унинг ролини кучайтиришга йўналтирилган янги давр бошланди, деб айтиш мумкин. Жумладан, мазкур суд ваколатларига сезиларли ўзгартиришлар киритилди. Энди бу суд органи Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шарт­номаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларини Президент имзолагунга қадар Конституцияга мувофиқлигини текширади.

Муҳим қўшимчалардан бири — Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш бўлди. Ушбу суднинг мазкур ваколати шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги бўйича шикоятлар ва судлар сўровига кўра, Суд қонунчиликда белгиланган тартибда қонуннинг аниқ ишда қўллаш ёки тегишлилигини текширади. Судлар сўровига кўра, ишни кўриб чиқиш — Конституциявий суднинг доимий ва муҳим фаолият йўналиши бўлиб, Ўзбекистон Республикаси суд тизимига кирувчи бошқа судлар билан ҳамкорлигини таъминлайди.

Конституциявий суднинг судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Олий Мажлис палаталари ва Президентга мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш мажбурияти ҳам назарда тутилмоқда. Мазкур тартиб келгусида қонун устуворлигини таъминлаш, унинг принциплари ва нормаларини қўллаш амалиётини такомиллаштириш, шунингдек, Бош қомус нормаларига зид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олади.

Қабул қилинган ўзгартишларга мувофиқ, Конституциявий судни шакллантиришнинг демократик механизми ҳам жорий қилинаяпти. Яъни, мазкур суд Президентнинг тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган, сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилидан иборат таркибда сайланади. Бунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари аъзолар томонидан ўз таркибидан сайланиши белгилаб қўйилаётгани диққатга сазовордир. Бу янгиликлар суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга, унинг фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, судьялик лавозимига ёш чегараси (35 ёшдан 70 ёшгача) белгиланганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.

Конституциявий суднинг қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларининг конституциявийлигини текшириш фаолиятини ва конституциявий судловнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда конституциявий судлов «Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциявий суди тўғрисида»ги қонуни нормалари билан, шунингдек, ушбу суд Регламенти билан тартибга солинади. Конституциявий судлов масалаларига «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонуннинг бор-йўғи ўнта моддаси бағишланган. Шу муносабат билан мазкур суд органининг процессуал ҳаракатларини амалга ошириш жараёни ва аниқ тартибини белгиловчи Конституциявий судлов тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, конституциявий назорат такомиллаштирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишда муҳим ўрин тутади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди. 



DB query error.
Please try later.