04.07.2017

ЁШЛАР ҲАҚИҚИЙ ТАЯНЧ ВА СУЯНЧНИ ҲИС ҚИЛМОҚДА

Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам, ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

2017 йил 30 июнь... Бу кун мамлакатимиз ёшлари учун том маънода тарихий кун бўлди. Бу кун уларнинг хотирасида бир умр сақланиб қоладиган бўлди. Бу кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди, давлатимиз раҳбарининг нутқида йигит-қизларни ўйлантириб келаётган кўпдан-кўп муаммоларга эътибор қаратилди, айни пайтда уларнинг ечимлари кўрсатиб ўтилди. Қаерда, қайси даврада ўтирманг, ҳамманинг тилида бир гап: «Ёшлар учун катта имконият­лар эшиги очилди, қўрқмасдан дадил қадам ташлаш вақти келди»...

Дарҳақиқат, Президентимизнинг Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги «Жисмоний ва маънавий етук ёшлар — эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир» деб номланган нутқи юртимиздаги барча ёшларнинг руҳини кўтарди, ўз кучи ва келажагига ишончини янада мустаҳкамлади. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашишга қаратилган қатор чора-тадбирлар тарихий аҳамият касб этади.

Партиямизнинг ёш аъзолари, депутатлар Президентимизнинг нутқида кўтарилган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақида ҳаяжон билан, фахр-ифтихор билан гапиришмоқда. Шу билан бирга, ўз зиммаларидаги вазифаларга мутлақо янгича дунёқараш билан ёндашишни ўрганмоқда.

 

Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган ёшлар сафи ошиб бормоқда.

Кипрнинг Протарас шаҳрида математика фани бўйича «SEEMOUS» ўнинчи халқаро олимпиадаси ғолиблари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Иброҳимов.


Шуҳрат Турсунбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотини бевосита залда ўтириб кузатар эканман, хаёлимдан кўпдан-кўп фикрлар ўтди. Айниқса, ёшларни ўйлантираётган муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилиб, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар берилганида, залда ўтирган ука-сингилларимиз қанчалик қувонгани, қалби тўлқинланиб, ғурури ошганига гувоҳ бўлдим.

Маълумки, мамлакатимизда ҳар доим ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Лекин шу пайтгача ёшлар ташкилоти катта ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлмаган, содда тилда изоҳлаганда, унинг қўли калта, мавқеи ёшлар муаммосини ҳал қилиб берадиган даражада юқори эмас эди.

Янги тузилган ташкилот — Ўзбекистон ёшлар иттифоқига юксак ҳуқуқий мақом берилди. Унинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб боради. Шу билан бирга, Президент фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланади.

Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг жойлардаги кенгашлари раислари ва фаоллари сайловларда иштирок этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланиши мумкин.

Кўриниб турибдики, ёшлар ­иттифоқи катта мавқега эга ташкилот сифатида иш бошлайди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қодир кучга эга бўлади. Бу навқирон авлоднинг ҳаётга янгича муносабатда бўлишига катта туртки бўлади, деб ўйлайман.

Президентимиз нутқида ёшларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. «Юртимизда ишсизларнинг аксарият қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда. Масалан, 2016 йили 477 минг 743 нафар йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари ёки 91,8 фоизи иш билан таъминлангани тўғрисида маълумот берилди. Савол туғилади: бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?» деди давлатимиз раҳбари.

Энди бир ўйлаб кўрайлик, ишга жойлашмаган коллеж битирувчисини ишга жойлашди, деб ёлғон ҳисобот бериб биз нимага эришмоқчимиз? Бунда биз, депутатларнинг ҳам айбимиз бор, деб ўйлайман. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳар йили парламент эшитуви ўтказилади. Очиғини тан олиш керак, кўп ҳолларда ҳақиқий аҳволни била туриб, биз ҳам юзаки, расмиятчилик учун тайёрланган умумий маълумотларга асосланиб иш кўришга ўрганиб қолган эканмиз. Мана бугун ҳар ойда сайловчилар билан учрашувларда бу масалада кўплаб мурожаатлар бўляпти. Уларни ўрганиш жараёнида қатор муаммолар йиғилиб қолганига амин бўлдик.

Ёшларни иш­га жой­лаштириш масаласига тўх­талар экан, ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредитлар бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилади, деди давлатимиз раҳбари. Бу фикрлар кўпчиликни мамнун этди.

Ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқиши бор, қўлида ҳунари бор йигит-қизлар учун катта имкониятлар яратилади. Эндиликда иш бошлаш учун қўлида маблағи етарли бўлмаган ҳунарманд-ёшларимиз кредит олиб, хомашё сотиб олиши, ўз ишини йўлга қўйиб, ривожлантириши мумкин. Демак, ёшлар учун янада кенг шарт-шароитлар яратилади. Эндиги вазифа эса ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, баркамол авлодни тарбиялашдан иборат.

Сайловчилар билан учрашувларда ёшлар билан кўп мулоқотда бўламиз, таълим муассасаларига бориб, улар билан яқиндан суҳбатлашяпмиз. Бу улар билан ҳамфикр бўлиш, мақсадлари ва ниятлари билан ўртоқлашиш учун қўл келмоқда. Яқинда ёшлар билан учрашувда фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни ҳақида гаплашиб қолдик. Очиғи, кўп болалар ота-онаси куни билан ишдалиги, дарсдан кейин асосий вақтини бекорчиликда ўтказиши ҳақида гапиришди. Ёки коллеж ўқувчиси ҳафталаб, ойлаб дарс­га бормайди. Шундай ота-оналар борки, бу тўғрисида суриштирмайди ҳам, бунинг сабабига қизиқмайди ҳам.

Давлатимиз раҳбари «Ўз боланг­ни ўзинг асра!» деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳақиқатга айланиши зарур. Бунинг учун бу масалани, яъни ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ўйлайман», дея таъкидлаб ўтди.

Демак, ота-она масъулиятини кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласини чуқур ўйлаб кўришимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир оилага кириб бориш, ёшлар билан суҳбатлашиш, уларнинг қизиқишларини, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиб бориш керак. Шунда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар шаклланади.

 

Пианино қироли — Беҳзод Абдураимов.


Умурбек Бектемиров, ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Шуни мамнуният билан айтишим керакки, мамлакатимизда воя­га етаётган ҳар бир йигит-қизнинг ҳаётида янги саҳифалар очилмоқда. 30 июнь кунини «Ёшлар куни» деб эълон қилиниши, келажак эгаларининг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот — Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши қалби эзгу орзу-умидлар билан ёнаётган тенгдошларимиз кўнглини тоғдек кўтарди, уларга катта қувонч, ишонч бағишлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати қандай амалга ошириляпти, бу соҳада қандай ­муаммолар бор, уларни қандай ҳал қилишимиз керак, бу борада ёшлар ташкилотининг ўрни қандай бўлиши лозим, деган масалаларни чуқур таҳлил қилиб берди. Бу йигит-қизларимизга яна бир бор катта умид ва ишонч берди, уларни янги марраларни забт этишга ундади, десак муболаға бўлмайди.

Бугун ёшлар сиёсати давлат ва жамият олдидаги муҳим масала сифатида қўйилаётгани бежиз эмас. Дунёда терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларнинг тобора кучайиб бориши, жаҳоннинг турли нуқталарида содир бўлаётган хунрезликлар ёшларнинг тақдирини хавф остида қолдирмоқда.

2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак, деди Президентимиз.

Юртбошимиз бу борада ҳамма айбни фақат «Камолот»га юклаб қўйиш адолатдан эмаслигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, ёшларда дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга фаол муносабат билдириш кўникмасини ривожлантириш, улар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик, сиёсий фаоллик туйғуларини уйғотиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, сиёсий партиялар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Бугун ёшлар мамлакатни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Партиямиз сафида уларнинг сони 150 минг нафардан ошди.

Давлатимиз раҳбарининг тан­қидий фикрлари асосида биз ҳам фаолиятимизни таҳлилий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқяпмиз. Тўғриси, шу пайтгача муайян ютуққа эришган, жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган ёшларни сафимизга қўшишга ҳаракат қилардик. Ишсиз, ўқимайдиган ёшлар эса аксарият ҳолларда бир четда қолиб кетарди. Бугунги давр эса бу қарашни мутлақо ёқламайди. Биз мамлакатимиздаги ҳар бир ёшнинг ҳаётига кириб боришимиз, уларнинг қизиқишлари, ўй-хаёлларига сирдош бўлишимиз, қалбига қўл солишимиз керак, деб ўйлайман. Хўш, уюшмаган ёшлар бугун нима билан машғул? Улар ҳеч қаерда ўқимаса, ишламаса, унда нималар билан банд? Биз аввало ана шу саволларга жавоб беришимиз лозим.

 Партиямиз тизимида «Интернет ва ёшлар», «Муаммоларни ҳал этишда менинг иштироким», «Ёшларни ёт ғоялар, турли қарашлар таъсиридан асраш — мақсадимиз» лойиҳаларини янада такомиллаштириш, олис ҳудудларгача етиб бориш масалаларини назарда тутиш долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Эндиликда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ҳаётга қарашини ўзгартиришга қаратилган амалий тадбирларни кўпайтириш устида бош қотиришимиз, рас­миятчилик учун ўтказиладиган тадбирлардан бутунлай воз кечишимиз талаб этилади.

Дунёни лол қолдираётган ёш шоҳмотчиларимиз Жавоҳир ва Исломбек Синдоровлар.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.