01.07.2017

ОИЛАВИЙ КОРХОНА: ҚОНУН ИЖРОСИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДА ЭМАС

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ривожланган давлатлар тажрибасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг энг самарали воситаси, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириб боришнинг муҳим омили сифатида эътироф этилади. Шу боис ҳам мамлакатимизда кичик бизнес, айниқса, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу тармоқ янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантириш ва фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун бу борада муҳим дастур­иламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қонундаги имтиёз ва қулайликлардан халқимиз бугун тўлиқ хабардорми? Қонуннинг жойлардаги ижроси қандай бўляпти? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш баробарида қонун ижросини ҳам таҳлил қилмоқдалар. Аҳолини оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ташкил этган йиғилишда ҳам ушбу қонуннинг ижроси билан боғлиқ масала кўриб чиқилди. Йиғилишда мутасадди ­вазирлик, қўмита ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг истиқболли ролини янада кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттириш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Кейинги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, шу орқали янги иш жойлари яратишга катта эътибор қаратиляпти. Масалан, 2012 йилда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун 91,3 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 367,2 миллиард сўмни ташкил этди.

Бугунги кунда мамлакатимизда оилавий корхоналар сони 8 мингдан ошди. Шунингдек, ҳудудлар кесимида юридик мақомга эга оилавий тадбиркорлик субъектлари сонида кескин фарқлар мавжуд. Тошкент шаҳрида 1127, Фарғона вилоя­тида 1102 ва Тошкент вилоятида 909 оилавий корхона мавжуд. Сирдарё (9 та) ва Наманган (37 та) вилоятларида эса оилавий корхоналар сонини кўпайтириш ва ривожлантириш зарурати катта. Ушбу ҳудудларда солиқ инспекторлари томонидан ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги боис, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ҳалигача учрамоқда. Бунга асосан «Ягона дарча» маркази ходимларининг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормагани, одамларнинг қонун мазмун-моҳиятини яхши билмаслиги, оилавий тадбиркорлик субъектларининг бошқа тадбиркорлик субъектларидан фарқи, берилган имтиёзлар ҳамда қулайликлар ҳақида кенгроқ тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлмоқда. Шунингдек, марказларда брошюра, плакат, видеоролик ёки бошқа тарғибот маълумотлари мавжуд эмас. Бу ҳолатни Фарғона, Сайхунобод, Пешку, Қўнғирот, Қизилтепа, Беруний, Қамаши, Бекобод, Гурлан туманларидаги «Ягона дарча» марказларида яққол кўриш мумкин.

Таҳлиллар бугунги кунда оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш ишларини жадаллаштириш, ер ажратиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлаш масалалари долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.

Демак, барча мутасадди ташкилотлар, қолаверса, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатларимиз оилавий корхона афзалликлари ҳақида тарғибот ишларини кучайтириши, электорат вакилларининг фаол­лигини ошириш учун уйма-уй юриб, мулоқот ўтказиши керак бўлади. Чунки оилавий корхонага берилган имтиёзлардан фойдаланиб, одамлар ишли бўлиши партиямиз ғояларига ҳар жиҳатдан мос келади.



DB query error.
Please try later.