08.07.2017

ЁШЛАР ТАҚДИРИГА ҲАММАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Президентимизнинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида қилган нутқини тўғриси, телевизорда катта ҳаяжон ва диққат билан тингладим. «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонини газетадан қайта-қайта ўқиб чиқдим. Кўнглимдаги кўп саволларга жавоб топдим. Яшириб нима қиламиз, ҳақиқатан ҳам бу соҳада йиғилиб қолган муаммолар оз эмас. Баъзан очиқ айтишга журъат қилолмасдик, баъзан бу камчиликларни ўзимиз яширардик. Ваҳоланки, ёшлар тарбияси, тақдири билан боғлиқ масалада ёлғон гапириш оғир оқибатларга олиб келишини биламиз.

Президентимизнинг бугун ёшларга кўрсатаётган эътибори, ғамхўрлиги, йиғилишда билдирган фикрларидан ўзимизга тўғри хулоса чиқариб олмоғимиз керак. Мен бир нарсани англадим: ёшларимизга муносабатимизни мутлақо ўзгартиришимиз, таълим-тарбия ишларини бугунги кун талаби даражасида йўлга қўйишимиз керак.

Болани меҳнатга ўргатиш, унда билим олишга ҳавас уйғотиш, доимо назоратда тутиш, аввало, ота-она ва педагогнинг вазифаси ҳисобланади. Боланинг тарбияси ҳам асосан оила ва мактаб таъсирида шаклланади.

Афсуски, айрим ота-оналар ўз фарзанди тарбиясига мактаб масъул, деб ўйлайди. Айрим ўқитувчилар эса менинг вазифам дарс бериш, тарбияга ота-она жавобгар, деб ҳисоблайди. Бироқ шу ўринда учинчи томоннинг иштироки керак бўлади. Яъни, бола мактабдан уйига қайтади, ота-она эса ишда. Ота-она фарзанди дарсдан ке­йин нима билан шуғулланаётгани, қаерга боргани, кимлар билан мулоқотда бўлганини ҳар доим ҳам билавермайди. Энди бу масалада маҳалланинг иштироки керак бўлади. Тарғибот-ташвиқот ишлари керак, лекин болаларнинг бўш вақтини банд этиш механизмини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллаларда спорт ва санъат, касб-ҳунар тўгаракларини кўпайтириш муаммога ечим топади.

Шу ўринда бизнинг Гулистон давлат университети қошидаги академик лицей фаолиятидан мисол келтирсам фикрим асосли бўлади. Ўқув масканимизда юз нафарга яқин педагог-мураббий 1330 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Ўқувчиларнинг чуқур билимга эга бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мавжуд АРМда ўқувчилар электрон дарслик ва турли дарс ишланмаларидан фойдаланишади, компьютерлар «Ziyonet» интернет тармоғига уланган. Ўқув ва ўқув-лаборатория хоналарининг барчаси талаб даражасида жиҳозланган.

Ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, 35 та турли фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, замонавий типдаги ёпиқ спорт зали ва ёзги футбол, волейбол, теннис майдончалари ҳам улар хизматида. Бир сўз билан айтганда, лицейимиз ўқувчилари дарсдан сўнг бекорчи бўлиб қолишига йўл бермаяпмиз.

Ўқувчиларимиз орасидан фан олимпиадалари совриндорлари, спорт бўйича жаҳон, Осиё чемпионлари борлигидан фахрланамиз.

Бугун ёшларимизни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, жисмонан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ишларига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талабчанлик билан ёндашишимиз керак. Ана шунда биз эзгу мақсадларимизга етишишда таянчимиз ва суянчимиз бўла оладиган авлодни тарбиялаймиз.

 

Одилжон ИНОЯТОВ,

Гулистон давлат университети қошидаги академик лицей директори.



DB query error.
Please try later.