11.07.2017

ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!

Инсонни инсон қаторига қўшадиган, халқни халқ, юртни юрт қиладиган, миллатни бошқа миллатлар қаторига тенг қўядиган буюк ва қудратли куч, улуғ ва азиз неъмат — бу давлат мустақиллигидир.

Узоқ йиллар қарамлик азоб-уқубатларини, жабр-ситамларини тортган, хўрланган, ҳуқуқлари оёқ-ости қилинган халқимиз учун эса мустақиллик улуғдан улуғ, буюкдан буюк, бебаҳо тарихий ютуқ, энг олий бахт, энг олий саодат десак, айни ҳақиқатни айт­ган бўламиз.

Шу боис ҳам ҳар йили 1-сентябрь — Мустақиллик куни яқинлашгани сайин ҳаяжонимиз ошади, тасвирлаб, ифодалаб бериш қийин бўлган туйғулар вужудимизни эгаллайди, қонимизга қўшилиб оқади. Мамлакатимиз Президентининг мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорининг эълон қилиниши эса қалбимизга гўзал бир байрам кайфиятини олиб кирди. Қарорда билдирилган ёрқин фикрлар, илгари сурилган ҳаётбахш ғоялар, эзгу ниятларга йўғрилган вазифалар кишига ғурур, фахр-ифтихор бағишлайди, юксак масъулият юклайди.

Бу қарор ўзининг нуфузи, залвори, юракка яқинлиги билан бошқа қарорлардан фарқ қилади. Унинг ҳар банди, сатри замирида катта маъно-мазмун, тарихий ҳақиқатлар мужассамлигини яхши англаймиз. Қарорнинг биринчи бандида 1-сентябрь — Мустақиллик куни экани эътироф этиларкан, «...Халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий саъна», деб таъкидланади. Нима учун «асрий орзу интилишлар» дейилмоқда? Бу сўзлар маъно-мазмунини қанчалик тушуняпмиз? Айниқса, бугунги ёшлар биладими, бу «асрий орзу интилишлар» нималардан иборатлигини? Бу уч сўз ортида бир асрдан зиёд қарамлик даврининг азоб-уқубатлари, мусибатлари, кулфатлари, қатағонлари ётганини улар англашяптими?

Қисқа қилиб айтганда, бу сўзлар ортида аччиқ тарихимиз ётибди. Жафокаш халқимизнинг, ор-номусли, ватанпарвар аждодларимизнинг эрк, озодлик, мустақиллик, дея тўккан қони ётибди, орзу армонлари ётибди, қамоқхоналарда, сургунларда ҳаётдан кўз юмган ота-боболаримизнинг жони ётибди, отилган, дорга осилган минг-минглаб инсонларнинг қисмати, оилаларнинг, етим қолган болаларнинг фожиали тақдири ётибди.

Қарамликнинг даҳшатларини, совет давлатининг золим сиёсатини аниқроқ тасаввур қилиш имконини берадиган айрим мисолларга эътибор қаратайлик. «1937-1939 йилларнинг ўзидагина... 41 минг нафардан кўпроқ киши қамалди. Шулардан 37 минг нафардан кўпроғи судланди, 6 минг 920 киши отиб ташланди...» («Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар» китобидан). Уларнинг аксарияти туман ва вилоятлар раҳбарлари, маданият ва таълим ходимлари, олимлар, шоир, ёзувчилар, журналистлар, ўқитувчилар эди, миллатнинг зиёлилари, ватанпарварлари эди... Улар «миллатчи», «жадидчи», «Ватан хоини», «чет эл империализмининг айғоқчиси», «пантуркист» каби турли бўҳтонлар билан йўқ қилинганди. Аслида улар озодлик, эрк ҳақида гапиргани, ўз халқига ачингани, ҳақ-ҳуқуқини сўрагани учун хавфли душман сифатида қатағон қилинганди.

Юртимиз қарамликда қолган 130 йил давомида қирғину қатағонлар узлуксиз давом этган. 1983-1989 йилларда «Пахта иши», «Ўзбек иши» там­ғаси остида совет давлати Ўзбекистонда сўнгги қатағонни ўтказди. Мустабид замонда халқимиз тортган жабр-зулмнинг, бошимизга тушган кулфатларнинг, йўқотишларнинг чеки-чегараси бўлмаган. Халқимиз озодлик, ҳурлик учун узоқ курашган. Шунинг учун ҳам мустақиллик халқимизнинг асрий орзу интилишлари бўлган.

Қарорда мустақиллигимиз «Буюк ва бебаҳо неъмат» деб қадрланяпти, улуғланяпти. Буюклиги, бебаҳолиги нимаданлиги эътироф этиляпти. «Мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда», дейилади қарорда. Шунингдек, Ўзбекис­тоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолмоқда, деб алоҳида таъкидланади.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекис­тон қандай ютуқларга эришаётган бўлса, барчасининг замирида мустақиллик берган ҳуқуқ, имконият, ваколат турибди. Мустақиллик туфайли, қарорда айтилганидек, жаҳон харитасида Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида дунё давлатлари байроқлари қаторида Ўзбекистонимиз байроғи ҳам ҳилпирай бошлади. Биз ўз номимиздан ўзимиз гапириш, ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш, ўз юртимизга ўзимиз эгалик қилишдек олий ҳуқуққа, бахтга муяссар бўлдик.

Энди, гап шу ерга етганда, ўзимизга ўзимиз оддий, аммо ҳаётий бир-икки саволни бериб кўрайлик: Мустақиллик бўл­маса, Ўзбекистонни дунёда биров танирмиди? Миллат манфаати ҳақида сўз юритиш мумкинмиди? Ким рухсат берарди ўзбек болалари Ватан номидан Олимпия ўйинлари ёки жаҳон чемпионатларига боришига? Бизга насиб этармиди спортчиларимизнинг дунё майдонларидаги ёрқин ғалабаларини кўриш? Ўн-ўн икки яшар фарзандларимиз инсон ақл-заковатини белгиловчи шоҳмот бўйича жаҳон чемпиони бўлиши, «олий зотлар» санъати ҳисобланган пианино бўйича халқаро танловларда ўзбек боласи гран-при совринларини олишини ким ўйлабди? Ёки мактаб ўқувчилари, талабалар ўртасида ўтган математика, физика, химия каби фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда фарзандларимиз ғолиб бўлиш­ларига ким ишонарди? Агар мустақиллик бўлмаганида бу ёшлар ҳам минг-минглаб аждодлари каби ўз истеъдодларини намоён қилолмай армонда қолишмасмиди?

Шу ўринда яна бир савол хаёлга келади. Мустақил бўл­маганимизда ёшларимизга ҳозирги шароитларни яратиб бераолармидик, ҳозиргидек ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш имконияти бўлармиди?

Халқимизнинг ўзига хос фазилатларидан бири шуки, борини, топганини, жону жаҳонини фарзандларига бағишлайди. Бу миллий қадрият давлатимизнинг ёшлар сиёсатида ҳам ўз ифодасини топган. Ота-онанинг фарзанд билан боғлиқ орзу ниятлари давлатимиз сиёсати билан чамбарчас боғланиб кетган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойида сўзлаган нутқида билдирган фикрлар, таклифлар бу сиёсатнинг янги, ёрқин ифодаси бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу нутқ ёшлар тарбия­сининг барча жиҳатлари қамраб олинган, чуқур ўйланган, ҳаёт ҳақиқатлари ҳисобга олинган юксак сиёсат намунаси бўлди.

Айтишимиз керак бўлган гапларнинг чеки йўқ, адоғи йўқ. Аммо яна бир мисолни айтмасак бўлмайди. Яқинда Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг соф­лигини асраш — давр талаби» мавзусида ўтган анжуманда Президентимиз муқаддас динимиз, миллий қадрият­ларимиз, азиз авлиёларимиз хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича амалга оширилган ва оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталди. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлашга устувор аҳамият бериб келинаётганини таъкидлади. Ҳар биримиз ўйлаб, хулоса чиқариб олишимиз керак бўлган иккита муҳим маълумот келтирилди: «Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда.

Ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина Ҳаж қилиш им­коният­ига эга бўлган эди, холос. Мустақиллик йилларида эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз Ҳаж зиёратига бориб келади. Жорий йилда 7200 нафар фуқароларимиз муборак Ҳаж сафарини амалга ошириш имконига эга бўладилар».

Яна ва яна ўйлаб кўрайлик, яқин ўтмишда динга муносабат қандай эди? Қанчалаб диний китоблар ўтда ёқилди, диний уламолар, диндорлар қамоққа ташланди ёки сургин қилинди, бўҳтондан иборат айбловлар билан отувга ҳукм этилди. ўояси иймон, диёнат, маърифат, маънавиятдан иборат бўлган динимизга нисбатан совет ҳукумати жаҳолатли сиёсат юритди. Мустақил бўлмаганимизда миллий қадриятларимизни тиклаш, жумладан, муқаддас динимизни халқимизга қайтариш қаерда эди...

Тўғриси, кечаги ва бугунги кунни қиёслаб фикр юритсак, Мустақиллик қандай улуғ неъматлигини, унинг олдида тиз чўкишимиз кераклигини юрак-юракдан ҳис этамиз.

Мустақиллик бизга нима берганини катта-катта иқтисодий рақамлардан, маълумотлардан, оддий одамлар тушунавермайдиган молиявий ҳисоботлардан ахтармай, оддий кундалик ҳаётимизга қараб мулоҳаза юритайлик, ўйлаб кўрайлик, кечаги уй-жойларимиз қай аҳволда эди, бугунчи? Кечаги тўйларимиз қандай ўтарди, бугунчи? Кеча болаларимиз қандай мактабларда ўқирди, бугунчи? Улар таълим олиш учун дунёнинг қайси мамлакатларига ўқишга бораоларди, бугунчи?..

Ўзбекистонда — олдин Андижонда, кейин Самарқандда, мана, бугун Жиззахда автомобиль ишлаб чиқарадиган заводлар қуришга ким рухсат берарди? Испаниядан тез­юрар поезд олиб келиб, «Афросиёб» номи билан қатновга қўйишимиз нари турсин, буни таклиф сифатида айтишга журъат этаолармидик?..

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларидан тоғлар оша темир йўли қурилиши хаёлимизга келганмиди? Ангрендан Фарғона водийсига тоғларни, қояларни тешиб, темир йўл ўтказилади, десак ким ишонарди? Агар ўша замонда совет давлати раҳбарларига шу бунёдкорликлар лойиҳаларини кўрсатиб, қурилишга рухсат сўраганимизда, тасаввур қи­лайлик нима бўларди? Ё улар ақлдан озарди, ё бизни ақлдан озганга чиқарарди...

Мустақиллик йилларида пойтахтимиз Тошкент чинакамига дунёнинг гўзал шаҳарларидан бирига айланди. Пойтахтимизнинг бугунги ҳусни-жамоли, таровати билан кечаги кўриниши ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.

Бугун Нукус шаҳридан тортиб, барча вилоятларимиз марказлари ҳам тамоман янги, гўзал қиёфага эга бўлди. Қишлоқларимизда бунёд этилаётган замонавий уйлар юртимизга келаётган меҳмонларда ҳам ҳавас уйғотмоқда. Булар қаторига санъат, спорт, таълим кошоналарини қўшиб ўйлаб кўрайлик, бу буюк бун­ёдкорликларга ким рухсат берарди, ким маблағ берарди?...

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» асарида айтилганидек, Қорақалпоғистон ёки Хоразмда битта болалар боғчаси қуриш учун ҳам марказдан рухсат олиш керак бўлган, катта-катта идоралар эшигида сарға­йиб, кимларнингдир қош-қовоғига қараб яшашга маҳкум этилган эдик.

Бу воқеалар халқимиз хотирасидан ҳеч қачон ўчмайди, унутилмайди. Совет тузумининг тартиби, қонун-қоидалари, қарамликнинг қисмати шундай эди.

Мустақиллигимизнинг қисқа йигирма олти йилида эришилган тарихий ютуқларни, буюк бунёдкорликларни айтиб, ёзиб адо қилиб бўл­майди. Бу ўзгаришларни, муваффақиятларимизни дунё ҳам тан олиб турибди. Ўзбекистоннинг 2014 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда йиллик ўсиш даражаси энг юқори давлатлар орасида 5-ўринда қайд этилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Ўзбекис­тон «Бутунжаҳон бахт индекси»нинг янги рейтингида 158 мамлакат орасида 44-поғонада, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар орасида эса биринчи ўринда қайд этилди. Яқинда эса дунёнинг қатор нуфузли халқаро ташкилотлари, тадқиқот институтлари томонидан эълон қилинган Бахтиёрлик ва хушкайфиятлилик индексига кўра, 142 мамлакат орасида Ўзбекистон 3-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1-ўринда туриши эътироф этилди!

Ўйлайлик, бундан атиги йигирма олти йил илгари қарамликда яшаган, туну кун қора меҳнат қилиб, косаси оқармаган, ҳақ-ҳуқуқлари оёқ ости қилиниб, қатағон азобларига солинган халқимиз бугун дунё­нинг энг бахтиёр ва хушкайфият уч халқидан бири, деб тан олинмоқда!

Бу баҳо қайси мезонларга кўра, берилмоқда? Мамлакатимиз иқтисодиёти тез ривожланиб, халқимиз турмуши обод бў­либ бораётгани, фуқароларимиз ҳуқуқлари тобора муста­ҳкам ҳимоя қилинаётгани, тинчлик-осойишталик барқарорлиги туфайли ана шундай юксак эътирофларга сазовор бўлаяпмиз.

Бугун эса баланд руҳ, катта ғайрат-шижоат билан янада юксак марраларни кўзлаяпмиз. Мақсадимиз — мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, Ўзбекистонимизни дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига тезроқ олиб чиқиш...

Бундай кенг кўламли, улуғвор ишларни ким билан, қандай амалга оширамиз?

Қарорда алоҳида қайд этилди: Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. Халқимизнинг мардлиги, олижаноблиги, донолиги тарих синовларидан ўтган, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаги ўта кескин, мураккаб шароитларда яна бир бор намоён бўлган. Оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар, ёвуз кучларнинг ҳуружлари, фитналаридан шошиб, йўлимизни йўқотмадик, чекинмадик, бўйин эгмадик. Дадил ва қатъий туриб, бир тан, бир жон бўлиб, мустақилликни асрадик, мустаҳкамладик.

Ўша таҳликали кунларда, ўйланмай айтилган бир оғиз сўз, нотўғри ташланган биргина қадам билан олов чиқиб кетиши мумкин бўлган пайтларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг донишмандлиги, халқимизнинг юксак маданияти, маънавияти, бирлиги юртни фалокатлардан, фожиалардан асраб қолди. Ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат, бағрикенглик бало-қазоларни биздан узоқлаштирди.

Қарорда муҳим масалалардан бири сифатида Маънавият — энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз дея таъкидланаётгани ҳам чуқур маънога эга. Мустақиллик йилларида мустаҳкам ишонч ҳосил қилдик, юксак маънавият — енгилмас куч эканига. Жамиятимизнинг мустаҳкамлиги ҳам аслида халқимиз маънавияти билан боғлиқ. Жаҳолатга қарши курашда ҳам маънавият, маърифат қуролимиз, қалқонимиз бўлмоқда.

Мустақиллик ҳақида фикр юритганда, юрт қадрини ўйлаганда, аждодларимиздан бизга қолган энг катта мерос — шу азиз Ватан эканлигини англаганда, бу муқаддас заминда боболаримиз, момоларимиз, улуғ аждодларимиз ётганини, бу юртдан ўзга борар маконимиз йўқлиги ва бўлмаслигини ҳам ҳис этганда, идрок этганда, юракларимизни титратиб, қалбларимиздан отилиб, бир нидо келади: Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.